Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги ногиронлиги бўлган болалар учун “Ғамхўрлик” марказида тарбияланувчиларга жисмоний зўравонлик қилинган ва столга боғлаб қўйилган. Kun.uz'га келиб тушган видеоларда ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлингани, улар калтаклангани акс этади.

Тарбиячилар қўлларида калтак билан болаларни назорат қилишган. Эркак ходим болалардан бирини улоқтириб юборганини кўриш мумкин. Видеолардан бирида бола тарбиячининг елкаларини уқалаётгани ҳам кўринади. Болалар мажбуран боғлаб қўйилган.

Бундан ташқари, Kun.uz билан боғланган мурожаатчининг айтишича, тарбияланувчилардан бири техник ходим томонидан камералар йўқ хонада калтакланган. Воқеани бошқа тарбияланувчи кўрган ва бу ҳақда бошқа ходимларга ишоралар орқали хабар беришга уринган. Калтакланган бола руҳий касалликлар шифохонасига юборилган. Унинг онаси марказга ИИБ ходими билан келганда эса болани олиб кетишига ва тиббий экспертизага мурожаат қилишига рухсат берилмаган. Акс ҳолда бола марказдан батамом кетишини айтиб, таҳдид қилинган. Ҳозирча бу даъволар расман тасдиқланмаган, аммо марказ фаолиятини чуқур текшириш зарурлигини кўрсатади.

Мурожаат муаллифи воқеага алоқадор камера ёзувлари ўчирилганини айтмоқда.

Агентлик: 7 нафар ходим ишдан бўшатилди

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳолатни тасдиқлади ва расмий муносабат билдирди. Агентликнинг ҳудудий бошқармаси ўтказган ўрганиш натижаларига кўра, видеоларда акс этган 6 нафар тарбиячи ва 1 нафар ҳамшира эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган. Улар билан тузилган меҳнат шартномалари қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилинган. Тарбиячи ходимларнинг иш фаолиятини етарлича назорат қилмаган масъул ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўрилган. “Ғамхўрлик” марказида болалар учун мўлжалланган ўйин майдончалари атрофига қўшимча кузатув камералари ўрнатилган.

Бироқ муносабатда болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик ҳолатларига ҳуқуқий баҳо берилгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга материаллар юборилгани ёки жиноят аломатлари бўйича текширув бошлангани ҳақида маълумот келтирилмаган.