18-19 феврал кунлари Женевада Жаҳон савдо ташкилоти бош кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон президентининг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Уруновнинг маълум қилишича, йиғилишда ташкилот бош директори Нгози Оконджо-Ивеала 2024 йилда Тимор-Лесте ва Комор ороллари ЖСТ аъзоси бўлишгани, эндиликда 2026 йил 26-29 март кунлари Камерунда бўлиб ўтадиган ЖСТ саммитига қадар Ўзбекистон, Босния ва Герцеговина ҳамда Эфиопиянинг ташкилотга қўшилишига эътибор қаратишни таклиф этган.
Бу масала юзасидан ЖСТнинг 26 аъзоси ўз фикрини билдирган. Хусусан, 16 аъзо мамлакат Ўзбекистонни аниқ ва қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
Азизбек Урунов ушбу мамлакатларга миннатдорчилик билдириб, уларнинг рўйхатини келтирди: Аргентина, Бразилия, Ботсвана, Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Корея, Малайзия, Покистон, Филиппин, Жанубий Африка, Туркия, Буюк Британия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон.
“Қарор қатъий, 2026 йилга кўп вақт қолмади”, дея ёзди Урунов LinkedIn саҳифасида.

“Дунё” ахборот агентлигининг хабар беришича, 20 феврал куни Азизбек Уруновнинг Лондонга ташрифи доирасида Буюк Британия Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган. Ташриф давомида Британия бизнес ва савдо вазирининг ўринбосари Гарет Томас, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ва экспертлар даражасида музокаралар бўлиб ўтди.
“Учрашувларда Британия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг муҳим шерикларидан бири сифатида кўриши ва расмий Тошкент билан ҳар томонлама алоқаларни янада жадаллаштиришдан манфаатдор экани таъкидланди. Томонлар халқаро савдодаги замонавий тенденцияларни муҳокама қилди”, – дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Британия Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган иқтисодий ўсиш ва ривожланиш дастури орқали Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига техник ёрдамни кенгайтириш, дастур доирасида мутахассисларнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг халқаро савдо соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга келишиб олинди.









