Топилма Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти олимлари ва хорижлик тадқиқотчилар иштирокидаги экспедиция давомида аниқланган.

Туркман узунқулоқ кўршапалаги — Plecotus turkmenicus мамлакат ҳудудида аввал қайд этилмаган. Бу фан учун янги тур кашф этилганини эмас, аввалдан маълум турнинг Ўзбекистонда ҳам учраши илк бор тасдиқланганини англатади.

Тақдим этилган маълумотга кўра, мазкур кўршапалак асосан 1970 йилгача бўлган қайдлар ва музей намуналари орқали маълум бўлган.

Экспедиция Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи — IUCN амалга ошираётган «Табиатни муҳофаза қилишда «Ягона саломатлик» лойиҳаси доирасида ташкил этилган. Лойиҳа Германия Атроф-муҳит вазирлигининг Халқаро иқлим ташаббуси — IKI томонидан молиялаштирилади.