Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 1 октябр куни кечқурун Вашингтонда АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашди. Бу ҳақда у ўз телеграм-каналида маълум қилди.

«АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашиш ҳамда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий ва эзгу тилакларини етказиш мен учун катта шарафдир», – дея ёзди у.

Хабарда муҳокамалар тафсилотлари келтирилмаган.

Саида Мирзиёева 23 сентябр куни Ню Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 81-сессияси умумий мунозараларида Ўзбекистон номидан нутқ сўзлаганди.

АҚШга ташриф давомида ПА раҳбари БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, BlackRock инвестиция компанияси ва Google раҳбарияти билан ҳам учрашувлар ўтказган, БМТнинг демографик барқарорлик масалаларига бағишланган тадбирида иштирок этганди.

У 28 сентябр куни БМТнинг жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича 15-конгрессида иштирок этиш учун БААга борди. 29 сентябрда эса Самарқанд олимпиадасида зафар қучган шахматчиларни тақдирлаш маросимида ҳам кўриниш берди.