Ўзбекистон | 22:21 / 22.02.2025
10579
12 дақиқада ўқилади

Қоидабузарларни тиядиган қонун ва “қувғинди” дарахтлар — ҳафта дайжести

Ҳайдовчиларга қоидабузарлик учун жарима балли белгилаш ҳақидаги қонун кучга кирди. Тошкентда ўнлаб дарахтлар кесилди, Фарғонада юзлаб, Бухорода эса минглаб дарахтлар кўчириб ўтказилмоқда. Колонияларда уч кун ичида иккита маҳкум вафот этди. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига узоғи 1 йил қолгани айтиляпти. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Чексиз қоидабузарлик “ҳуқуқи” бекор қилинмоқда

Ҳайдовчиларга қоидабузарлиги учун жарима балли ҳисоблаш кўзда тутилган қонун ниҳоят, 21 февралдан эътиборан кучга кирди. Унга кўра, 13 турдаги қоидабузарликлар учун максимал 2 баллгача бўлган жарима баллари ҳисоблаб борилади. Бир ой ичида ҳукумат қарори қабул қилиниб, қайси қоидабузарлик учун қанча балл берилишига аниқлик киритилиши керак.

Ҳар бир баллнинг амал қилиш муддати – 1 йил. Қоидабузарнинг “жамғармаси” 12 баллга етганда, у ҳайдовчилик гувоҳномасидан камида 6 ойга маҳрум этилади. Белгиланган муддат ўтгач, фуқаро гувоҳномасини қайтариб олиш учун имтиҳон топширишига тўғри келади. Автомобил бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс, маъмурий жазо қўлланганидан кейин яна рулга ўтирса, энди жиноий жавобгарликка тортилади.

Қонун билан, маъмурий кодексга “йўл безорилиги” деган янги модда киритиляпти. Йўл безорилиги деганда, ҳайдовчининг бошқа ҳайдовчилар ҳаракатига қасддан тўсқинлик қилиши, автомобилни сабабсиз сирпантириши (яъни дрифт қилиши), ҳаракатланиш бўлагини сабабсиз уч ва ундан ортиқ марта кескин ўзгартириши, умуман, йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланишига тўсқинлик ва уларга ҳурматсизлик деб баҳоланадиган ҳар қандай ҳаракатлар тушунилади. Бунинг учун белгиланган жазо анчагина қатъий: йўлда безорилик қилган ҳайдовчилар биринчи мартасидаёқ камида 1 йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан айрилади ва БҲМнинг 25 баробари миқдорида жаримага тортилади.

Гувоҳнома олиб қўйиладиган қоидабузарликлар қаторига яна бир модда қўшилмоқда. Агар ҳайдовчи ички ишлар органи ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабларини кетма-кет бир неча марта узрли сабабларсиз бажармаса, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилга маҳрум этилиб, БҲМнинг 30 баробари миқдорида жаримага тортилади.

Бундан ташқари, қонундан орган ходимларининг тасвирларига оид ўша машҳур модда ҳам ўрин олган. Демак, расман кучга кирган қонун талаби қуйидагича: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хизмат вазифаларини бажараётган пайтда олинган фото ёки видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш – БҲМнинг 20 бараваридан 50 бараваригача жарима ёки 10 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланади. Эслатиб ўтамиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қаторига суд, прокуратура, ички ишлар, давлат хавфсизлик хизмати, адлия ва божхона органлари киради.

Экология: янги қонунлар ва аянчли реаллик

Қурилиш кетаётган майдондан атрофга чанг тарқалишига йўл қўйганлар жавобгарликка тортилади. Сенат маъқуллаган қонунга кўра, 500 квадрат метр ва ундан ортиқ ўлчамдаги қурилиш майдонида чанг ва қум зарраларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этмаган мансабдор шахслар 3 млн 750 минг сўм маъмурий жарима тўлайди. Ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, жарима миқдори 18 млн 750 минг сўмни ташкил этади. Расмийларга кўра, ўлчами 5 сотихдан катта бўлган очиқ қурилиш майдонидан йилига ўртача 50 тонна чанг ҳавога кўтарилади. Шаҳарсозлик қоидаларига биноан, қурувчи чангни бостириш учун осма ёмғирлатгич ва сув пуркагичлардан фойдаланиши керак.

Сенат маъқуллаган яна бир қонун – истироҳат боғлари жойлашган ерларни хусусийлаштиришни тақиқлаш ҳақида. Қонун билан, аҳоли дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш, уларнинг ҳудудларини қисқартириш ва бу ҳудудларда бино-иншоотлар қуриш тақиқланиши айтилмоқда. Тақиқни бузганлар жиноий жавобгарликка тортилади. Шу билан бирга, паркларни 49 йилга хусусий сектор бошқарувига бериб юбориш ҳолатлари тўхтатиладими–йўқми, номаълум бўлиб қолмоқда.

Бу қонун маъқулланишидан бир неча кун олдин, Тошкент шаҳридаги “Анҳор Локомотив” парки ҳудудида меҳмонхона ва турар жой бинолари қурилиши ҳақидаги хабарлар тармоқларда кўплаб танқидларга сабаб бўлди. Фаоллар бу қурилишга қарши петиция ҳам бошлашди. Парк ҳудудидаги савдо марказида жойлашган дўконлар фаолиятини тўхтатгани хавотирларни янада кучайтирди. Аммо хайриятки, шов-шув бошланганидан бир неча кун ўтиб бўлса-да, расмийлар раддия билан чиқиб, парк бузилмаслигини эълон қилди. “Бугунги кунда боғ ўз ҳолича қолмоқда ва ҳеч қандай қурилиш режалаштирилмаган”, дея маълум қилди Қурилиш вазирлиги. Golden House'нинг муассисига кўра, интернетда тарқалиб кетган визуализация компаниядан 2024 йилда кетган собиқ ходимнинг ички тақдимоти бўлган.

Ҳафта давомида экологияга бефарқ бўлмаганларни ташвишга солган бошқа янгиликлар ҳам яшил ҳудудларга тааллуқли. Тошкент шаҳридаги Бўрижар канали бўйида 37 туп дарахт кесиб кетилди. Қувасойда эса шахсан ҳокимнинг назорати остида 300 га яқин дарахт қўпориб ташланди. Қувасой шаҳри прокуратурасининг шундоққина қаршисида жойлашган кўплаб дарахтлар бошқа жойларга кўчириб ўтказилган. Мақсад – дарахтзор ўрнида “дом”лар қуриш. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бу – шаҳар ҳокими Зафар Тўрақуловнинг ташаббуси бўлган, экология органидан эса розилик олинмаган. Вилоят экология бошқармаси бошлиғи чора кўришга ваъда берди.

Тошкентда 37 туп, Қувасойда салкам 300 туп дарахт қўпорилгани маълум бўлган ҳафтада, Бухородан келган хабарлар бундан-да аянчли. Ўзи шундоғам аксарият ҳудуди чўллардан иборат Бухоро вилоятида йўлни кенгайтириш учун 1824 та дарахт “қувғин қилиняпти”. Расмийларга кўра, бу дарахтлар Когон–Бухоро йўлини реконструкция қилишга гўёки халал берган. Вилоят экология бошқармасининг 17 февралдаги ахборотида айтилишича, кўчириладиган 1800дан ортиқ дарахтнинг 151 тупи кўчириб бўлинган. Экология органи баёнотида, бу жараён қонунчиликка мувофиқ бўлаётгани айтилган.

Эътиборлиси, “қонунчиликка мувофиқ” деб айтилаётган бу минглаб дарахтларни кўчиришга 2023 йилда Экология вазирлиги рози бўлмаган эди. Ўшанда вазирлик Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида йўлларни таъмирлаш учун жами 53 174 та дарахтни кўчириб ўтказишга рад жавобини берганди. Жамоатчиликни шокка туширган бу ҳолатга ўшанда Қонунчилик палатаси ҳам бефарқ қарамаган, палата спикери ўринбосари Одилжон Тожиев “бу масалага парламент томошабин бўлиб турмайди” деб ваъда берганди. Икки йил олдин айтилган 53 мингдан ортиқ дарахтнинг нечтаси охир-оқибат барибир кўчирилаётгани маълум эмас.

Тошкент вилоятидаги қамоқхоналарда сақланаётган 2 нафар маҳкум вафот эди

Улардан бири, 21 ёшда бўлган йигитда инфаркт кузатилгани айтиляпти. Олмалиқдаги 14-сонли колонияда жазо ўтаган Муҳаммадқодир Пўлатов, колония маъмуриятининг айтишича, миокард инфаркти ва панкреатитнинг оғир формаси оқибатида вафот этган. Лекин унинг яқинлари бунга ишонмаяпти. Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг сўзларига кўра, марҳумнинг онаси у билан воқеадан 20 кун олдин уч кунлик учрашувда бўлган, ўшанда Муҳаммадқодирнинг соғлиги яхши бўлган. Онанинг айтишича, ўғли ёшлигидан спорт билан шуғулланган, ушу бўйича халқаро турнирлар ғолиби бўлган, бирор марта соғлигидан шикоят қилмаган.

Бу ҳолатда колония маъмурияти маҳкумнинг оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида унинг яқинларига вақтида хабар бермагани шубҳали деб қараляпти. Бош прокуратура ҳолат бўйича терговга қадар текширув ўтказилаётганини маълум қилди.

Иккинчи ўлим ҳолати бўйича эса жиноят иши қўзғатилиб, тергов бошланган. Бош прокуратурага кўра, 16 феврал куни Тошкент вилоятидаги Товоқсой қамоқхонасида жазо ўтаётган маҳкум Мустафо Турсунбоев девор босиб қолиши оқибатида вафот этган. Омбудсман баёнотида айтилишича, колония ҳудудидаги эски ошхона биносини бузиш вақтида эҳтиётсизлик сабабли деворнинг бир қисми маҳкумнинг устига қулаган. У шифохонага олиб борилганидан 5 кун ўтиб, оғир жароҳатлар сабаб вафот этган. Ҳолат бўйича “меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш” моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига узоғи 1 йил қолгани айтилди. Бош музокарачи Азизбек Уруновнинг айтишича, Ўзбекистон ЖСТнинг 2026 йил 26-29 март кунлари бўлиб ўтадиган саммитига қадар ташкилотга аъзо бўлиб кириш ниятидан қайтмаган. “Қарор қатъий, 2026 йилга кўп вақт қолмади”, деди Урунов. Аввалроқ Солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Мубин Мирзаев, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлганидан кейин йирик корхоналарга бериладиган ўтиш даври имтиёзлари муддати 2 ёки 3 йил бўлишини айтганди.

Ортда қолган ҳафта ўзбек сўми учун фавқулодда муваффақиятли бўлди. 14 февралдан бери сўм долларга нисбатан фақат мустаҳкамланиб боряпти. Долларнинг расмий курси 13 февралдаги 13 минг сўмлик максимумдан кейин кетма-кет 6 савдо кунида пасайиб, 21 февралда 12 916 сўмгача тушди. Бу – 3 январдаги курс билан деярли тенг. Бу ҳолат АҚШ–Россия муносабатларидаги илиқлашув ортидан рубл ва тенге курсининг долларга нисбатан мустаҳкамланаётгани билан қанчалик боғлиқ – бу борада ҳозирча расмий изоҳлар бўлмади.

Ўзбекистон армиясида дронлар ва уларга қарши курашиш бўлинмалари ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ўтказган хавфсизлик соҳасидаги йиғилишда маълум қилинди. Расмий хабарга кўра, қўшинларда дронлар ва уларга қарши курашиш, сунъий интеллект билан ишлайдиган кибертузилмалар, роботлашган техникаларни қўллаш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича янги бўлинмалар ташкил этилади. Сунъий интеллектга асосланган қўшинларни автоматлаштирилган ягона бошқариш тизимини яратиш топшириғи берилди.

Собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комилов Ўзбекистондаги бизнесларини кенгайтирмоқда. Унга тегишли фирма мамлакатдаги йирик қурилиш ширкатларидан бири бўлмиш “Трест-12”ни хусусийлаштириб олди. Компаниянинг 51 фоиз улуши 111 млрд сўмга баҳоланган. Эслатиб ўтамиз, “Трест-12” қурилишларга оид триллионлаб сўмлик давлат буюртмаларини тендерсиз олиб келгани билан жамоатчилик эътиборига тушган. Собиқ қурилиш вазирига алоқадор бўлган компания айнан қурилиш соҳасида давлат буюртмаларини олиши манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлиб келганини 4 йил олдин Аксилкоррупция агентлиги ҳам тасдиқлаган эди.

Комил Алламжоновнинг ёрдамчилари 15 суткага ноҳақ қамалгани ойдинлашди. Олий суд қарорига кўра, Алламжоновга нисбатан уюштирилган суиқасднинг эртасига унинг қўл остида ишлаган 7 киши асоссиз равишда маъмурий қамоққа олинган. Бунда энг кўп ишлатиладиган “навбатчи моддалар” – майда безорилик ва ички ишлар ходимининг талабини бажармаслик айбловидан фойдаланилган. Олий суд фуқароларнинг ноҳақ 15 сутка ўтириб чиқишига сабаб бўлган ходим ва судя устидан Ички ишлар вазирлиги ва Судялар малака ҳайъатига тақдимнома киритди.

Мубашшир Аҳмад тахаллусига эга таниқли диний уламога нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди. Аввалига Ички ишлар вазирлиги у тақиқланган ташкилотлар билан боғлиқ жиноятда айбланаётгани ҳақида хабар берган эди, кейинчалик адвокатлари буни рад этди. Маълум бўлишича, Алишер Турсунов Telegram-каналидаги постлари сабаб диний материал тарқатиш тартибини бузганликда айбланмоқда. Шайхонтоҳур туман суди уни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ҳақидаги прокурор илтимосини рад этган. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати айблов моддасини нотўғри эълон қилганини “техник хатолик” билан изоҳлади.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери