Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги шахмат олимпиадасида қўлга киритилган натижалар ортида спортчиларнинг ота-оналари, биринчи устозлари, мураббийлари ва уларни қўллаб-қувватлаган жамоалар турганини таъкидлади. Президент жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов тажриба ва билимини янги авлодга етказиб келаётганини алоҳида эътироф этди.
– Устознинг энг катта ғалабаси – шогирдларининг ундан ҳам баланд марраларга чиқишидир! – деди давлат раҳбари.
Ўзбекистон шахмат федерациясининг ФИДЕ томонидан “Энг яхши федерация” деб эътироф этилгани, Рустам Қосимжонов ФИДЕнинг фахрий вице-президенти, Ҳулкар Тоҳиржонова эса Марказий Осиё бўйича минтақавий президенти этиб сайлангани мамлакатимизнинг жаҳон шахматидаги нуфузи юксалаётганидан далолат экани қайд этилди.
– Бу натижалар тасодифий эмас. Бу – мактаб, бу – тизим, бу – ўзбек шахматининг янги даражаси, – деди президент.
2018 йилда қабул қилинган қарор асосида мактабларда шахмат ўқитиш, мураббийлар тайёрлаш ва клубларни ривожлантириш йўлга қўйилди. Сўнгги ўн йилда ўзбекистонлик 17 нафар шахматчи халқаро гроссмейстер унвонига эга бўлди, уларнинг беш нафари аёллардир.

Давлат раҳбари навбатдаги мақсадни белгилаб берди: Янги Ўзбекистонни нафақат Олимпиада чемпиони, балки дунё шахмат марказига айлантириш. Бунинг учун мамлакатда тажриба, натижа ва ёшларга намуна бўладиган чемпионлар борлиги таъкидланди. Улардан илҳомланган минглаб болаларнинг шахматга кириб келиши янги истеъдодларни кашф этиш учун мустаҳкам замин яратади.
Шу мақсадда ҳар бир вилоят, туман ва маҳаллада иқтидорли болаларни эрта аниқлаш, уларни кучли устозларга бириктириш ва халқаро турнирларда мунтазам қатнашишига шароит яратиш вазифаси қўйилди. Қизлар шахмати ва парашахматни ривожлантириш бўйича алоҳида тизим ташкил этилади.
Тошкент халқаро шахмат академиясининг Самарқанд, Хоразм ва Фарғонада минтақавий филиаллари очилади. Академияда олий тоифали мураббийлар тайёрлаш йўлга қўйилади. ФИДЕ рейтингида 1 минг 500 дан юқори балл тўплаган шахматчиларнинг хусусий клубларда ўқиш харажатлари ярми давлат томонидан қопланади.
Шунингдек, Oʻzbekiston Grand chess миллий бренди остида халқаро турнирлар мунтазам ўтказиб борилади. Президент Янги Тошкентда 500 кишилик ўйин зали, ётоқхона ва спорт майдончаларига эга замонавий шахмат саройини барпо этишни таклиф қилди.






















































