А лигаси, 4-гуруҳ

Жезушда 100 фоизлик натижа

Португалия – Норвегия 2:1
Голлар: Айер, 36 (0:1). Жоау Канселу, 38 (1:1). Рамуш, 79 (2:1)
Португалия: Кошта, Рубен Диаш, Вейга, Нуну Мендеш, Жоау Канселу (Далот, 63), Палиня (Рубен Невеш, 63), Витиня (Бернарду Силва, 86), Бруну Фернандеш (Нуну Тавареш, 90), Консейсау, Рамуш, Жоау Феликс (Тринкау, 90)
Норвегия: Селвик, Айер, Эстигор, Волфе, Эурснес, Берг (Осгор, 87), Берге, Эдегор, Нуса (Бобб, 74), Шелдеруп, Ҳоланд (Странн Ларсен, 67)
Огоҳлантиришлар: Жоау Канселу, 12. Консейсау, 86. Бруну Фернандеш, 88
Четлатиш: Консейсау, 86 (иккинчи сариқ)

Португалия иккинчи ўзаро ўйинда ҳам Норвегиядан устун келди – 2:1. Скандинавлар устози Столе Солбаккен олдинги ўйинларда қўпол хатоларга йўл қўйгани учун дарвозабон Нюландни алмаштирганди, аммо бу ҳам фойда бермади. Ҳолбуки Норвегия Мартин Эдегорнинг узатмаси ва Айер тўп учун курашда ютиб чиқиб, фантастик зарбаси йўллаши орқали ҳисобда олдинга чиқиб олишганди, аммо португаллар камбэк амалга оширишди. Ҳисоб очилганидан икки дақиқа ўтиб Жорже Жезуш шогирдлари аут ижроси орқали рақибни ҳайрон қолдиришди: Мендеш тўпни жарима майдони ичкарисига эмас, ташқарида турган Жоау Канселуга оширди, у эса тўпни дарвоза тўққизлигига аниқ йўналтирди.

Норвегияликларда иккинчи бўлимда ҳисобда олдинга чиқиб олиш учун яхши имконият юзага келганди, аммо Эрлинг Ҳоланд Рубен Диаш билан тўп учун курашда ютиб чиққанидан кейин йўллаган зарба дарвоза соҳасига тўғри бормади. У иккинчи бўлим давомида танасида ноқулайлик ҳис қилди ва ўзини алмаштиришни сўради.

Португалия эса ўз имкониятидан фойдаланди: 79-дақиқада Витиня тўпни жарима майдонида ўзини таклиф қилган Жоау Фелишга етказиб берди, у эса тўпни бир тегинишда қулайроқ вазиятда турган Гонсалу Рамушга етказди ва Роналду ўрнига асосий форвардга айланган футболчи ҳужумни аъло даражада якунлади. Статистикага кўра, ушбу футболчи гол урган ўйинларда Португалия ғалаба қозониши кафолатланган (11 тадан 11 та).

Ўйин охирида ҳакам икки дарвозага ҳам биттадан пеналти белгиламади, Франсишку Консейсау эса ҳакам билан тортишгани учун бир дақиқа ичида икки бор сариқ карточка олиб майдонни тарк этди. Лекин Норвегия қолган дақиқаларда сон жиҳатдан устунликдан фойдалана олмади ва гуруҳда сўнгги ўринга тушиб кетди. Португалия Жорже Жезуш бошқарувидаги тўртинчи ўйинда ҳам ғалаба қозонди, шундан учтасида Криштиану Роналдунинг хизматларига эҳтиёж сезилмади.