Тошкент шаҳрида кўплаб тадбиркорларнинг норозилигини уйғотган пешлавҳа муаммоси юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Вазирлар Маҳкамасининг 13 октябрдаги қарорига асосан, бундан буён тадбиркорлик субъекти ўзи эгаллаб турган бино ёки иншоотнинг ташқи томонида (кириш жойида) жойлаштирган номи ва фаолият тури (ихтисослиги) тўғрисидаги ахборот (пешлавҳа) шу жумладан, фирма номи, товар ёки хизмат кўрсатиш белгиси, ташқи реклама объекти ҳисобланмайди ҳамда ушбу ахборот воситаси учун реклама жойининг паспортини расмийлаштириш талаб этилмайди.

Дизайн-код тўсатдан ўзгармайди

Қарорда белгиланишича, дизайн-код бўйича қарорлар фақат жамоатчилик муҳокамасидан, жумладан, regulation.gov.uz порталидан ўтгандан кейин қабул қилинади. Улар эълон қилингандан 3 ой ўтиб кучга киради.

Дизайн-кодни жорий этишда рўйхатдан ўтган товар белгисидан фойдаланиш имконияти сақланиши шарт.

Тошкент шаҳрининг дизайн-коди 10 декабргача тадбиркорлар ва ОАВ иштирокида муҳокама қилинади.

Ташқи реклама объектларини бузиш

Ҳужжатда мажбурий демонтаж ишларининг аниқ тартиби белгиланди:

  • демонтаж куни ва вақти ҳақида 2 кун олдин веб-сайтда эълон қилинади, эгасига эса ёзма хабар юборилади;

  • демонтаж фақат иш кунлари соат 09:00–18:00 оралиғида амалга оширилади;

  • демонтаж вақтида эгаси иштирокида далолатнома тузилади, унда сана, вақт, сабаб, фотосуратлар ва конструкция сақлашга юборилган манзил кўрсатилади;

  • тадбиркорга оид қарорлар ва хабарномалар унинг юридик манзилига ёзма равишда ҳам юборилади.

Қисқа муддатли реклама

Қисқа муддатли реклама учун аниқ муддатлар ҳам белгиланди: қурилиш объектларида реклама қурилиш тугагунча туриши мумкин, байрам ва тадбирлар учун эса 30 кунгача.