Фарғона шаҳрининг Мустақиллик кўчасидаги болалар майдончаси ўраб олиниб, ҳудудда кўп қаватли уй қурилиши бошланган. Бунга қарши чиққан аҳоли эса “обончи” аёллар томонидан қўрқитилган. Kun.uz мухбири ҳудудда бўлиб, аҳоли ва масъулларга микрофон тутди.
Бундан 4 йил муқаддам – 2021 йилнинг февралида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳрида аҳоли яшаш шароитларини ўрганар экан кўп қаватли турар жойлар ўртасида барча қурилишлар тўхтатилиши, болалар ҳамда спорт майдончалари қайта тикланиши, бундай қурилишларга рухсат бериш билан боғлиқ барча қарорларни бекор қилиш юзасидан тегишли ташкилотларга топшириқ берган эди. Шунга қарамай шаҳарнинг Мустақиллик кўчасида айнан болалар майдончаси ўрнида кўп қаватли уй қурилиши бошланган. Бунга қарши чиққан аҳоли эса “обончи” аёллар томонидан қўрқитишга ўтилган. Энг қизиғи айнан қурилиш бўлаётган ҳудуд ўрнида қўшни домнинг канализация ва газ тармоғи ўтган.


Қаршилик қилсак бизга пул таклиф қилишяпти
“Тўртинчи қаватда яшайман. Қилаётган ишлари қурилиш тартибига умуман тўғри келмайди. Домимиз тагидан котлаван қазишга тушишди. Дардимизни эшитадиган ташкилот йўқ.

Чиқмаган жойимиз қолмади. Прокурор келиб эртага ҳаммасини ҳал қиламиз деди. Лекин ҳеч нарса ўзгармади. Қурувчилар яна билганини қиляпти. Қурувчилар келиб, қўлимизда хужжатимиз бор, қароримиз жойида дейди. Кадастр бошлиқлари ҳам негадир қурувчи томонда. Қаршилик қилсак бизга пул таклиф қилишяпти”, – дейди Анваржон Қодиров.
Қурувчига ҳеч кимнинг гапи ўтмаяпти...
“Икки ҳафтадан бери тинчимиз бузилган. Бинони кўтаришвормасин деб кўчада навбатда турибмиз. Қурилиш майдони ўрнида болалар майдончаси бор эди. Машиналаримиз турарди. Болаларни майдондан чиқаришиб атрофини ўраб олишди.














