Суҳроб Шодиёров 8 йилдан бери АҚШда яшайди. У Америкага келганидан бери асосан ҳайдовчилик қилади. Ню Йоркда яшовчи ватандошимиз ойига 10 минг АҚШ доллари ва ундан кўп даромад қилади. Аммо у Америкага Ўзбекистондаги раҳбарлик лавозими ҳамда тайёр карерасини ташлаб келган. Суҳбатдошимизга кўра, чиройли ҳаёт ортида ҳаммага ҳам кўринавермайдиган қийинчиликлар ҳам бисёр.

Аввало, оила ва ватандан, ота-онадан узоқда яшаш кўп юртдошларимиз сингари Суҳробни ҳам қийнайди. Бундан ташқари, катта шаҳарда такси ҳайдаш осон иш эмас. Биринчидан, ҳужжатбозлик ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш жараёнидан ўтиш лозим. Иккинчидан, мижозлар – ҳар хил одамлар.

Узоқ йиллик ҳайдовчи сифатида Суҳроб машинасига бизнесменлардан тортиб юзига ниқоб тақиб олганлар, наркотик моддаларни истеъмол қилиб олганлар ҳам чиқишини айтади. Шунинг учун у бугун фақат бизнес турдаги буюртмаларни қабул қилади.

Суҳробнинг қўшимча қилишича, сердаромад иш бўлишига қарамай ўзбек таксистларнинг энг катта муаммоси – инглиз тилини ҳеч бўлмаса бошланғич даражада билмаслиги.

“Бизнинг таксистлар оддий сўзларни ҳам билмайди. Масалан, кетаётганда мижоз савол берса ёки ниманидир тушунтирса, сўраса, жим ўтириш жуда ғалати. Бир давлатга келгандан кейин унинг тилини ҳам бироз ўрганиб қўявериш керак”, дейди ҳайдовчи Шодиёров.

Шунингдек, суҳбатдошимиз Америкада мижоз маданиятига ҳам тўхталди. Аксарият мижозлар ҳурматни жойига қўйиши, агар улар учун шароитлар яратиб қўйилса, албатта, қадрлашини айтади.

Масалан, Америкада чойчақа маданияти жуда яхши шаклланган. Хизмат кўрсатиш нуқталари ва таксиларда мижозлар чин кўнгилдан қўшимча пул қолдириб кетади. Юртдошимиз ҳам буни ижобий баҳолади.

“TIP маданияти жуда ҳам яхши бу ерда. Масалан, менинг ўзимга энг катта чойчақани бир одам $200 бериб кетганди. У билан биз 100 километрдан ошиқ йўл босганмиз. Ўзбекистон ҳақида гапириб берганман, ҳамсуҳбат бўлганман ва охирида қўшимча 200 доллар бериб кетганди. Ундан ташқари ҳам ҳар куни камида 50-100 доллар чойчақа оламиз”, дейди Суҳроб.

Лекин сердаромад соҳа ва чиройли ҳаётга эга бўлишига қарамай Суҳроб Ўзбекистонга бутунлай қайтиш ҳаракатида. 8 йил дунё молия пойтахти – Ню Йоркда яшаганига қарамай, у барибир ўз юртини танлаган. Бунинг сабаблари қандай? Жавоб топиш учун суҳбатни тўлиқ томоша қилинг.