Лойиҳага кўра, 2026/2027 йилги иситиш мавсумида, жумладан, жорий йилнинг ноябрь ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Маблағ 2026 йил 30 ноябрга қадар фуқароларнинг ижтимоий карта ёки банк картасига ўтказилади.
Ёрдам Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга берилади. Шунингдек, реестрга кирмаган, лекин «маҳалла еттилиги» хулосаси ва идоралар ахборот тизимларидаги маълумотлар асосида мезонга мос келадиган, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг (МИХ) 2 бараваридан ошмайдиган оилалар ҳам қамраб олинади. Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестридаги фуқаролар ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар ҳам ёрдам олади.
Газлашмаган ва табиий газ етиб бориши қийин ҳудудларда иситиш мавсумида электр энергиясининг базавий меъёри 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатгача оширилади.
Марказлашган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар учун даромад мезони Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда МИХ 2 баравари, Тошкент шаҳрида эса 3 баравари этиб белгиланмоқда.
Қўшимча рўйхатни шакллантиришда биринчи навбатда боқувчисини йўқотган оилалар, I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган аъзолари бор оилалар, ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган оилалар, узоқ муддатли даволанишга муҳтож шахслар яшовчи оилалар инобатга олинади. Бундай рўйхатдаги оилалар сони тегишли туман (шаҳар) бўйича Реестрдаги оилалар сонининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.
Бундан ташқари, электр энергияси ва табиий газ бўйича компенсация, кўмир учун ёрдам ҳамда «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали бериладиган ёрдам олиш учун даромад мезонини МИХ 2 бараваригача ошириш таклиф этилмоқда. Электр ва табиий газ бўйича компенсация муддати 2028 йил 1 апрелгача, кўмир учун ёрдам муддати эса 2029 йил 1 январгача узайтирилади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қарор лойиҳасига кўра, 2026 йил 1 ноябрдан аҳолига кўрсатиладиган марказлашган иситиш ва иссиқ сув хизматлари учун янги тарифлар жорий этилиши кутилмоқда. Иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларини 2030 йилга қадар босқичма-босқич таннарх даражасига етказиш кўзда тутилган.
Тарифларни ўзгартириш билан бирга, соҳада харажатларни қисқартириш ва хизмат сифатини оширишга қаратилган чоралар ҳам белгиланмоқда. Жумладан, бир ой муддатда иссиқлик энергияси таннархини 15 фоизгача камайтириш дастури ишлаб чиқилади, корхоналар 2026 йил якунига қадар «Billing» дастури билан қамраб олинади.















