Мутахассисларга кўра, ёғингарчиликнинг камлиги ва илиқ ҳаво шароити сабабли республикада тупроқнинг 20-25 см қатламида намлик етишмовчилиги кузатилмоқда. Бунинг оқибатида ғалланинг 10-15 фоизи ривожланишдан орқада боряпти. Агар зарур агротехник тадбирлар вақтида олиб борилмаса, ҳосилдорлик камайиб кетиши эҳтимоли бор.

АОКАда ғаллачиликда долзарб агротехник тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори ва масъуллари жорий йилда ғаллачиликда кутилаётган хавфлар, уларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, 2025 йил ҳосили учун республикада 1 млн 100 минг гектар майдонга ғалла экилган. Бу 2024 йилга нисбатан ўртача 10-12 минг гектарга кам кўрсаткич. Ғалла майдонлари Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қисқарган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бўлими бошлиғи Абдулла Мансуровга кўра, қисқаришнинг асосий сабаби ҳосилдорлик ошиши билан боғлиқ. Бироқ 2025 йилда кутилган хирмонни кўтариш анча машаққатли бўлиши мумкин. Сабаби, куз-қиш фаслининг меъёрга нисбатан ўзгарувчан келгани ғалла ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Оқибатда ғалла экинлари тиним даврига тўлиқ ўтмай, ўсишни давом эттирган.

Ёғингарчиликнинг камлиги ҳамда қуруқ ва илиқ ҳаво шароити туфайли тупроқнинг 20-25 см қатламида намлик етишмаяпти. Бу эса ҳудудлардан келиб чиқиб, бошоқли дон экинларини оптимал озиқлантириш, суғориш ва ўғитлаш билан боғлиқ тадбирларни илмий асосланган ҳолда ўтказиш заруратини келтириб чиқармоқда. Шундан келиб чиқиб, ғалла майдонлари 3 гуруҳга ажратилиб, фермер ва деҳқон хўжаликларига энг мақбул агротехник тавсиялар берилган.

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шуҳрат Отажоновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ерларнинг шўрланишига ҳам чидамли ва шўрликни бошқариш бўйича алоҳида ёндашув керак.

“Ҳақиқатда нитратлар кўп ишлатяпмиз. Яъни минерал ўғитлар кўп ишлатилиши йиллар давомида бўлиб келган ва тупроқда нитрат миқдори нисбатан кўп. Энди нимага ҳозирги ҳолатда бунақа саволлар пайдо бўлди? Сув ресурсларининг чеклангани энг асосий омил сифатида кўрилади. Илмий асосланган агротехнологияга ўтиш ўзининг яхши самарасини беради.

Бизнинг ҳудудларда 50 дан ортиқ илмий тажриба станцияларимиз бор. Ҳудудларни ўрганиш жараёнида фермер хўжаликларнинг бевосита майдонларини кўз билан кўрдик. Уни 3 та гуруҳга ажратдик. Ортда, ўртача ва яхши ривожланган ҳудудларда ғалла экинларининг ривожланишини кузатдик. Баъзи фермер хўжаликларда ғалла майдони вақтида суғорилмаган ёки ўғитлаш режими бузилган. Бу 15-20 центнер ҳосилдорликни камайтиришга таъсир кўрсатган ҳолат. Зудлик билан ҳар бир гуруҳга мос ўғитлаш ва суғориш агротехник тадбирларини тўғри ва мақбул тарзда ўтказишни амалга ошириш керак. Агар буни вақтида қилмасак, эртага ҳосилдорликни 20 центнер йўқотиш эҳтимоли бор”, дейди Шуҳрат Отажонов.