14 феврал куни Олмалиқдаги жазони ижро этиш муассасасида 21 ёшли йигит «миокард инфаркти»дан вафот этгани маълум қилинди. Марҳумнинг онаси ва ҳуқуқ фаоллари унинг танасида қийноқ излари борлигини айтиб, расмий версияга ишонмаяпти. 16 феврал куни эса Товоқсойдаги қамоқхонада бошқа бир маҳкум девор босиб қолгани ортидан шифохонада вафот этди. Омбудсман ва Тошкент махсус прокуратураси ҳолатларни ўрганмоқда.
15 феврал куни Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаментининг Олмалиқдаги 14-сонли колониясидан 21 ёшли маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиқди.
Бу ҳақда хабар берган Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов маҳкумнинг онаси Нигора Қамбаровага таяниб айтишича, у ўғли Муҳаммадқодир билан 26-28 январ кунлари узоқ муддатли учрашувда бўлган.
«Муҳаммадқодир спортнинг ушу йўналишида халқаро турнирлар ғолиби, болалигидан мазкур спорт тури билан шуғулланган. Бирор марта соғлиғидан шикоят қилмаган, унда бирор ёндош касалликлар кузатилмаган. 3 йилга қамалган ёлғиз ўғлим августда манзил колонияга чиқиши керак эди», деган маҳкумнинг онаси.
Колония маъмурияти 14 феврал куни Муҳаммадқодирда миокард инфаркти ва панкреатитнинг оғир формаси кузатилиши оқибатида вафот этганини айтган. Нигора Қамбарова эса ўғлининг баданида қийноқ излари мавжудлиги, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар борлигини айтган.
«Бизда шубҳа туғдирган ҳозирча ягона жиҳат – колония маъмуриятининг маҳкумнинг оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида унинг яқинларига хабар бермаганлигидир. Қўлимизда экспертиза ҳужжатлари бўлмагани боис маҳкумнинг қийноқдан ўлим топганига далолат қила олмаймиз. Аммо колония маъмуриятининг жасадни ёриб, сўнг яқинларига топширгунича бўлган жараёнда уларга хабар бермагани мудҳиш хатодир. Чунки онанинг кўнглида улкан гумон қолди, 20 кун аввал соппа-соғ кўрган норғул боласининг ўлигини дабдурустдан қўлига тутқазишса, онанинг аҳволини тасаввур қилаверинг!» – дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Ҳолат юзасидан муносабат билдирган Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Олмалиқ шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан воқеа жойи ва мурда кўздан кечирилган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, фуқаро «миокард инфаркти»дан вафот этган.








