Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2023 йил учун «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза»ни эълон қилди. Унда 2023 йилдаги коррупцион жиноятлар таҳлили, коррупцияга қарши тадбирлар, ҳудудлар ва соҳалар миқёсида жиноий-ҳуқуқий статистика келтирилган.

Таҳлилларга кўра, 2023 йилда республика бўйича судлар томонидан жами 6 535 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бу – 2022 йилдаги кўрсаткичдан (7 414 нафар шахс) 879 нафар ёки 12 фоизга кам.

2023 йилда судлар томонидан айблов ҳукми чиқарилган коррупцияга оид жиноят ишлари сони 4 128 тани ташкил қилиб, 2022 йилга нисбатан 479 тага ёки 10 фоизга камайган.

Жавобгарликка тортилган 6 535 нафар шахснинг 1 299 нафари ёки 20 фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Қолган 2 721 нафар шахсга (42 фоиз) ахлоқ тузатиш ишлари, 1 076 нафар шахсга озодликни чеклаш, 982 нафар шахсга жарима, 21 нафар шахсга мажбурий жамоат ишлари, 7 нафар шахсга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, 53 нафар шахсга шартли ҳукм чиқарилган. 227 нафар шахсга жазо тайинланмаган бўлса, 149 нафар шахс жазодан озод қилинган.

Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида, 2023 йилда давлат манфаатларига жами 1,4 трлн сўм (ўтган йилги ўртача курс бўйича ҳисоблаганда, қарийб 120 млн доллар) миқдорида зарар етказилган. Ушбу зарарнинг 745 млрд (1,1 трлн) сўми ёки 51 (54) фоизи қопланган.

Давлат манфаатларига етказилган зарарнинг юқори улуши Андижон (243 млрд сўм), Наманган (194 млрд сўм), Қашқадарё (143 млрд сўм) ва Тошкент вилоятларига (132 млрд сўм) тўғри келмоқда.

2022-2023 йилларда пора предмети бўлган 7,1 млрд сўм, 345 минг АҚШ доллари ва 34,5 минг Россия рубли миқдоридаги пул маблағлари давлат фойдасига мусодара қилинган.

Энг кўп содир этилган коррупцияга оид жиноятлар динамикаси

Энг кўп содир этилган коррупцияга оид жиноятлар динамикасига эътибор қилинса, талон-торож қилиш, фирибгарлик ҳамда пора олиш-бериш асосий ўринларда эканини кўриш мумкин.

Коррупцион жиноятларнинг ҳудудлар миқёсида таҳлили

Коррупцияга оид жиноятлар 2023 йилда республиканинг 4 та вилоятида 2022 йилга нисбатан ўсган бўлса, 10 тасида камайган. Хусусан, коррупцияга оид жиноятлар сони Сурхондарё (9,9 фоиз), Андижон (6,4 фоиз), Сирдарё (2,8 фоиз) ва Навоий вилоятларида (1,3 фоиз) ортган.