Яккасарой тумани “паспорт стол” бошлиғи 7 йилга қамалди. У чет эл фуқароларига Ўзбекистон фуқаролигини пуллаган
2022 йил апрел ойидан 2023 йил март ойига қадар Яккасарой тумани ИИО ФМБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган шахс Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларига пул эвазига ноқонуний тарзда ID карта ҳамда “қизил паспорт” расмийлаштириб берган. У “хизмати” учун жиноий шериги билан биргаликда 15 минг АҚШ долларигача пул олган.
Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани ИИО ФМБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими собиқ бошлиғи жиноий жавобгарликка тортилди. У фаолияти давомида жиноий шериги билан пул эвазига чет эл фуқароларига ноқонуний турзда ID карта ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириб берган.
Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, З.А. 2006 йилдан 2023 йил март ойига қадар ички ишлар органларида хизмат қилган. У 2021 йил сентябр ойидан 2022 йил апрел ойига қадар Юнусобод тумани, 2022 йил апрел ойидан 2023 йил март ойига қадар эса Яккасарой тумани ИИО ФМБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.
З.А. “Donna Global” МЧЖ (стол услуг) раҳбари Д.Ш. (марҳум, жиноят ишининг унга тегишли қисми тугатилган) билан биргаликда 9 нафар чет эл фуқаросига Ўзбекистон Республикаси фуқароси ID картаси ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириб берган.
Жиноий шериклар бунинг учун чет эл фуқароларидан 4 минг доллардан 15 минг долларгача пул маблағини олиб, ўзаро тақсимлаб олишган.
Жумладан, З.А. 2022 йил ноябр ойида Россия фуқароси К.Д.га ноқонуний тарзда ID карта ва “қизил паспорт” расмийлаштириб берган. У буни қуйидагича амалга оширган: мансаб ваколатини суистеъмол қилган ҳолда ўзига бириктирилган “Е-калит” ёрдамида “Паспорт-виза” тизимига кирган ва аслида бошқа фуқарога тегишли бўлган СЕ 0547950 серия ва рақамли фуқаролик паспортини К.Д.га тегишли бўлганлиги ҳақида қалбаки электрон ҳужжатни яратган. Сўнгра К.Д.нинг гўёки фуқаролик паспортини йўқотиб қўйганлиги ва ID карта расмийлаштириб бериш ҳақидаги аризасини олган. Шу тариқа К.Д.га Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг AD 2099901 серия ва рақамли ID картаси ҳамда FA 6789244 серия ва рақамли хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириб берган.
Шунингдек, З.А. ИИВ МФРББнинг “Манзил” тизимига кириб, ҳеч қандай асослантирувчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаса-да, К.Д.ни Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, “Ахилобод” МФЙ, 13-мавзе, 72-уй, 90-хонадонга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйган.
З.А. жиноий шериги билан биргаликда айни шу усулда Россия фуқароси Н.К.га AD 2223361 серия ва рақамли ID карта ҳамда FA 6898656 серия ва рақамли хорижга чиқиш биометрик паспорти; Қозоғистон фуқароси Е.М.га AD 2489857 серия ва рақамли ID карта ҳамда FA 7299794 серия ва рақамли хорижга чиқиш биометрик паспорти; Қозоғистон фуқароси М.К.га AD 2707976 серия ва рақамли ID карта; Россия фуқароси А.Ш.га AD 2656960 серия ва рақамли ID карта ҳамда FA 7324102 серия ва рақамли хорижга чиқиш биометрик паспорти; Қозоғистон фуқароси С.Д.га AD 2819463 серия ва рақамли ID карта ва FA 7525028 серия ва рақамли хорижга чиқиш биометрик паспорти; Қирғизистон фуқароси Д.Я.га AD 2869517 серия ва рақамли ID карта; Россия фуқароси Н.А.га AD 2869517 серия ва рақамли ID карта ҳамда FA 7652695 серия ва рақамли хорижга чиқиш биометрик паспорти; Россия фуқароси А.Г.га AD 3469496 серия ва рақамли ID карта ҳамда FA 7893815 серия ва рақамли хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириб берган.
З.А. буларнинг айримларини Яккасарой тумани ИИО ФМБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи лавозимидан бўшатилганидан сўнг, ИИВнинг ҳар қандай электрон тизимлардан фойдаланиш ваколатига эга эмаслигига қарамасдан ўзига бириктирилган “Е-калит”ни белгиланган тартибда топширмасдан амалга оширган.
Суд ҳукмига кўра, З.А. Жиноят кодексининг 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди, 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми “а, б” бандлари, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а, б” бандлари ва 278-4-моддаси (Компьютер ахборотини модификациялаштириш) 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Қирғизистон фуқароси бўлган И.Д.га эса Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) 2-қисми “б” банди, 28,209-моддаси 1-қисми, 228-моддаси 3-қисми ва 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган.
Шунингдек, суд ҳукми билан юқоридаги чет эл фуқаролари мансаб сохтакорлиги, пора бериш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш каби жиноятларда айбли деб топилган. Уларга 48 млн сўмдан 124,5 млн сўмгача жарима жазолари берилган.
Мавзуга оид
12:08 / 09.11.2022
1 миллион доллар инвестиция эвазига соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш таклиф қилинди
23:15 / 03.05.2020
4 майдан бошлаб Тошкентда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш фаолияти тикланади
21:00 / 07.01.2020
Янги паспорт, прописка ва фуқаролик олишдаги ҳужжатбозликлар – мутасаддилар билан суҳбат
15:50 / 11.11.2019