Самарқандда автомобил скутерни уриб юбориши оқибатида аёл ва бола ҳалок бўлди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Вазирлар Маҳкамасида янги лавозим ва котибият ташкил этилди

Президент фармонига кўра, Вазирлар Маҳкамасида 12 та штат бирлигидан иборат Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти ташкил этилди.

Котибиятнинг бешта штат бирлиги Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий ривожланиш масалалари бўлими ҳисобидан шакллантирилади. Қолган еттита штат қайта ташкил этилган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги штатларини мақбуллаштириш ҳисобидан ажратилади.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазирига Таълим ва илм-фан вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда улар тизимидаги тегишли агентлик, қўмита ва инспекциялар бириктирилди.

Рўйхатда Фанлар академияси, шунингдек, муайян вазифалар доирасида Ички ишлар вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳам бор.

Тошкент атрофидаги иссиқхоналар «яшил» шартлар асосида фаолиятини давом эттиришга рухсат сўради

Пойтахт минтақасидаги иссиқхоналар томонидан экологик тоза технологиялар асосида «яшил» иссиқхоналарга айланиш шарти билан фаолиятини давом эттиришга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати хабарида айтилади.

Таъкидланишича, иссиқхона хўжаликлари вакиллари амалдаги объектларни модернизация қилиш, экологик тоза иситиш технологияларига ўтиш ва экологик хизматлар томонидан белгиланган меъёрларга мувофиқ чиқиндилар миқдорини хавфсиз даражагача камайтиришга тайёрлигини билдириб, бир неча бор мурожаат қилган.

Иссиқхона хўжаликлари томонидан энергия тежамкор технологияларга ўтиш, шунингдек, замонавий иситиш тизимлари билан қайта жиҳозланиш ва атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларни онлайн режимда мониторинг қилиш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Тошкентдаги маҳаллада дераза панжараларини ноқонуний демонтаж қилиш ишлари тўхтатилди

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллалардан бирида дераза панжараларини демонтаж қилиш ишлари тўхтатилди.

«Вазият пойтахт ҳокимлиги назоратида: содир бўлган ҳолат сабаблари ҳамда мазкур қарорга масъул шахслар аниқланмоқда, хатти-ҳаракатларга мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ўзбошимчалик аломатлари бўйича ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

Текширув натижаларига кўра, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги томонидан тегишли чоралар кўрилади, шунингдек, бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун зарур амалий қадамлар белгиланади», дейилади хабарда.

Шу билан бирга демонтаж ишлари қайси ташкилот томонидан олиб борилгани ҳақида маълумот берилмади. Шунингдек, аллақачон демонтаж қилинган панжараларнинг тақдири нима бўлиши ҳам номаълум.

Ер ҳужжатларини расмийлаштириш учун 840 минг доллар талаб қилган шахс ушланди

Тошкент шаҳрида ер майдонини турар жой қуриш учун ҳужжатлаштириб беришни ваъда қилиб, 840 минг доллар талаб этган шахс ушланди.

Қайд қилинишича, 1970 йилда Хоразм вилоятида туғилган шахс Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги 9 гектарлик нотурар жой объектининг 4 гектар майдонида турар жой бинолари қурилишини ҳужжатлаштириб беришни ваъда қилган. У бошқа бир фуқарони Кадастр агентлигида ишловчи мансабдор танишларига пора орқали турар жой бинолари қурилишини ҳужжатлаштириш ҳамда келгусида ушбу ҳудудда турар жойлар қуришга рухсат олиб беришига ишонтирган.

Бунинг эвазига мурожаатчидан дастлаб 100 минг доллар, кейинчалик яна 740 минг доллар, жами 840 минг доллар талаб қилган.

Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ходимлари томонидан Юнусобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда у 100 минг долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Самарқандда автомобил скутерни уриб юбориши оқибатида аёл ва бола ҳалок бўлди

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида одамлар ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди.

Kun.uz’нинг аниқлашича, 9 октябр куни туманнинг Миркан маҳалласида яшовчи эркак скутерни бошқариб бораётиб, Cobalt машинаси билан тўқнашган. Бу пайтда скутерда эркакнинг турмуш ўртоғи ва набираси ҳам бўлган. ЙТҲ оқибатида 57 ёшли С.А. ва унинг 2 ёшли набираси Х.Ҳ ҳалок бўлган. Скутер бошқарувидаги шахс тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Ҳозир унинг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

ИИБ маълумотига кўра, Cobalt ҳайдовчиси Миркан – Мисит йўналишида ҳаракатланаётган вақтда йўлнинг ўнг томонидан тўсатдан чиқиб қолган велосипедчини уриб юбормаслик учун рулни чапга бурган. Оқибатда бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва электроскутер билан тўқнашган.