Аммо “Ташаббусли бюджет”да танлов бу билан тугамади. Навбат — депутатларга келди.
Бу мавсумда жараёнда муҳим янгилик бор: депутатлар энди битта эмас, ажратилган маблағ доирасида бир нечта лойиҳани қўшимча ғолиб сифатида танлаши мумкин.
Бундай имконият Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 29 июндаги қарори билан белгиланди. Аввалги тартибга кўра, депутат ҳар бир мавсумда овоз беришда ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан фақат биттасини қўшимча ғолиб сифатида танлаши мумкин эди. Энди эса бир сайлов округидаги бир нечта муҳим муаммони бир вақтнинг ўзида ҳал этишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш имкони пайдо бўлди.
Энди масала фақат “қайси лойиҳа кўп овоз олди?” деган савол билан чекланмайди. Бошқача айтганда, сайлов округида бир нечта муҳим муаммо мавжуд бўлса, депутат улардан фақат биттасини танлаш билан чекланиб қолмайди. Ажратилган маблағ имкон берса, бир нечта ҳудуддаги муаммони ҳал этишга қаратилган лойиҳаларни ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин.
Жорий йилнинг 2–6 сентябр кунлари Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, овоз беришда ғолиб бўлмаган лойиҳалар билан танишди, аҳоли билан учрашди ва қайси ташаббуслар қўшимча қўллаб-қувватлашга муносиб эканини ўрганди.
Жараён якунлари бўйича депутатлар жами 346 та лойиҳани қўшимча ғолиб деб топди. Уларни амалга оширишга 240,3 миллиард сўм йўналтирилади. Лойиҳалар 145 та туман ва шаҳардаги 343 та маҳаллани қамраб олди.

Янги тартибнинг амалиётдаги натижалари ҳам қизиқ. 149 депутатнинг 93 таси ажратилган маблағни битта йирик лойиҳага йўналтирган бўлса, 56 таси уни бир нечта лойиҳага бўлган. Масалан, Дилноза Азизова 17 та, Жасурбек Шодиев 12 та, Зебинисо Раҳмонова 10 та, Гўзал Самиева 9 та, Фирдавс Шарипов 8 та, Одилжон Тожиев 8 та, Абдулло Аслонов 7 та лойиҳани қўллаб-қувватлаган.
Танланган ташаббуслар эса, асосан, одамларнинг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилувчи масалаларга бориб тақалади: йўл, электр, ичимлик суви, маҳалла инфратузилмаси, болалар ва спорт майдончалари.
Рақамлар ҳам шуни тасдиқлайди. 346 та лойиҳанинг 119 таси ички йўлларни таъмирлашга қаратилган бўлиб, уларга умумий маблағнинг 41 фоизи — 98,9 миллиард сўм йўналтирилган; бу орқали жами 156,8 километр йўл асфальтланади. Электр таъминоти ва кўча чироқлари бўйича 92 та, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари бўйича 54 та, болалар майдончалари бўйича 20 та, соғлиқни сақлаш муассасалари бўйича 14 та, ичимлик суви бўйича 13 та лойиҳа танланган.





















