Радар ва камералардан зада бўлган ҳайдовчилар учун айрим енгилликлар эълон қилинди. Президент мактаб ўқитувчиларининг ойлиги ва аттестацияси ҳақида гапирди. Ижтимоий тармоқлар устидан назорат кучайтирилади. Ўзбекистонликлар визасиз бориши мумкин бўлган бой давлатлар сони яна биттага кўпаймоқда. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Ҳайдовчиларга енгилликлар

Ўзбекистон ҳукумати ҳайдовчиларнинг кўнглини овлашга қарор қилди. Жума куни эълон қилинган қарор билан, радарлар, йўл чизиқлари ва йўл белгилари масаласида ҳайдовчилар эътирозига сабаб бўлиб келаётган бир қатор масалаларда енгилликлар жорий қилинмоқда.

Асосий янгиликлардан бири: 1 июндан бошлаб камералар йўллардаги сидирға чизиқларни босганлик учун жарима ёзмайди. Бир неча йилдан бери йўл чизиқлари чизилмаган йўлларнинг фақатгина камера бор қисмигагина чизиқ чизиб қўйилиши кўп танқидларга учраб келаётганди. Қарор билан, ана шу норозиликлар камаядиган бўлди. Шу билан бирга, тўхташ чизиғини босганлик учун аввалгидек тартибда жарима қўллаш давом этади. Хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимларининг сидирға чизиқни босган ҳайдовчиларга жарима қўллаш ҳуқуқи ҳам сақлаб қолинмоқда.

1 июндан бошлаб, тирбандликнинг олдини олиш учун шаҳарларда йўлтаъмирлаш ва йўл чизиқларини чизиш ишларини соат 7:00 дан 21:00 гача амалга ошириш тақиқланади. 1 сентябрдан эътиборан, стационар ва мобил радарлар ишлаётган ҳар қандай жойда “Радар” белгисини ўрнатиш мажбурий бўлади. Шунингдек, 16 майдан бошлаб, жамоат транспорти учун ажратилган “А” ҳарфли йўлакда соат 23:00 дан 06:00 гача барча транспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилди.

Тўхташ ва тўхтаб туришни тақиқловчи йўл белгиларининг кераксиз деб топилганлари олиб ташланади, қолганларининг тагига эса белгининг амал қилиш вақти ёзиб қўйилади. Ёзилган вақтдан ташқари соатларда белги бор жойда ҳам тўхташ ёки тўхтаб туриш мумкин бўлади. Бундан ташқари, айрим темирйўл кесишмаларидаги “Стоп” белгилари ўрнига бошқарилувчи светофорлар ўрнатилиб, ҳайдовчиларнинг беҳуда тўхтаб ўтишига барҳам берилади.

Қарорда Ўзбекистон йўлларидаги барча радар ва камераларни йил охиригача тўлиқ хатловдан ўтказиб, белгиланган талабларга зид тарзда ўрнатилган ёки техник талабларга жавоб бермайдиганларини олиб ташлаш кўзда тутилган. Биринчи марта енгил қоидабузарлик содир этганларни жаримага тортмасдан, огоҳлантириш бериш тартиби жорий этилади – бу борада алоҳида қонун қабул қилиниши кутилмоқда. Айни пайтда, парламентдаги партиялар радарлар қайд этган тезликдан 5 эмас, 10 км/соат чегириб ташлаш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқяпти.