Франция миллий жамоаси Зинедин Зидан бошқарувида иккинчи ўйинини ўтказди. 1-турда Туркия майдонидан қийин ғалаба (1:0) билан қайтган французлар бу турда Белгияга сафар қилишди. Зидан бу ўйинда қатор етакчиларни (Дембеле, Олисе, Шерки, Юпамекано ва Рабио кабилар) захирада қолдирди, Мбаппе эса жароҳат туфайли сафдан чиққан. Натижада кўпчилик мухлислар учун нотаниш бўлган Лукаш Да Куня, Эстебан Лепол, Жереми Жаке, Анди Диуф каби футболчилар илк дақиқалардан майдонга тушди.
Французлар тўпга эгалик қилишди ва кўпроқ зарба беришди (10 га қарши 18 та, шундан 9 таси дарвоза соҳасига тўғри борган), аммо Марк ван Боммел бошқарувидаги белгияликлар ҳам тенгма-тенг кураш олиб боришди ва бир қанча хавфли вазиятлар яратишди. Масалан, биринчи бўлимда Кевин де Брюйне Шарл де Кетеларени бўш дарвоза қаршисига чиқарганди, аммо ҳужумчи тўпга мослаша олмади.
Натижада барчаси ўйин охирида, 88-дақиқада ҳал бўлди: Зидан барибир асосий таркиб футболчиларига мурожаат қилишига тўғри келди ва 77-дақиқада Шерки ҳамда Олисени майдонга ташлади. Биринчиси пас берди, иккинчиси тўп билан жарима майдонига кириб бориб, икки ҳимоячи йўлини тўсиб чиққанига қарамай, тўпни бурчакка аниқ йўналтирди.
Сўнгги дақиқаларда урилган ғалаба голини эса Зинедин Зидан ҳиссиётга берилиб нишонлади. Ўз қарори тўғри чиққанидан хурсанд бўлган мураббий майдон четида ўрнатилган тўпни куч билан тепиб юборди ва олдинга югурди.
Ўттиз йил муқаддам Винченцо Монтелла ва Роберто Манчини Свен-Йоран Эрикссон бошқарувидаги «Сампдория»да ҳужум тандемини ташкил этарди. Ёш Винценцо ўшанда генуяликлар жамоасига эндигина келганди. Роберто эса охирги мавсумини ўтказаётганди ва бу форвардлар жуфтлиги ўша мавсумда биргаликда 37 гол уришади. Кейинроқ улар Италияда клублар мураббийлари сифатида тўқнашганди: Монтелла бошқарувидаги «Фиорентина» Манчинининг «Интер»ини мағлуб этган, кейинроқ миланликлар Монтелланинг навбатдаги жамоаси «Сампдория»дан устун келган. Энди улар терма жамоалар миқёсида учрашишди.
Ёмғирли Истанбулда италянлар ўзини жуда қулай ҳис қилишди ва илк дақиқлаардан ҳужумкор ўйнашди. Аввалига Пио Эспозитонинг хавфли зарбасини дарвозабон Олтой Байиндир бармоқлари учлари билан тўхтатишга эришганди, аммо кейинги ҳужумда ҳисоб барибир очилди: бурчак зарбаси ерлатиб ўйналганида ҳимоячи Зеки Челик тўпни тепиб юбора олмади, Бастони эса жарима майдони марказидан туриб дарвозани ишғол этди. Бу Италиянинг Манчини бош мураббийликка қайтганидан кейинги илк голи бўлди.
Бўлим ўрталарида эса ҳимоячи Майкл Кайоденинг ҳужумга қўшилиши гол билан якунланди. Унинг зарбасидан кейин дарвозабон тўпни қайтарганди, аммо тўп Фраттезининг оёқлари остига келиб тушди. «Скуадра адзурра» ҳужум қилишда давом этди ва 27-дақиқадаёқ учта тўп фарқи билан олдинга чиқиб олди: бу сафар Кайоденинг ўзи барчасини ҳал қилди.
Иккинчи бўлим бошида турклар ўзига келгандек бўлди ва Бариш Йилмаз ҳисобни қисқартирди. Аммо меҳмонлар тезда тўртинчи голни ҳам уришди: Тоналининг зарбасидан кейин устундан қайтган тўпга биринчи бўлиб Пио Эспозито етиб борди. Қолган вақт мобайнида Туркиянинг интригани қайтаришга бўлган уринишлари бесамар кетди.
Италия ниҳоят ёрқин ўйнай бошлади ва дастлабки очколарни қўлга киритди, Туркияда эса икки турдан кейин бирорта ҳам очко йўқ.
Поляклар илк дақиқаларданоқ шведларнинг кучли босими остида қолди ва бу ҳужумлар бурчак зарбаси орқали тезкор гол урилиши билан якунланди. Линделёфнинг узатмаси шунчалик муваффақиятли чиқдики, тўп дарвоза қаршисида турган Нугреннинг бошига етиб борди. Биринчи бўлим ўрталаридан эса «Оқ бургутлар» ташаббусни ўз қўлига олишди ва мезбонлар дарвозабони бир неча бор қаҳрамонлик қилишига тўғри келди. Аммо бўлим охирида Шимански Залевскининг қанотдан узатмасига етиб бориб, ҳисобни тенглаштирди.
Швеция эса танаффусдан катта иштиёқ билан қайтди ва яна кетма-кет ҳужумлар билан рақибнинг кўзини очирмади, бу ҳужумлар якунида яна корнердан иккинчи голни урди. Тўп ерлатиб Айари турган нуқтага етказиб берилди, «Брайтон» футболчиси бир ҳаракат билан ҳимоячини йўлдан олди, иккинчи ҳаракатида қайтариб бўлмас зарба йўллади. Грэм Поттернинг ўйин учун ишланмалари ўзини оқлади, Йокереш эса қаторасига иккинчи ўйинни ҳам голсиз тарк этмади. «Арсенал»да Кай Ҳаверц яхши спорт формасида экани туфайли бу мавсум стартида захирада қолиб кетган футболчи терма жамоа йиғинида ўзига бўлган ишончни ва спорт формасини тикламоқда. Шведлар эса қаторасига икки ғалабадан кейин гуруҳ жадвалида яккапешқадам бўлиб олишди.
Руминий ўз майдонидаги ўйинни мухлисларсиз ўтказишга мажбур бўлди – УЕФА маҳаллий мухлисларнинг 2024 йил Косовога қарши ўйиндаги хатти-ҳаракатлари учун интизомий жазо қўллаганди. Бу куннинг энг сермаҳсул ўйинига айланди: ўз мухлислари қўлловисиз қолган мезбонлар биринчи бўлимдаёқ учта гол ўтказиб юборишди, бу голларга Бирлиджанинг биргина голи билан жавоб қайтарилди, иккинчи бўлим бошида эса боснияликлар тўртинчи голни ҳам уришди. Руминия яна бир бор ҳисобни қисқартирди, аммо барибир интригани қайтара олмади. Георге Ҳажи жамоаси қаторасига икки ўйинда ютқазиб, гуруҳ жадвалида сўнгги ўринда бормоқда.
Гуржистон миллий жамоаси биринчи турда Шимолий Ирландияга қарши ўта нурсиз ўйин кўрсатганидан (0:1) кейин маҳаллий федерация 2021 йилдан буён жамоани бошқариб келган Вилли Саниёлни истеъфога чиқарди ва унинг ўрнига ёшлар жамоаси устози Рамаз Сванадзени янги бош мураббий этиб тайинлади. 45 ёшли мутахассис бошқарувидаги илк ўйинда гуржилар украинларга қараганда яхшироқ ҳаракат қилишди, икки баравар кўпроқ зарба беришди (14:7), аммо барибир гол ура олишмади.
Гуруҳдаги иккинчи ўйинда ҳам мухлислар гол кўришмади. Шимолий Ирландия ва Венгрия ўйини кўпроқ қўполликлар билан ёдда қолди ва ҳакам олти марта карточкаларини чўнтагидан чиқарди.
2 октябр. Венгрия – Гуржистон, Украина – Шимолий Ирландия.
Арманистон ўз уйида Черногория билан қувлашмачоқ ўйнаб, ютқазди – 2:3. Мезбонлар ўйин давомида икки бор ҳисобни тенглаштиришди, аммо дурангни ушлаб қола олишмади: ҳал қилувчи гол 89-дақиқада урилди. Ўйининг асосий ҳайлайти – Эдуард Сперцяннинг иккинчи бўлим ўрталаридаги голи бўлди: у рақибнинг уч футболчисидан қочиб кетди ва тўпни жарима майдони ташқарисидан йўлланган зарбаси билан тўққизликка жойлаштирди.
Латвия ва Кипр ўйинида эса бирорта гол урилмади – 0:0. Кипр кўпроқ вақт давомида тўпга эгалик қилиб, 18 бор зарба берди ва 1,19 xG кўрсаткичини қайд этди, аммо сафардан биргина очко билан қайтди.