Судялар олий кенгаши судяларга адвокатлик қилишни қачон тўхтатади?

Судялар олий кенгаши ташкил этилганига 4 йилдан ошди. Айтиш жоизки, шу вақт мобайнида Кенгаш ўз фаолиятида сезиларли ўзгаришларга эришди. Хусусан, судяларнинг лавозимга тайинланиши ёпиқ эшиклар ортидан интернетга кўчгани, ОАВ учун тез-тез матбуот анжуманлари ташкил этаётгани эътирофга лойиқ.
Бироқ, айрим масалалар бўйича тутаётган йўли Кенгашнинг холислигига шубҳа туғдирмоқда. Хусусан, Кенгаш айрим ҳолларда судялар хатти-ҳаракатларига тегишли баҳони берувчи эмас, балки адвокат позициясини маъқул кўрмоқда.
Қуйидаги бир қатор ҳолатлар мисолида фикримизни асослашга ҳаракат қилиб кўрамиз.
Судялар жиноятини бошқа манбалардан билиб оламиз
Жамоатчилик судяларнинг жиноят содир этганлиги ҳақидаги хабарни суд органларидан эмас, балки бошқа манбалардан билиб олади. Биргина мисол – Тошкент шаҳар маъмурий суди судялари ва ёрдамчиларининг давлат маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ жинояти 2020 йил ёзида содир этилган бўлса-да, 2020 йил декабрида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилмагунича жамоатчилик бундан бехабар бўлиб келган.
Кенгаш бундай ҳолатларда “тергов сири ва айбсизлик презумпцияси”ни рўкач қилиш орқали тизим обрўсини сунъий равишда сақлашга ҳаракат қилади. Бироқ, бу жамоатчилик ва фуқароларнинг тизимга нисбатан ишончи йўқолишига сабаб бўлади.
Жиноий у ёқда турсин, интизомий жавобгарликка тортилганлар ҳам сир сақланади
Кенгаш доимий равишда интизомий жавобгарликка тортилганлар сонини (!) маълум қилиб боради. Аммо, интизомий жавобгарликка тортилганларнинг шахси ва уларнинг қайси ҳаракати учун жавобгарликка тортилгани ошкор қилинмайди. Буни Кенгаш судяларга босим ва бошқача салбий муносабат қилинишининг олдини олиш мақсади билан изоҳлаб келади.
Ваҳоланки, судга иши тушган фуқаро тақдирини ким ҳал қилаётганини билишга ҳақли эмасми?
Судялар рейтинги тўлиғича эълон қилинади, деб хомтама бўлманг!
Президентнинг 2020 йил 7 декабрдаги ПФ-6127-сонли фармонида судя фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш белгиланганди.
Ана энди ҳамма судянинг рейтинги интернетда очиқ эълон қилинади, шу пайтгача қарорлари юқори инстанцияларда синишидан қўрқмай, хоҳлаган ишини қилиб келган судялар шарманда бўлмаслик учун ўзини йиғиштириб олади, деган фикрга борган бўлсангиз, чучварани хом санабсиз, Кенгаш бундай судяларини хафа қилдириб қўймайди.
Яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида фақат энг кучли судяларнинг рейтинги эълон қилиниши маълум қилинди.
“Бунда рўйхат асосида ҳамма судянинг рейтинги эълон қилинмайди. Биз энг юқори рейтингга эга бўлган, рағбатлантириш учун тавсия этиладиган номзодлар рўйхатини эълон қиламиз” – деди Кенгаш вакили.
Ҳамма судянинг рейтинги эълон қилинмаслигининг сабаби – рейтинги паст бўлиб қолган судяга тарафлар босим қилмаслиги, судяга ишончсизлик келиб чиқишининг олдини олиш экан.
Қизиқ-а? Президент фармони суд тизимида коррупциянинг олдини олиш, ошкораликни кенгайтириш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш мақсадида қабул қилинади, Кенгаш эса уқувсиз ёки “эркатой” судялар манфаатидан келиб чиқиб, уларга зарар етмайдиган тарзда ижро қилади.
Мурдадан “кўрсатма олган” туман судяси жазосиз қолгани майли, вилоят судига раис бўлиб кетганига нима дейсиз...
Ёдингизда бўлса, Kun.uz сайтида берилган мақолада фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг раиси бир муддат олдин ўлган шахс гўёки тирик бўлгани ва судда у берган гувоҳлик кўрсатмасини ишончли деб ҳисоблагани, шунга асосан нохолис қарор чиқаргани ҳақида сўз юритилганди.
Кенгаш матбуот котиби Турсунали Акбаровга кўра, воқелик 2016 йилда содир бўлган, бугунга келиб, судяга нисбатан интизомий чора кўриш муддати ўтиб кетган. Шу сабабли судяга нисбатан чора кўришнинг ҳуқуқий асоси қолмаган.
Савол туғилади: судя томонидан “марҳумни гапиртириш”, унинг кўрсатмаси асосида суд ҳужжати қабул қилиш интизомий жазога лойиқми? Бизнингча, йўқ. Чунки, мазкур ҳолатда суд ҳужжати сохталаштирилгани инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Бунда эса қилмиш камида ЖКнинг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ёки 231-моддаси (адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш) доирасида кўриб чиқилиши лозим эди. Эҳтимол, бунинг учун жазо қўллаш муддати ўтиб кетгандир. Бироқ, бундай хатти-ҳаракат содир этган судя тизимда ҳамон ишлаётгани, бунга Кенгашнинг очиқдан очиқ хайрихоҳлик кўрсатаётганини соғлом ақлга сиғдириб бўлмайди.
Энг даҳшати, Олий Кенгаш марҳум қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг латифасида айтилганидек, “жамоатчилигингаям, журналистларингаям” деди-да, мурдадан "“кўрсатма олган” судя Жамила Султоновани лавозим пиллапояларида юқорилатиб, Хоразм вилоят Маъмурий судига раис этиб тайинлаш бўйича тақдимнома қиритган.
Буюртма мақоласи чиқмагани учун газета муҳарририга таҳдид қилган судянинг ҳаракатлари “унутилди”
2021 йил 8 феврал куни Kun.uz сайтида мақола эълон қилиниб, унда Навоий вилояти Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Хуршид Турсунов «Учқудуқ» газетаси таҳририяти муҳаррири Райҳон Қодировага юборган мақолаларини чоп этиб, газетадан бир нусха жўнатмаса, жаримага тортиши ҳақида таҳдидли хат жўнатгани, суднинг буюртма мақоласи эса плагиат бўлиб чиққани ҳақида сўз юритилганди.
Кенгаш матбуот котиби ҳолат ўрганилаётгани, натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилиши ҳақида тезкорлик билан муносабат билдирди. Бироқ, воқеа жамоатчилик эътиборидан четда қолиши билан “ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолдирилди” ҳамда ваъда қилинган қўшимча маълумот ҳанузгача эълон қилингани йўқ.
Судялар устидан “холисона” ўтказилган хизмат текшируви
Гюнел Алиевани сарсон қилган жиззахлик судялар устидан ўтказилган хизмат текширувида “кутилганидек”, судяларнинг ножўя хатти-ҳаракатлари аниқланмади.
Хизмат текшируви Жиззах вилояти судлари малака ҳайъати раиси ва бир вақтнинг ўзида вилоят суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акрам Шукуров бошчилигида олиб борилгани хизмат текшируви холислигини катта сўроқ остида қолдирди.
Кенгаш текширувнинг холис ўтган-ўтмаганини аниқлаш мақсадида ўрганиш олиб боришини ва натижалари бўйича кейинроқ алоҳида маълумот берилишини айтганига салкам 1,5 ой ўтган бўлса-да, бу масалада ҳам сукут сақланмоқда.
Одатда, судяларга нисбатан ғайриқонуний ҳаракат содир этилса, айбдорларни жавобгарликка тортиш қойиллатиб қўйилади. Бироқ, тадбиркор Гюнел Алиевани йиллаб сарсон қилган судяларнинг “ўйинлари” яққол кўриниб турган бўлса-да, судяларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилгани йўқ. Айни масалада Кенгашнинг бу даражада сусткашлиги, балки жиззахлик судялар қайсидир юқори лавозимли шахснинг шогирдларидир, деган шубҳа-гумонларга ҳам етаклаб қўйяпти.
Бир вақтлар фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро суди судяси В.Мадраҳимов бир фуқаронинг аслида тўлаб бўлинган 150 минг сўм қарзини орадан 3 йил ўтиб 10 млн сўм қилиб ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарганда, судянинг таниш-билишчиликка йўл қўйиб, замонавий “рэкет”чиларни яққол қўллаб-қувватлагани ҳам алал-оқибат эътиборсиз қолдирилганди.
Қисқа қилиб айтганда, Кенгаш судяларнинг айбини бекитиш, қўпол хатолари бўлса-да, уларни ҳимоя қилиш эмас, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини том маънода ошириш позициясида бўлиши лозим.
Аббос Салайдинов
Тавсия этамиз
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30 / 13.03.2025
«Қувур операцияси»: руслар уни «урушдаги бурилиш нуқтаси» дейишмоқда
Жаҳон | 23:40 / 11.03.2025
Амалдорлар “маҳаллий” хизмат автомобилларига ўтказилмоқда
Ўзбекистон | 16:34 / 11.03.2025
Фирибгарлар ўғирлаган пулларни қайтариб бўлмайдими?
Ўзбекистон | 15:27 / 11.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
NBC: Трамп Россиянинг илтимосига кўра Келлогни музокаралардан четлаштирди
Жаҳон | 08:20
-
“Зарафшон” миллий табиат боғи ва иккита давлат қўриқхонаси ҳудуди кенгайтирилди
Ўзбекистон | 08:00
-
«Россиянинг навбатдаги манипуляциялари». Зеленский Путиннинг ўт очишни тўхтатиш таклифига берган жавобини изоҳлади
Жаҳон | 01:23
-
Миср Исроил ва ҲАМАСга 60 кунлик сулҳ бўйича янги режани таклиф қилди
Жаҳон | 00:41
Мавзуга оид

17:15 / 21.02.2025
“Туш ўнг бўлмас, ўнг эса туш” – Хоразмда судя судланувчига ғалати ҳукм чиқарди

20:01 / 20.02.2025
«Чинозда тергов органи вакили судя билан жанжал қилган» — Олий кенгаш судяларга босим ҳақида

18:19 / 13.01.2025
Поп тумани ҳокимининг ўғирлик қилган ўғлини қамоқдан озод қилган судя “Ибратли судя” деб топилди

13:06 / 30.12.2024