Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзаидан йиғилиш бошланди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, йил бошида республикада камбағаллик даражаси 5,8 фоизга тушиб, эҳтиёжманд аҳоли сони 2 миллион 200 минг нафар эди. Ҳозир бу кўрсаткич 1,5 миллион нафарни ташкил этмоқда.
Ишни тўғри ташкил қилган 49 та туман ва 3429 та маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айланаётгани кўрсатиб ўтилди.
Айни пайтда қолган 159 та туман ва шаҳар ҳамда 5536 та маҳалладаги масъуллар фаолиятида натижа етарли эмаслиги танқид қилинди.
Президент барча ҳудудларга бир хил ваколат, ресурс ва имконият берилганини таъкидлаб, улардан самарали фойдаланиш зарурлигини қайд этди.

Йиғилишда жойларда натижа бўлмаётганининг асосий сабаблари таҳлил қилинди.
“Маҳалла еттилиги” учун масъул раҳбарлар вилоят, туман, шаҳар ва маҳалладаги ходимларга қабул қилинган қарорларни қандай ижро этиш бўйича аниқ кўрсатмалар бермаётгани қайд этилди.
Айрим раҳбарлар яратилган шароитлардан тўғри фойдаланиш ва “еттилик” фаолиятига холис баҳо беришни билмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Туман ва маҳаллада камбағаллик ҳамда ишсизликка масъул ходимларда ҳадик борлиги, ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олишни истамаётгани танқид қилинди.
Камбағалликни қисқартириш бўйича 50 йиллик тажрибага эга Хитой ҳам замон талабидан келиб чиқиб, қуйи тизимга доимий равишда аниқ кўрсатмалар бериб бориши таъкидланди.







