Жаҳон | 12:54 / 23.12.2024
3056
5 дақиқада ўқилади

Тоза ҳаво ва саломатлик учун – Калифорния штати 2035 йилдан фақат электромобиллар сотувига рухсат беради

АҚШнинг энг бой штати 2035 йилдан бошлаб ички ёнув двигателига эга автомобиллар (гибрид моделлар бундан мустасно) сотувини тўхтатишга қарор қилди. Инсон саломатлиги ва тоза ҳавони сақлаб қолиш учун ҳайдовчилар электромобил сотиб олишга рағбатлантирилмоқда. Айни вақтда штатда 2 миллиондан ортиқ электромобил учун 150 мингта оммавий, 500 мингта хусусий зарядлаш станциялари бор.

Фото: Kun.uz

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти 18 декабр куни Калифорния штатига 2035 йилга қадар барча янги автомобиллар сотувида нол эмиссия бўлишини талаб қилувчи ўз регламентини тўлиқ амалга оширишга рухсат берди. Бу ҳақда Калифорния губернаторлиги маълум қилди.

Калифорния ҳаво ресурслари кенгаши томонидан 2022 йилда қабул қилинган Advanced Clean Cars II (ACC II) регламенти ички ёнув двигателига эга автомобиллар учун эмиссияларни камайтиришга доир қаттиқ талабларни илгари суради.

«Байден-Харрис маъмурияти биз ўнлаб йиллар давомида билган нарсамизни яна бир бор тасдиқлади – Калифорния ҳавони тозалаш ва ифлосланишни камайтириш орқали одамларимизни ҳимоя қилиш муаммосига ечим топиши мумкин. Ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ марка ва моделлар мавжудлиги сабабли, миллионлаб калифорнияликлар аллақачон электромобилларга ўтишди. Автомобил ишлаб чиқарувчилари бу борада бизнинг истеъмолчилар билан бирга қолиш ниятида эканликларини очиқ айтди. Биз одамларнинг пулини тежайдиган тоза автомобиллар сари интиламиз.

Калифорния губернатори Гавин Невсом

Сайланган президент Трамп каби танқидчилар нефт саноатини истеъмолчилар ва маҳаллий автомобил ишлаб чиқарувчилардан устунроқ кўряпти, лекин Калифорния бозорда янги инновацияларни қўллаб-қувватлашда давом этади», – деган Калифорния губернатори Гавин Невсом.

Қазилма ёқилғиларда (бензин, дизель, газ кабилар) юрадиган транспортлар Калифорниядаги ҳаво ифлосланишининг энг катта манбайи ҳисобланади. Юқоридаги тартибга ишга тушиши 2035 йилга қадар штатда тўлиқ ички ёнув двигателида юрадиган янги йўловчи транспорт воситаларини сотишни босқичма-босқич тўхтатади.

Калифорния губернаторлигига кўра, Advanced Clean Cars II регламенти қуйидагиларни назарда тутади:

  • Истеъмолчилар пули тежалади. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳайдовчилар техник хизмат кўрсатиш ва ёқилғи нархининг пастлиги туфайли нол эмиссияли машиналарга ўтишда 7,5 минг доллар маблағини тежайди. Тежалган маблағ жами 90 миллиард доллардан ошади.
  • Ҳаётни ва соғлиқни сақлаш харажатлари учун ҳам миллиардлаб долларлар тежалади. Ифлослантирувчи моддалар 25 фоиздан кўпроққа қисқариши натижасида штат аҳолиси нафас йўллари касалликлари билан боғлиқ тиббий харажатларни 13 миллиард долларгача тежайди.
  • Истеъмолчилар учун кўпроқ ҳимоя таъминланади. Юқоридаги тартиб электромобил ва батареянинг мустаҳкамлиги учун янги талаблар ва кучли кафолатларни ўз ичига олади. Натижада, нафақат заводдан, балки ишлатилган “яшил тулпор”ларнинг ҳам ишончлилиги ортади.
  • Истеъмолчи танлови оширилади. Дастур автомобил ишлаб чиқарувчилардан Калифорнияга тобора талаб ортиб бораётган “тоза автомобил”ларни етказиб беришни талаб қилади. Бундай транспорт воситаларининг кўпайиши ҳукуматнинг қазиб олинадиган ёқилғига қарамлигини камайтиради. Ушбу автомобиллар эса асосан электр ёки водород билан ишлайди. Кичик ҳажмдаги электромобиллардан тортиб, кичик тоннали пикаплар ҳам электрлашмоқда.

Оқ уй рухсат берган истиснога кўра, регламент асосида оғир тоифадаги автобусларнинг ҳам зарарли азот оксиди эмиссиясини кескин камайтириш имкони мавжуд.

2026 йилдан штатдаги сотувга чиқарилган янги автомобилларнинг 35 фоизи нол эмиссияли бўлиши талаб қилинади. Бу рақамлар 2035 йилга бориб 100 фоизга етиши керак.

Кўплаб америкаликлар қатори миллионлаб калифорнияликлар ҳам аллақачон тоза транспорт воситаларига ўтишган: 2 миллиондан ортиқ аҳоли нол эмиссияли автомобиллар сотиб олган. Бу – янги автомобиллар сотувининг тўртдан бир қисми. Электромобиллар учун нархлар тўсиғи пасайиб бормоқда.

Батареялар – автомобилларнинг энг қиммат компоненти бўлиб, сўнгги ҳисоботларда аккумуляторлар нархи анча тез тушиб бораётганини кўрсатмоқда. Натижада 2026 йилга келиб янги электромобиллар нархлари ички ёнув двигателли машиналар нархи билан тенглашиб қолиши кутиляпти.

Бундан ташқари, Калифорния кам даромадли ҳайдовчиларга ушбу машиналарни сотиб олишга имтиёзлар беради, коммунал хизматлардан рағбатлантиради.

Калифорниянинг зарядлаш ва ёқилғи билан таъминлаш инфратузилмаси тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Ҳозирда Калифорнияда 150 мингдан ортиқ электромобилларни оммавий зарядлаш станциялари мавжуд. Калифорния энергетика комиссияси яна 17 мингта зарядлаш станцияларини молиялаштириш режасини эълон қилди. Инвестиция режалари ва бошқа дастурлар билан биргаликда келгуси йилларда штатда 250 мингтагача зарядловчи қурилма бўлиши кутилмоқда. Умумий тармоққа қўшимча равишда, давлат ҳисоб-китобларига кўра, штат бўйлаб 500 мингдан ортиқ уйда хусусий зарядловчи қурилмалари ўрнатилган”, – дейилади Калифорния губернаторлиги баёнотида.

Шу билан бирга, бу регламент тўлиқ ички ёнув-двигателида ишловчи олдин сотилган автомобиллардан фойдаланишни тақиқламайди. Ҳайдовчилар 2035 йилгача сотиб олган машиналарини миниб юраверади. Шунингдек, зарядланадиган гибрид автомобиллар сотуви ҳам давом этади.

Мавзуга оид