Сунъий интеллект ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган даврда яшаяпмиз. Аммо бу мислсиз ютуқлар ўзи билан бирга қандай хавф-хатарларни олиб келмоқда? Microsoft компанияси ҳаммуассиси ва технологиялар оламидаги энг нуфузли шахслардан бири Билл Гейтс CNN телеканали журналисти Жейк Тапперга берган интервюсида бу борада жиддий огоҳлантиришлар билан чиқиш қилди.
У сунъий интеллектни инсоният ихтиро қилган «энг хавфли технология» деб атаб, киберҳужумлар ва биотерроризм қуролига айланиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Гейтснинг таъкидлашича, ёвуз ниятли кишилар қўлига чекловларсиз берилган сунъий интеллект глобал миқёсдаги ҳалокатларга, ҳатто пандемиядан ҳам 50 баробар даҳшатлироқ оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас. Шу билан бирга, мулти-миллиардер миллионлаб иш ўринларининг йўқолиши ва баъзи касбларни фақат инсонлар учун сақлаб қолиш зарурлиги ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди.
Жейк Таппер: Биз аллақачон бу сунъий интеллект моделларининг назоратдан чиқиб, платформалар ва ҳукумат веб-сайтларини бузиб кирганини кўрдик. Булар фақат билган ҳодисаларимиз, холос. Биз билмаган яна қанчадан қанча ҳолатлар борлигини тасаввур ҳам қила олмайман. Сиз ушбу технология раҳбарларининг кўпчилигини шахсан танийсиз. Нима деб ўйлайсиз, улар СИ билан боғлиқ ўзларининг шахсий хавотирлари, қўрқувлари ва ҳақиқий хавф-хатарлар ҳақида гап кетганда жамоатчилик билан тўлақонли очиқ ва самимийми?
Билл Гейтс: Ўйлайманки, ҳали ҳеч бир соҳа ўз хавотирлари ҳақида бунчалик очиқ гапирмаган. Биздаги мувозанатсизлик шундаки, соҳа ичида жуда кўп хавотир бор, аммо академиклар, сиёсатчилар ва давлат арбоблари бу воситаларнинг қанчалик мураккаб ва кучли эканлигидан етарли даражада хабардор эмас. Шу сабабли бу хабардорлик ошгани сайин, сиёсатда ҳам кўплаб мукаммаллашувлар юзага келади. Масалан, болалар СИ билан эмоционал алоқада бўлиши керакми? СИ қандай қилиб мактабдаги ўқитувчиларни тўлдириши ва шунчаки иншо ёки ёзма ишда кўчирмакашлик воситаси эмас, балки кўпроқ қизиқувчанликни уйғотувчи восита бўлиши мумкин? Агар турли мамлакатларга қарасангиз, масалан, Хитой болаларнинг СИ билан муносабат ўрнатишини тақиқлаган. Айрим давлатлар сунъий интеллект юзага келтириши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олишда анча олдинлаб кетишди.
Жейк Таппер: Сиз сунъий интеллектни лабораторияда яратилган ва ўзига хос алоҳида тур сифатида эволюция қила оладиган «ўзга сайёраликлар» деб атадингиз. Улар биз учун худди «биз итлар ва мушуклар учун қандай бўлсак», шундай бўлиши мумкинлигини айтдингиз. Бу шунчаки технологик сакраш эмас, балки «эволюцион ҳодиса» эканлигини таъкидладингиз. Бу жуда қўрқинчли ва хавфли эшитилади.
Билл Гейтс: Ҳа, сунъий интеллектнинг кириб келиши соғлиқни сақлаш каби соҳалар учун ақл бовар қилмайдиган даражада ажойиб. Аммо, айни пайтда у шундай улкан кучга эгаки, ҳаётни буткул ўзгартириб юборади. Одамлар олдинги технологик ютуқларга назар ташлаганларида мен доим хавотирланаман. Биласизми, шахсий компютерлар ва интернетнинг ривожланишида иштирок этганман. Улар ҳам жуда катта аҳамиятга эга эди. Аммо, сунъий интеллектнинг олдида улар ҳеч нарса эмас. СИ дунёни барча аввалги технологиялардан ҳам кўпроқ ўзгартиради. Ҳаммамиз бунинг қанчалик муҳим масала эканлигини бирдек тушуниб етишимиз керак.
Жейк Таппер: Сиз СИ ёвуз ниятли шахсларга ҳалокатли биологик қуролларни яратишни анча осонлаштириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиргандингиз. Биотеррористик ҳужум хавфи ҳозирда табиий пандемия хавфидан 50 баравар юқори эканлигини айтгансиз. Сизнингча, бу даҳшатли сценарий қанчалик тез содир бўлиши мумкин? Биз яқинлашиб келаётган хавф ҳақида гапиряпмиз, бунинг олдини олиш учун етарлича ҳаракат қилиняптими?
Билл Гейтс: Йўқ, етарлича ҳаракат қилмаяпмиз. Эҳтимол, кейинги йилда биз энг кўп кўрадиган ва ҳис қиладиган нарса киберҳужумлар бўлади. Чунки, у ерда маълум бир бизнес модели мавжуд бўлиб, улар бирон бир иш қилиш билан таҳдид қилишади ва кимдандир бунинг учун пул тўлашни талаб қилишади. Ёки фонд бозоридаги бирор нимани ёхуд қандайдир қиморга тикилган нарсаларни ўзгартириб юборадиган ҳолатларни яратишлари мумкин. Демак, ҳозирги кундаги энг катта хавф СИ моделларининг назоратдан чиқиб кетишида эмас. Биз бу борада ҳам ишлашимиз керак, аммо катта таъсир юзага келишига ҳали йиллар бор. Асосий хавф ёмон одамларнинг СИдан тўлиқ, ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланишидир. Биз сизни киберҳужумлар қилишдан қайтариш учун хавфсизлик чекловларини ўрнатамиз. Биотерроризм билан шуғулланишингизни олдини олиш учун чекловлар қўямиз. Аммо, ҳозирда сиз ушбу барча чекловларни олиб ташлаш имконига эгасиз. Шундай экан, ёмон ниятли одамлар, хавфсизлик чекловларининг йўқлиги ва энг сўнгги моделлар имкониятларини ҳисобга олсак, келгуси бир йил кибер маконда бизни кўплаб салбий сюрпризлар кутмоқда.
Жейк Таппер: Сем Алтман одамлар СИ ҳақида тасаввур қилаётган баъзи сценарийларни «бу шунчалик дистопикки, ёмон илмий-фантастик филмлар сюжетига ўхшайди» дея таърифлади. У одамларни «фалокатга ишониш тузоғига» тушиб қолишдан огоҳлантирди. Сиз эса сунъий интеллектни ядро қуролини ҳам арзимас нарсадек кўрсатиб қўядиган, инсоният тарихидаги энг хавфли технология деб атадингиз. Сем Алтман, афтидан, сизни ҳам ана шу фалокатга ишониш тузоғига тушиб қолганликда айблаётгандек. Бунга нима деб жавоб берасиз?
Билл Гейтс: Барча масъулиятли СИ раҳбарлари, жумладан Сем Алтман ва Дарио Амодеи ҳам, бутун дунёга бу жуда хавотирли эканини айтишяпти. Буни эҳтимолий салбий сценарийлар нуқтаи назаридан талқин қилиш мумкин. Тўғри, баъзан одамлар бутун инсоният муқаррар ҳалокат хавфи остида қолгандек гапирганда, вазиятни бироз бўрттириб юборишлари ҳам мумкин. Бу бироз ошириб юбориш. Лекин автомобиллар, самолётлар ёки дори-дармонлар билан солиштирадиган бўлсак, менимча, сунъий интеллект улардан ҳам хавфлироқ. Ахир, айнан шу соҳаларда одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун жиддий тартибга солиш механизмлари мавжудлигидан барчамиз мамнунмиз. Агар назоратни сақлаб қолмасак, баъзи қайғули эҳтимоллар мавжуд. Менимча, соҳа вакиллари хавф ҳақида бонг уриб, ўз вазифасини бажаряпти. Бироқ «агар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилсак, бу хавфларни минималлаштиришимиз мумкин» деган фикр, эҳтимол, одамларга етарлича аниқ етказилмаяпти. Айниқса, ҳукумат «келинглар, ҳеч қандай чекловлар қўймаймиз» ёки «буни бутунлай тўхтатамиз» каби кескин чораларга ўтганида. Самолётлар, машиналар ва дори-дармонларда бўлгани каби ўрта йўлни топиш борасида бизда ҳозирча етарлича билим ва тажриба йўқ. Аммо, ўша ўрта йўл мавжудлигига ишонаман.
Жейк Таппер: Сиз самолётлар, автомобиллар ва тиббиёт соҳаларини тилга олдингиз. Бу соҳаларнинг барчасида тартибга солиш механизмлари ва масъул ташкилотлар мавжуд. Масалан, авиация соҳасида Федерал авиация маъмурияти, дори-дармонлар соҳасида эса Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси фаолият юритади.
Билл Гейтс: Худди шундай.
Жейк Таппер: Ҳозир бизда бундай нарса умуман йўқ ва Вашингтондаги раҳбарларимиздан эшитаётганимиз шуки, бу ташкилотлар ўзларини ўзлари назорат қилишлари керак экан. ФҚБ ва Адлия вазирлиги жиноятларнинг олдини олиш учун етарли бўлади, деган қараш мавжуд. Менимча, бу етарли эмас, деб ҳисоблайдиганлар кўп. Ишончим комилки, сиз ҳам шундай фикрдасиз. Сунъий интеллект соҳасини ўз-ўзини тартибга солиш тамойилига асосланиб бошқариш ғояси сизни умуман хавотирга солмайдими?
Билл Гейтс: Ўйлайманки, кейинги йил давомида биз ўз-ўзини бошқаришдан узоқлашамиз. Инсоният ихтиро қилган энг хавфли технология учун охирги сўз фақат компанияларнинг ўзига қолиши, жамиятдаги ягона назорат уларнинг ўзида бўлиши керак деган ғоя асоссиз, айниқса қандай чекловлар кераклиги ҳақида гап кетганда. Ушбу инцидентлар орқали етарлича ҳаракат қилмаётганимизни кўриб турибмиз. Шундай экан, келгуси йилга бориб, ҳукумат сунъий интеллектни тартибга солиш борасида кўпроқ тажриба ва билимга эга бўлиши керак, деган қараш устунлик қилади, деб ўйлайман. Шунингдек, бошқа соҳаларда бўлгани каби, сунъий интеллект хавфсизлигини таъминлашга ихтисослашган гуруҳлар зарурлиги ҳам одамлар учун янада ойдинлашади. Албатта, мен ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлайман.
Билл Гейтс: Ҳа, айрим соҳаларни инсонлар учун сақлаб қолиш ғояси жуда муҳим. Мен сунъий интеллект моделлари қанчалик тез ривожланаётганини ва инсон меҳнати ўрнига СИдан фойдаланишга нималар ундаётганини кўриб турибман. Шу боис, келгуси йилларда биз жамият сифатида бир қарорга келишимиз керак, деб ҳисоблайман: сунъий интеллект ва роботлардан фойдаланишни қандай солиққа тортамиз ва қайси соҳаларда инсонлар учун иш ўринларини сақлаб қолишни истаймиз? Одамлар бу технологиянинг нақадар қудратли эканини ва бунинг натижасида меҳнат бозори қандай ўзгаришини тўлиқ англаб етмагунича, айрим ишларни фақат инсонлар учун сақлаб қолиш ғояси ғалати туюлиши мумкин. Аммо, шубҳасиз, биз барибир шу босқичга етиб борамиз. Шунда сиёсий даражада айрим ишларни фақат инсонлар бажариши керакми ёки йўқми, деган масалани ҳал қиламиз.
Жейк Таппер: Кетишингиздан олдин, қисқача бир савол. Ўз хавотирларингизни жамоатчиликка маълум қилиб бораётган экансиз, бу борада президент Трамп ёки Вашингтондаги бошқа раҳбарлардан қандайдир реакция ёки мурожаат эшитдингизми?
Билл Гейтс: Бир қатор сиёсатчиларнинг бу борадаги фикрларини эшитдим. Умид қиламанки, вақт ўтиб, президент Трамп ва унинг асосий маслаҳатчилари билан ҳам бу масалани муҳокама қилиш имконига эга бўламан. Бу мавзуга қанча кўп вақт ажратсак, шунча яхши, чунки биз ҳали эришишимиз керак бўлган даражага етиб келганимиз йўқ.










