Фарғона шаҳрида жойлашган 66-сон давлат боғчасининг 6 ёшли тарбияланувчиси боғча ҳудудида ер остига ўрнатилган, атрофи ўралмаган юқори кучланишли трансформатор пунктига тушиб кетиб, жиддий жароҳат олгани, тана аъзолари куйиб кетгани ҳақида аввалроқ Kun.uz'да суриштирув эълон қилинган эди.
Болакай бир неча марта оғир жарроҳлик амалиётларини бошдан ўтказди. Бу ҳақда маълум қилган отасининг сўзларига кўра, жавобгар шахслар масъулиятни тўла ўз зиммасига олмаяпти, суд эса айбдорларга муносиб жазо бермаган.
“Айбдорлар фарзандимни тўлиқ даволатиб беришсин”
Абдураҳмон Қодиров, боланинг отаси:
— Ўғлимни боғча ҳудудида юқори кучланишли ток ургани бўйича суд бўлиб ўтган суддан кўнглимиз тўлмади. Айбдор деб топилган уч кишининг ҳар бирига 15 млн сўмдан, жами 45 млн сўм моддий ва маънавий зарарни қоплаш бўйича ҳукм чиқарилди.

ТПга йиқилганлик бўйича барча айбни ўғлимга ағдаришяпти. Бундай ҳолатда қандай қилиб бола айбдор бўлиши мумкин? Ўғлимни эҳтиётсизлиги оқибатида электр шитига тушиб кетган, дейишяпти. Ертўла очиқ, унинг атрофи махсус тўсиқ билан ўралмаган бўлса, бола айбдор бўладими? Юқори кучланишли ТПни вақтида ёпиб қўймайдими? Атрофидаги панжара бахтсиз ҳодиса юз бергандан кейин қўйилди...
Бечора ўғлим бировларнинг қилмишини деб шунча азоб чекди, ҳозир ҳам чекяпти. Қўлини операция қилдирдик, оёғидан пай, нервини олиб бошқа жойга қўйдирдик, лекин энг ёмони, тана кучли куйиб кетганидан пай ёпишмади, қўйиб юборди, куйган қўл эса ҳалиям битмай турибди – буларга ким жавоб беради? Боғча боласи ўзидан ўзи айбдор бўлиб қолаверадими?
Мен ўша куни ўғлимни боғчага соғ-омон топширган эдим. Ўғлимни қўлимдан олишсин, чет элга олиб боришадими ёки ўзимизда даволашадими, тузатиб беришсин. Дори олиш учун ёки бошқа бир заруратдан телефон қилсангиз, айб ишни қилиб қўйганлар кўтаришмайди. Хоҳласа жавоб беради, хоҳламаса йўқ...

Шу кунларда Абузарнинг кўзи ости кўкаришни бошлади. Шифокорлар бунинг аниқ сабабини билишмаяпти. Қўли тахтадек қотиб, букилиб қолган. Олдинда ҳали босқичма-босқич тўртта операцияси турибди. Ҳар қандай ота ўзини менинг ўрнимга қўйиб кўрсин-чи? Дардимизни кимга айтамиз? Қайси идорага бош эгиб борамиз? Додимизни ҳеч ким эшитмаяпти.
Ўғлим Абузарнинг шу аҳволга келишида айбдорларга муносиб чора кўришсин. Ўғлимни эса тузатиб беришсин, хоҳ ўзимизда, хоҳ чет элда бўлсин, тўлиқ даволатиб беришсин.
“Суд ҳукмидан норозимиз”
Обиджон Чопқиев, адвокат:
— Дастлабки тергов Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилиб, уч нафар шахс: боғча тарбиячиси, “Фажр” МЧЖ вакили ва туман электр тармоқлари корхонасининг мутахассиси жавобгар сифатида Жиноят кодексининг 116-моддаси 1-қисми билан айбланиб, судга юборилган. 2026 йил 26 июн куни суд ҳукми ўқилди. Суд ҳукмидан норози бўлиб апелляция тартибида мурожаат қилганмиз.
Норозилигимиз нимадан? Айбланувчилар доираси кенг қамровли эканига қарамай, суд амалда фақат уч нафар шахсни айбдор деб топиш билан чекланди. 2023 йил 20 август куни бу мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга қабул қилинган, бу ҳақдаги ҳужжатда вилоят ҳудудий тармоқлар корхонаси раҳбарининг имзоси мавжуд. Нима учун трансформатор, яъни электр объекти фойдаланишга қабул қилинмаган бўлса, у давлат томонидан имзоланяпти? Бу масаланинг биринчи томони.

Иккинчидан, бутун бошли трансформатор ўрнатилиб, ҳудудий тармоқлар корхонаси томонидан тармоққа уланяпти-ю, ундан ҳеч ким, яъни на туман электр тармоқлари корхонасининг раҳбари ва на вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбарларининг хабари бор. Судда худди шундай кўрсатма беришди. Суд ҳам уларнинг хабари йўқ деган мазмундаги кўрсатмаларга ишонган ҳолда, оддий бир туман электр тармоқлари корхонаси мутахассисини жавобгар қилиш билан чекланди холос. Бизнинг асосий эътирозимиз шундан бўлди.
Ҳозирда апелляция тартибида мурожаат қилганимиз бўйича суд жараёнлари кетяпти, ҳали якунига етгани йўқ. Биз судда ҳам шу мазмунда, яъни айбдорлар доираси аслида кенг, лекин нима учун уч нафар шахс жавобгар бўлди холос, деган мазмунда апелляция киритиб, судда ҳам шуни ҳимоя қилиш ҳаракатини қилиб, асослаб, далиллар билан мурожаат қилмоқдамиз.


Бола жароҳатларидан қай даражада тикланади? Унинг тикланишига қанча муддат кетади, моддий томондан қанча харажат кетади? Суд бу ҳолатларга юзаки қараб, 45 миллион атрофида моддий зарар чиқариб берган холос. Оддий операциянинг ўзи ҳам ҳозирги кунда анча қиммат. Шу сабабли шу томонларига ҳам эътибор қаратганмиз, яъни эътироз қилганмиз. Сабаби, тикланиши учун озмунча вақт ва харажат кетмайди. Лекин суд буларни инобатга олмай, атиги 45 миллион сўмни уч нафар судланувчи деб эътироф этилган шахсдан ундиришни белгилади.
Биринчи инстанция суди жараёнида судланувчилар томонидан жуда кўп таклифларни эшитдик. Боланинг даволаниши учун, жарроҳлик амалиётларига олиб бориш бўйича кўп таклифлар бўлди. Лекин буларнинг ҳаммаси суд тугагунгача бўлган даврда қилинган таклифлар бўлиб чиқди.
Kun.uz ҳолатни кузатишда давом этади.







