Жаҳон | 17:58 / 28.12.2024
25488
5 дақиқада ўқилади

Путин Илҳом Алиевдан узр сўради

У Azerbaijan Airlines самолёти қулаши учун Россия жавобгарлигини тан олиб, «фожиали ҳодиса» ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Грознийга дронлар ҳужумини қайтараётган вақтда рўй берганини айтган. Аммо ҳалокатнинг аниқ сабабига тўхталмаган.

Фото: Сергей Илин / РИА Новости / Спутник / Reuters / Scanpix / LETA

Россия президенти Владимир Путин Azerbaijan Airlines самолёти Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрида ҳалокатга учрагани юзасидан Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан телефон мулоқоти ўтказди, деб хабар берди 28 декабр куни Кремл матбуот хизмати. Хабарда қайд этилишича, мулоқот Россия томони ташаббуси билан амалга оширилган. 

Путин «фожиали воқеа Россия ҳаво ҳудудида юз бергани» учун Алиевдан узр сўраган ва қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган. Кремл хабарига кўра, Путин Бокудан жадвал бўйича парвозни амалга оширган самолёт «бир неча марта Грозний шаҳридаги аэропорт ҳудудига қўнишга урингани»ни айтган. 

«Бу вақтда Грозний, Моздок ва Владикавказга украинларнинг жанговар учувчисиз учиш аппаратлари ҳужум қилган ва Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари бу ҳужумларни қайтарган», — дейилади хабарда. 

Кремл баёнотида самолёт ҳалокатига айнан нима сабаб бўлгани айтилмаган. Унда Россия Тергов қўмитаси Жиноят Кодексининг 263-моддаси (Ҳаво транспорти ҳаракати хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши очгани қайд этилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, фуқаролик ва ҳарбий мутахассислар сўроқ қилинмоқда. Ҳозир Озарбойжон Бош прокуратурасининг икки ходими Грознийда бўлиб, у ерда Россия Бош прокуратураси ва Тергов қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда ишламоқда. Россия, Озарбойжон ва Қозоғистоннинг тегишли идоралари Оқтовдаги ҳодиса жойида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.

Озарбойжон президенти матбуот хизмати ҳам кўп ўтмай Путин ва Алиев мулоқоти бўйича ўз версиясини эълон қилди. Ундан маълум бўладики, Путин 25 декабр куни Бокудан Грознийга рейсни амалга оширган самолёт «Россия ҳаво ҳудудида ташқаридан физик ва техник таъсирга учрагани ва бунинг оқибатида юзага келган фожиали воқеа учун узр сўраган». 

Алиев мулоқот давомида самолёт фюзеляжида «кўплаб тешиклар» борлиги, йўловчилар ва экипаж аъзолари «ҳавода эканидаёқ қопламани тешиб ўтиб, самолёт салонига кирган бегона жисмлардан жароҳатлангани»ни айтган. «Омон қолган борт кузатувчилари ва самолёт йўловчиларининг кўрсатмалари ташқаридан физик-техник таъсир бўлгани фактини тасдиқлади», — деган Алиев Путинга. 

«Суҳбат чоғида давлат раҳбарлари ушбу фожианинг барча тафсилотларини жиддий ва кенг қамровли текшириш, шунингдек, айбдорларни жавобгарликка тортиш масалаларини муҳокама қилдилар», — дейилади Озарбойжон президенти матбуот хизмати хабарида.

Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга парвоз қилган самолёти 25 декабр тонгида Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Бортдагилардан 29 киши омон қолиб, 38 киши ҳалок бўлган. Euronews ва Reuters Озарбойжон ҳукуматидаги манбаларга таяниб берган маълумотларга кўра, самолёт ҳалокатига Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зарбаси сабаб бўлган. Reuters хабарига кўра, Грозний устида «дронлар фаоллиги кузатилаётган» вақтда самолётга ракета отилган. Ракета самолёт яқинида портлаб, унинг қопламасига зарар етказган.

Россия ҳукумати буни тасдиқламаган. Ҳалокатдан икки кун ўтиб Росавиация раҳбари Дмитрий Ядров самолёта Грозний аэропортига қўниш учун кираётганида шаҳар дронлар ҳужумига учраганини айтган. У самолёт командирига қўниш учун Россиядаги бошқа аэропортлар таклиф қилингани, аммо у Оқтовдаги аэропорт томон учишга қарор қилганини билдиран. Шу билан бирга, Euronews телеканалининг Озарбойжон ҳукуматидаги манбаси шикастланган лайнер экипажи авариявий қўнишни амалга оширишни сўрагани, аммо унга Россия аэропортларидан бирортасига қўнишга рухсат берилмаганини хабар қилган.

Қозоғистон бош вазири ўринбосари, самолёт ҳалокатини текшириш бўйича комиссияга раҳбарлик қилаётган Канат Бозумбаев 28 декабр куни экспертлар лайнер Қозоғистон ҳудудидан ташқарида шикастланишга учрагани ҳақида хулосага келганини маълум қилди. «Портлаш ва нимадан бўлгани»ни аниқлаш учун махсус экспертиза тайинланган.

Самолёт ҳалокатидан кўп ўтмай хорижий авиакомпаниялар Россия шаҳарларига парвозларини тўхтата бошлади. Дастлаб Исироилнинг El Al миллий авиаташувчиси Россияга учмай туришга қарор қилганди. Бунинг ортидан Azerbaijan Airlines Россиянинг ўн шаҳри — Грозний, Маҳачқалъа, Сочи, Минералние Води, Владикавказ, Нижний Новгород, Самара, Саратов, Уфа ва Волгоградга учишни тўхтатган. Қозоғистоннинг Qazaq Air авиакомпанияси Астана — Екатеринбург йўналишидаги рейсларни бекор қилган, FlyDubai Дубайдан Сочи ва Минералние Водига учмай туради. Шунингдек, «Туркманистон» авиакомпанияси Москвага рейсларини 1 ойга тўхтатди.

Мавзуга оид