Ўзбекистон | 18:50 / 21.10.2025
14690
2 дақиқада ўқилади

Манзил колониядан қочган педофил иши бўйича Марказий тергов ҳибсхонаси ходимларига жиноят иши қўзғатилди

ИИВ Жазони ижро этиш департаменти Марказий тергов ҳибсхонаси тартибот бўлими сафдор ходими ва бошқалар қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиш жиноятини содир қилишда айбланмоқда. Бу 31 ёшли педофилнинг манзил колониядан қочишига қандай алоқадорлиги очиқланмаган.

Фото: Kun.uz

Манзил колониядан қочиб, Оҳангарон туманида вояга етмаган қизга нисбатан номақбул ҳаракатлар содир этган педофил иши бўйича Жазони ижро этиш департаменти Марказий тергов ҳибсхонаси ходимларига жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳолат юзасидан билдирилган расмий муносабатида маълум қилди.

Расмий муносабатда келтирилишича, агентлик ҳолатни ўз назоратига олган. Вояга етмаган жабрланувчи қизнинг ҳуқуқлари, психологик ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган.

“Ҳолат бўйича кейс очилган, жабрланувчи вояга етмаган қиз бирламчи кўмак хонасига жойлаштирилган. Айни пайтда психолог томонидан дастлабки суҳбат ўтказилмоқда”, дейилади муносабатда.

Шунингдек, ушбу ҳолат бўйича ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Марказий тергов ҳибсхонаси тартибот бўлими сафдори Ш.О. ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Улар Жиноят кодексининг 214-моддаси 3-қисми “в” банди, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиш жиноятини бир гуруҳ бўлиб, олдиндан тил бириктириб содир этишда айбланмоқда.

Жиноят кодексида бундай қилмиш учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоси қўлланиши белгиланган.

Олдинроқ Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги 50-сон манзил колониясидан қочган 31 ёшли маҳкум 3-синфда таълим оладиган қизни зўрлагани хабар қилинганди. Кейинчалик эркак қўлга олинган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан янги жиноят иши қўзғатилган.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид