АҚШ президенти Доналд Трамп Европа Иттифоқи ва Канада ўртасидаги ҳамкорликнинг янада кенгайишига кескин муносабат билдирди.
16 сентябр куни Шимолий Каролинада журналистлар билан суҳбатда Трампдан Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйеннинг Канадани ЕИнинг биринчи «ассоциацияланган аъзоси»га айлантириш режаси ҳақида сўралди.
Трамп бу ғояни «кулгили» деб атаб, Европа Иттифоқининг ҳаракатларини АҚШга нисбатан дўстона бўлмаган қадам деб баҳоласа, Вашингтон жавоб чораларини кўришини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, бундай вазиятда Европа товарларига «жуда юқори божлар» жорий этиш ёки Европа билан савдони тўхтатиш вариантлари кўриб чиқилиши мумкин.
Шу билан бирга, Трамп ЕИ ва Канада ўртасидаги яқинлашув қандай мақсадни кўзлаши муҳимлигини айтган. Агар бу ҳаракатларда АҚШга қарши ният кўрилмаса, унинг сўзларига кўра, муаммо бўлмайди.
Канада ЕИнинг «ассоциацияланган аъзоси» бўлиши мумкин
Трампнинг баёнотидан аввал Урсула фон дер Ляйен Европа парламентида Канада бош вазири Марк Карни иштирокида Европа Иттифоқи Канада билан муносабатларни «имкон қадар энг юқори даражага» олиб чиқиш ниятида эканини маълум қилган.
Фон дер Ляйен Марк Карни билан биргаликда Канаданинг Европа Иттифоқи тарихидаги биринчи «ассоциацияланган аъзо»га айланиши устида ишлашни хоҳлаётганини айтди.
Ҳозирча бундай мақом нимани англатиши ва Канадага қандай ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар бериши ҳақида батафсил маълумот берилмаган.
Еврокомиссия раҳбари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида технологиялар ва мудофаа саноатини тилга олган. Унинг таъкидлашича, ЕИ ва Канаданинг ҳамкорлиги бошқа давлатларга қарши қаратилмайди, балки икки томонни кучайтиришни мақсад қилади.
АҚШ ва Канада ўртасида савдо зиддиятлари кучайган
Трампнинг Европа Иттифоқига огоҳлантириши Вашингтон ва Оттава ўртасидаги савдо зиддиятлари кучайган бир пайтга тўғри келди.
16 сентябр куни Трамп Канадада ишлаб чиқарилган товарларни АҚШнинг федерал фуқаролик давлат харидлари тизимидан чиқариш бўйича чоралар кўришни назарда тутувчи меморандумни имзолади.

















