Иқтисодиёт | 13:16 / 12.12.2024
1909
4 дақиқада ўқилади

Марказий банк асосий ставкани 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолди. “Сўнгги ойларда иқтисодиётда юқори талаб ва нархларга оширувчи босимларнинг сақланиб қолаётганлиги фонида инфляция даражасининг прогнозга нисбатан секинроқ пасайиши ва инфляцион кутилмаларнинг юқори шаклланаётганлиги кузатилмоқда”, дейилади МБ изоҳида.

Фото: Kun.uz

Марказий банк бошқаруви 2024 йил 12 декабрь йиғилишида асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

“Сўнгги ойларда иқтисодиётда юқори талаб ва нархларга оширувчи босимларнинг сақланиб қолаётганлиги фонида инфляция даражасининг прогнозга нисбатан секинроқ пасайиши ва инфляцион кутилмаларнинг юқори шаклланаётганлиги кузатилмоқда. Жорий йил якунида умумий инфляция прогноз коридорининг юқори чегараларида бўлиши кутилмоқда. Инфляцион жараёнларни ва кутилмаларни ҳамда ўрта муддатли истиқболда инфляция даражасини 5 фоизлик таргетигача пасайтиришга замин яратиш мақсадида пул-кредит шароитларининг қатъийлиги жорий даражада сақлаб қолинди”, дейилади МБ хабарида.

Сўнгги икки ойда йиллик инфляция даражаси бироз пасайиб, ноябр ойи якунида 10 фоизни ташкил этди. Инфляциянинг пасайиши, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлашуви ҳисобига юзага келган. Иқтисодиётда шаклланаётган юқори истеъмол ва инвестицион фаоллик ялпи талабни қўллаб-қувватлаши ҳисобига хизматлар ва ноозиқ-овқат товарлари нархларида ўсиш хатарлари сақланиб қолмоқда.

Аҳолининг бирламчи эҳтиёжлари доирасидаги айрим харажатларнинг ўзгариши ва об-ҳаво совуши билан энергия нархлари эркинлаштирилишининг иккиламчи таъсирлари юзага чиқиши иқтисодиёт субъектларининг инфляцион кутилмаларида ҳам намоён бўлмоқда. Ноябр ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари мос равишда 13,7 ва 12,7 фоизгача тезлашган.

Сўнгги тўрт ой давомида базавий инфляциянинг 7 фоиз атрофида сезиларли ўзгаришсиз шаклланаётгани, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар базавий инфляциясининг нисбатан юқори даражалари ҳамда чакана савдо ва хизматлар соҳасида тушумлар ҳажмларининг ошиб бораётгани иқтисодиётда талаб омиллари таъсирининг сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, ялпи талабнинг барқарор ўсиш суръатлари ва меҳнат бозоридаги фаоллик мавжуд инфляцион босимларнинг узоқроқ муддат сақланиб қолишига ишора бермоқда. Иқтисодиётда иш ҳақи ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг ошиб бораётгани аҳоли даромадларини реал ҳисобда ошириб, юқори инвестицион фаоллик шароитида келгуси ойларда ҳам ялпи талабни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Натижада, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2024 йилнинг иккинчи ярмида ҳам барқарор тенденцияларни намоён этиб, йил якунида 6-6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Пул бозоридаги фоиз ставкалари ва давлат қимматли қоғозлари даромадлилиги даражалари пул-кредит шароитлари нисбатан қатъий даражада шаклланаётганини кўрсатмоқда. Банк тизимидаги юқори реал фоиз ставкалари аҳолининг жамғаришга бўлган мойиллигини оширмоқда. Кредитлаш суръатларининг мақбул даражада ўсиши ва депозитлар ўсишининг юқори суръатлари умумий талабни мувозанатлаштириб, инфляцияга монетар омиллар таъсирини камайтириши кутилмоқда.

 Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда ўрта муддатли нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадидан келиб чиқиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг 5 фоизлик таргетигача барқарор пасайишига эришиш учун пул-кредит шароитларини етарлича қатъий даражада шаклланиши таъминлаб борилади. Бунда, иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблиги, инфляцион кутилмалар ва таркибий ислоҳотлар суръатларига алоҳида эътибор қаратилади.

Иқтисодиётдаги жорий юқори талаб ва нархларга оширувчи босимлар келгуси чоракларда кучайиши бўйича эҳтимоллар ва асослар юзага келган тақдирда асосий ставка ошириш томонга қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Мавзуга оид