Шу кунларда ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқда бир йигитни муҳокама қилмоқда. Абдуқодир Ҳусанов. Футболга қизиқадиган-қизиқмайдиган одамлар тилида шу йигит. Чунки бу футболчи мисолида ўзбек футболида тарихий воқеа содир бўлиш арафасида. Ҳусанов 40 миллион евро эвазига дунёнинг энг кучли клубларидан бири «Манчестер Сити»га ўтмоқда.
Ҳимоячининг ўғли
Ўзбек футболига қизиқадиганлар билишади, «Металлург»да Ҳикмат Ҳошимов деган марказий ҳимоячи бўларди. 4-рақамли ҳимоячи узоқ йиллар Бекобод жамоасида сардорлик қилган. Абдуқодир мана шу футболчининг ўғли. Ўғил болалар учун ҳаётидаги илк қаҳрамони шубҳасиз отаси бўлади. Катта бўлсам дадамга ўхшайман, дейди кўп болалар. Абдуқодир ҳам дадасининг ўйинларини ҳавас билан томоша қилган, мен ҳам зўр марказий ҳимоячи бўламан, деб дилига тугиб қўйган ва бу орзусига етишиш учун меҳнат қилган. Меҳнат ва иштиёқ бирлашганда эса натижа, албатта, зўр бўлади. Абдуқодир бугун дунёдаги энг зўр ҳимоячилардан бири. Бу гапни энди ҳеч иккиланмай айтаверсак бўлади. У энг зўрлардан бўлмаганида кўпчилик футбол тарихидаги энг кучли мураббий деб атайдиган Пеп Гвардиола уни ҳар қанақасига сотиб олишга топшириқ бермасди.
Эртакнамо йўл
Абдуқодирнинг босиб ўтган йўли шунчаки ҳайратланарли. Одатда футболчилар ўз мамлакатида бирор клубда зўр ўйин кўрсатади, кейин босқичма-босқич кучлироқ чемпионатларга ўтади. Лекин Ҳусановнинг фаолияти қийинчиликлар билан бошланади. «Бунёдкор» клуби тарбияланувчиси бўлган ҳимоячига негадир қалдирғочлар бош жамоасида ишонч билдиришмайди. Шу ўринда Бунёдкорнинг ўша даврдаги мураббийларига ҳайрон қолмай илож йўқ. Улар қандай қилиб шундай кучли футболчини текинга Беларус клубига бериб юборганини тушуниш қийин. Ахир Абдуқодир ёшлар жамоасида вақтидаёқ топ ҳимоячи экани маълум эди.
Лекин Ҳусановимиз эртароқ Беларусга кетгани ҳам бир томондан яхши бўлган. Тўғри, Беларус чемпионати Ўзбекистондан кучли эмас, лекин футболчининг агентлари у Ўзбекистон клубида асосий таркибда ўйнашини кутишса кеч бўлишини тушуниб етган. Бунинг устига Абдуқодир Беларусда кўп қолиб кетмади. «Энергетик БГУ» деган клубда бир йил ўйнаган Ҳусановни агентлари Франциянинг «Ланс» клубига таклиф қилади. Французлар эса «Бунёдкор» мураббийларидан фарқли ўлароқ Ҳусанов катта футболчи эканини тезда сезиб, унинг учун 100 минг евронинг баҳридан ўтишади.
Аввалига Ҳусанов «Ланс»да захирадан майдонга тушиб юрди, лекин иккинчи мавсумида у жамоанинг асосий ҳимоячисига айланди. Серхио Рамос усулидаги ўйинлари сабаб Европа грандлари унга ошиқ бўла бошлашди. Ишонинг, ҳозир Европа футболида бунақа стилда ўйнайдиган футболчилар камайиб кетган. Уни фалон футболчига ўхшайди деб ҳам айтолмайсиз, чунки бундай футболчининг ўзи йўқ. Ҳусанов ўйинида Серхио Рамоснинг агрессивлигини, Нголо Кантенинг тоза подкатларини, Виржил ван Дейкнинг ҳаводаги курашларини кўришингиз мумкин. Табиийки, топ клублар бундай мегаистеъдодни эътибордан четда қолдирмайди. Ҳусанов учун «Сити» билан кимсан «Реал» курашганди ахир, тасаввур қиляпсизми?








