Англия Хорватияга 7 та гол урди, Ямалда ноодатий серия
|11:229 15814 мин
Миллатлар лигаси гуруҳ босқичида 3-тур доирасида навбатдаги ўйинлар бўлиб ўтди: Модрич Англияга қарши ўйиндан кейин узр сўради, Ямал қаторасига учинчи ўйинда тезкор гол урди, Швейцария ва Шимолий Македония ўйинини ит тўхтатиб қўйди.
Фото: IMAGO/Jerko Grubisic Хорватлар шу вақтгача ўз уйида 5 тадан кўп гол ўтказмаганди, бу сафар 7 та гол ўтказилдиФото: IMAGO/Jerko Grubisic Хорватлар шу вақтгача ўз уйида 5 тадан кўп гол ўтказмаганди, бу сафар 7 та гол ўтказилди
Хорватия авлодлар алмашинуви ва жамоанинг сўнгги ўн йилликдаги ютуқларининг асосий ижодкори бўлган Златко Даличнинг кетишини оғриқли ўтказмоқда.
Инглизлар номдор рақибга қарши сафарда кечган ўйинда жуда осон ғалабага эришди. Барчаси биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлди. Аввалига «Сити» ҳимоячиси Йошко Гвардиол қаторасига иккинчи ўйинда голга олиб келувчи хатога йўл қўйди. Майдон марказида тўпни ундан олиб қўйган меҳмонлар қарши ҳужум уюштирди ва бу ҳужум Беллингҳэм Ҳарри Кейнни голли вазиятга чиқариши билан якунланди.
Кейн шу куни дубл қайд этди ва яна бир голга узатма берди, Жуд Беллингҳэмда 1+3, Букайо Сакада 2+1, Энтони Гордон эса 1+1. Захирадан тушган Морган Роджерс эса 87-дақиқада якуний ҳисобни ўрнатди 7:0.
Инглизлар устози Томас Туҳел еттинчи голдан кейин хорватлар устози Славен Биличнинг олдига бориб, уни қўллаб-қувватлади.
Ўйиндан кейин хорватлар сардори Лука Модрич мухлислардан узр сўради: «Курашсиз, фидокорликсиз, фолларсиз, жамоавий бирликсиз. Мен бу ерда 20 йилдан бери ўйнайман ва айтишим керакки, ўйиндан кейин биринчи марта уяляпман. Ютқазишни қабул қилиш мумкин – улар кучлироқ эди, лекин бундай тарзда ютқазиш ва ўз обрўнгизни мана шундай тарзда йўқотишга йўл қўйиб бўлмайди. 20 йил ичида биринчи марта чиндан ҳам уяляпман. Бир-биримизни бармоғимиз билан кўрсатишимиз шарт эмас, ҳар доимгидек буни биргаликда бошдан ўтказишимиз керак. Ўйинларда катта фарқ билан мағлуб бўлганмиз, аммо бу ўйиндан кейинги ҳис-туйғулар буткул бошқача. Мен ҳеч қачон бундай аҳволга тушмаганман. Узр сўрайман».
Бу Англия миллий жамоасининг сўнгги уч йилликдаги энг йирик ғалабаси бўлди. Жамоа 2023 йилда Евро-2024 саралашида Шимолий Македония дарвозасига ҳам жавобсиз 7 та гол йўллаганди. Англия XXI асрда фақат икки бор бундан йирикроқ ҳисобда ғалаба қозонган: 2013 ва 2021 йилларда Сан-Маринога қарши ўйинларда мос равишда 8:0 ва 10:0 ҳисобларида. Аммо рақиблар даражаси буткул фарқ қилади.
Мавзуга оид
Хорватияда олдин ҳам йирик мағлубиятлар бўлган. Аммо бундай катта фарқдагиси биринчи марта. Шу вақтгача болқонликларнинг энг йирик мағлубияти 2018 йил сентябрида сафарда Испанияга қарши ўйинда бўлганди – 0:6.
Бу ўйинда стадионга атиги 6342 нафар мухлис тушганди, аммо улардан аксари болалар эди – Миллатлар лигаси ўтган мавсуми чоракфиналида Францияга қарши ўйинда рўй берган тартибсизликлар туфайли хорватларга ўз уйидаги ўйинларда мухлислар кириши бўйича чекловлар жорий этилган, аммо футбол академияларидаги 14 ёшгача бўлган болалар стадионга тушишига рухсат берилган.
Кейн қаторасига олтинчи ўйинда гол урмоқда: у бу оралиқда жами 8 гол урган. Мавсум стартидан буён ўтказилган жами 10 ўйинда (клуб ва терма жамоада) Ҳарри урган голлар сони 10 тани ташкил этмоқда. У Англия миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар. Ва фақат олти футболчи ўз миллий жамоаси учун ундан кўра кўпроқ гол уришган: Криштиану Роналду (146), Лионел Месси (125), Али Дайи (108), Сунил Четри (95), Ромелу Лукаку (94) ва Роберт Левандовски (92).
Гордон халқаро танаффусдаги учала ўйинда ҳам гол урди. Мавсумни жуда яхши бошлаган ушбу чап қанот вингери Миллатлар лигаси ўйинларида 3+1 кўрсаткичини қайд этди, шунингдек, «Барселона» сафида 4 та ассист амалга оширган.
Испания Чехияга қарши ўйинда ҳам ғалаба қозонди – 3:1. Ламин Ямал ўз одатига кўра ўйин стартида ҳисобни очди: олдинги икки ўйинда икки дақиқа ичида гол урган футболчи бу сафар бироз чўзиб юборди ва фақат 6-дақиқага келиб ўз услубида олис бурчакка зарба берган ҳолда дарвозани ишғол этди. 35-дақиқада Родри ҳам гол урди ва мухлислар йирик ҳисобга тайёрлана бошлади, аммо чехлар иккинчи бўлимда битта жавоб голини уришга эришди.
79-дақиқада ҳисоб тенглашганди ҳам: Давид Райя тўпни қўлидан чиқариб юборди ва Райан Надери бу вазиятдан фойдаланди. Аммо у ҳужумда фол ишлатган деб топилди ва гол бекор қилинди.
Чехлар сардори Ладислав Крейчи ушбу эпизодда ҳакам билан баҳслашгани учун сариқ карточка олди, бироз ўтиб у яна бир бор огоҳлантирилди ва майдонни эрта тарк этишга мажбур бўлди. Испанлар эса ўн кишига қарши ўйинда навбатдаги голни урди – захирадан ўйинга қўшилган Микел Мерино ўз анъанасига содиқ қолиб, сўнгги дақиқаларда гол урди.
Испания асосий вақтда ютқазмаслик бўйича сериясини 41 ўйинга етказди. Бу серия 2024 йил мартидан буён давом этиб келмоқда. Жамоанинг сўнгги мағлубияти Колумбияга қарши ўртоқлик ўйинида қайд этилган (0:1). Де ла Фуэнте шогирдлари ўртада Миллатлар лигаси финалида Португалиядан ҳам мағлубиятга учраган, аммо ўшанда асосий вақт 2:2 ҳисобида якунланган, ғолиб пеналтилар сериясида аниқланганди (3:5).
Ямал қаторасига учинчи ўйинда гол урмоқда. Алоҳида жиҳати: Англия ва Хорватияга қарши ўйинларда 2-дақиқада ҳисобни очганди, энди 6-дақиқада гол урди. У бу мавсум стартида клуб ва терма жамоадаги 11 ўйинда 12 гол урди ва 7 ассист амалга оширди.
Бу Чехия учун Миллатлар лигасида қаторасига учинчи мағлубият бўлди. Олдинги турларда чехлар Хорватия (1:2) ва Англия (0:2)дан мағлуб бўлганди, энди Испанияга ҳам кучи етмади.
Испанлар ҳозирча йўқотишсиз давом этмоқда, Англия – асосий таъқибчи.
6 октябр. Хорватия – Испания, Англия – Чехия. 12 ноябр. Чехия – Испания, Англия – Хорватия. 15 ноябр. Хорватия – Чехия, Испания – Англия.
Ушбу гуруҳдаги марказий ўйинда икки жамоа дарвозабони навбати билан хатога йўл қўйди. Аввалига Кобел Випотникнинг у қадар кучли бўлмаган зарбасини ўтказиб юборди. Кейин эса Облак ўз ҳамкасбини қўллаб-қувватлашга қарор қилди ва ўзига келган тўпни қўллари орасидан ўтказиб юборди. Бу вазиятда тўп ҳимоячи Янже орқали дарвозага келганди. Лекин Швейцария ўйин борасида яққол устунликка эга эди ва бу ҳисобда ҳам ўз аксини топди – бўлим охирида Ндой ғалаба голини урди. Мурат Якин шогирдлари стартдаги уч турда 100 фоизлик натижа қайд этган ҳолда гуруҳда пешқадамлик қилишда давом этмоқда.
Финландия Албания билан ўйинда камбэк амалга оширди – 2:1. Аввалига Рей Манай бурчак зарбасидан кейин меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиққанди. Аммо албанлар биринчи бўлим ўрталарида дарвозабон Этрит Беришанинг қўпол хатосидан кейин бир киши кам бўлиб қолишди – дарвозабон жарима майдони ташқарисига чиқиб келди ва рақиб футболчисини йиқитиб, қизил карточка олди.
Шундан кейин финнлар ўйин тизгинини ўз қўлига олишди. Ўйин давомида яримҳимоячи Лео Валта жарима зарбаларидан дублга эришди. Аввалига 26-дақиқада меҳмонларнинг янги дарвозабони Ален Шерри ўзи турган жойга келган тўпни ўтказиб юборди, иккинчи бўлимда эса тўпга сакрашда кечикди. Дарвозабонларнинг хатолари албанларга қимматга тушди.
Беларус Сан-Маринога ҳеч қандай имкон қолдирмади – 4:0. Барча голлар иккинчи бўлимда урилди – тўлиқ устунликка эришилганига қарамай, ҳисоб фақат 46-дақиқада очилди. Аммо шундан кейин мезбонларни тўхтатиб бўлмади: якунда Артём Концевой дубл расмийлаштирди, ҳимоячи Кирилл Печенин ассистлар бўйича ҳет-трикка эришди.
Беларус ўйиндан ўйинга натижаларни яхшиламоқда: жамоа турнирни Албания билан ўйиндаги мағлубиятдан (0:2) бошлаганди, иккинчи турда финнлар билан дуранг қайд этилди (0:0), энди эса кутилганидек гуруҳ аутсайдери тор-мор этилди. Шу билан бирга, Виктор Гончаренко жамоаси ҳамон гуруҳда учинчи ўринда, Сан-Марино эса D лигасига қайтиши тайин.
Исландия Болгарияни йирик ҳисобда таслим этди – 3:0. Оролликлар сафида «Реал Сосиедад» ҳужумчи Орри Оускарссон ўйин қаҳрамонига айланди: барча голларда иштирок этди, шу билан бирга пеналтини уролмади. Ўтган турда Люксембургга қарши ўйинда ҳам гол ва пас қайд этган Оускарссон халқаро танаффусдаги энг сермаҳсул футболчилардан бири бўлмоқда. Қаторасига иккинчи ўйинда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган Исландия гуруҳ пешқадами бўлиб олди.
Эстония Люксембург устидан минимал ғалабага эришди – 1:0. 5-дақиқада урилган гол ўйин тақдирини ҳал қилди: бу вазиятда меҳмонлар дарвозабони сэйв ижро этганди, аммо эстонлар яримҳимоячиси Расмус Пеэтсон тўпга биринчи бўлиб етиб келди. Шу куни Люксембург дарвозабони Антони Морис саккиз бор жамоасини голлардан қутқариб қолди ва мағлубиятга қарамай, ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлди.