Ўзбекистон | 12:34 / 19.04.2026
8772
3 дақиқада ўқилади

Оқсил касаллиги хавфи туфайли Ўзбекистонда чорвачиликда санитария ойлиги эълон қилинди

18 майгача Ўзбекистонда чорвачиликда санитария-гигиена тадбирлари кучайтирилади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги дунёда оқсил (яшур)нинг янги типлари тарқалаётгани сабабли фермерларни ветеринария талабларига риоя қилишга чақирди. Чорва ҳайвонларини ўз вақтида эмлаш касалликнинг олдини олишда энг самарали чора экани қайд этилган.

Фото: Kun.uz

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Фермерлар кенгаши фермерлар, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва чорвадорларга мурожаат билан чиқиб, 18 апрелдан 18 майгача Ўзбекистонда «Чорвачиликда санитария-эпидемия-гигиена» ойлиги эълон қилинганини билдирди.

Мурожаатда қайд этилишича, бугунги кунда дунёда экологик мувозанат ва иқлим ўзгариши натижасида чорва ҳайвонлари орасида турли янги касалликлар юзага келмоқда. Хусусан, хорижий давлатларда чорва моллари ўртасида оқсил (яшур) касаллиги тарқалиш хавфи кенгаймоқда. Жаҳон ҳайвонлар соғлиги ташкилоти маълумотига кўра, 2025–2026 йилларда 48 та давлатда ушбу касалликнинг янги SAT типлари қайд этилган бўлиб, амалда қўлланилаётган вакциналар бу типларга қарши тўлиқ ҳимоя қилмайди. Шу сабабли касаллик тарқалишининг олдини олишда барча фермер ва чорвадорларнинг масъулияти ва фаол иштироки ниҳоятда муҳим ҳисобланади.

Шу муносабат билан, хўжалик ва фермаларда ветеринария-санитария тартибларига қатъий риоя қилиш, кириш жойларида дезинфексия воситаларини ташкил этиш, бегона шахслар ва транспорт воситаларининг киришини чеклаш, ҳайвонларни сақлашда зоогигиеник талабларга амал қилиш, уларни сифатли озуқа ва тоза сув билан таъминлаш, ҳудудни доимий тозаликда сақлаш ҳамда зарарли жониворларга қарши курашиш зарурлиги билдирилди.

«Агар ҳайвонларда касалликка шубҳа туғилса, уларни дарҳол бошқалардан ажратиш, ветеринар келгунига қадар изоляция қилиш ва ҳеч қандай дори воситаларини мустақил қўлламаслик талаб этилади», – дейилади мурожаатда.

Таъкидланишича, оқсил касаллиги аломатлари – юқори ҳарорат, оғиз бўшлиғида ва туёқларда яралар, элинда шикастланишлар кузатилганда зудлик билан ветеринария врачига мурожаат қилиш шарт. Бундай ҳолатларда биноларни дезинфексия қилиш, ҳайвон маҳсулотларини ҳудуддан ташқарига чиқармаслик ва сутни қайнатмасдан истеъмол қилмаслик лозим.

«Чорва ҳайвонларини ўз вақтида эмлаш касалликнинг олдини олишда энг самарали чорадир. Қорамоллар йилига икки марта (баҳор ва кузда), қўйлар эса йилига бир марта эмланиши зарур. Зарур ҳолларда 2,5–3 ойликдан катта барча ҳайвонлар мажбурий эмланади ва эмлашдан сўнг 15–21 кун ичида иммунитет шаклланади», – дейилади мурожаатда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Фермерлар кенгаши чорва саломатлигини сақлашда тозалик ва ветеринария қоидаларига амал қилиш энг муҳим омил эканини билдириб, фермерлар ва чорвадорлардан мазкур ойлик доирасида барча профилактик ва эпизоотик тадбирларни уюшқоқлик билан амалга оширишга чақирди. Касалликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар тўпламини илова қилди.

Ҳар қандай касаллик аломатлари кузатилганда (71-202-12-00, ички: 210, 218, 323) рақамлари орқали мутахассисларга мурожаат қилиш мумкин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид