Бокс бўйича Ўзбекистон эркаклар жамоаси бугун Осиё ўйинларининг 13-кунида учта вазн тоифасида финал жангларида иштирок этди.

Дастлаб 90 килограммгача бўлган вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Тўрабек Ҳабибуллаев хитойлик Ҳуежанг Ҳаннига қарши рингга кўтарилди. Ўзбекистонлик боксчи жангда тўлиқ устунлик қилди ва ҳакамлар бир овоздан унинг ғалабасини қайд этишди (5:0).

Бунгача Осиё ва жаҳон чемпиони унвонларига эга бўлган 22 ёшли боксчи илк бор Осиё ўйинлари ғолиблигини ҳам қўлга киритди (Ҳангчжоудаги Осиё ўйинларида у бронза билан ортга қайтганди).

Шундан кейин, 60 килограммгача бўлган вазн тоифасида Абдумалик Ҳалоков жанубий кореялик Донгҳванг Жангга қарши финал жангини ўтказди. Бу баҳсда ҳам олдиндан фаворит бўлган ўзбекистонлик боксчи якунда яққол ғалабага эришди (5:0).

photo_2026-10-02_18-50-11
Фото: Миллий олимпия қўмитаси
Абдумалик Ҳалоков

Олимпиада ўйинларининг амалдаги ғолиби, икки карра жаҳон чемпиони ва Осиё чемпиони ҳисобланган Ҳалоков учун бу Осиё ўйинларидаги иккинчи ғолиблик бўлди. У бундан олдинги турнирда ҳам ўз вазн тоифасида тенгсиз бўлганди.

Учинчи финалда эса +90 кг вазн тоифасида Жаҳонгир Зокиров Қозоғистон вакили Айбек Ўралбайга мағлуб бўлди (0:5) ва кумуш билан кифояланадиган бўлди.

photo_2026-10-02_18-29-18
Фото: Миллий олимпия қўмитаси
Жаҳонгир Зокиров (чапдан биринчи) бошқа совриндорлар билан

Бунгача Фируза Казакова (-51 кг), Ситора Турдибекова (-60 кг), Фазлиддин Эркинбоев (-70 кг) ва Шавкатжон Болтаев (-80 кг) яримфиналда ютқазиб, бронза медаллар билан ортга қайтадиган бўлганди.

photo_2026-10-02_12-53-37
Фото: Миллий олимпия қўмитаси
Фируза Казакова тақдирлаш маросимида
photo_2026-10-02_12-58-53