Даъволарда ижтимоий платформалар болаларда қарамликни келтириб чиқариши, фойдаланувчиларни хавфсизлик борасида чалғитиши ва вояга етмаганларнинг шахсий маълумотларини ноқонуний йиғиши таъкидланган эди.
Таъкидлаш жоизки, суд мажлисидан аввалроқ Meta эҳтимолий жариманинг энг юқори миқдорини қарийб 1,4 триллион долларга баҳолаган, штатларнинг бош прокурорлари эса 200 миллиард доллар атрофидаги анча реалроқ рақамни маълум қилган эди.
Axios маълумотларига кўра, Meta вояга етмаганлар учун бир қатор чекловларни жорий қилади, гап аниқ рақамлар ҳақида кетмоқда: 18 ёшгача бўлган фойдаланувчилар учун Facebook ва Instagram’да кунига 2 соатлик чеклов, ярим тундан тонгги 6 гача киришни блоклаш, шунингдек, дарс вақтларида билдиришномаларни чеклаш назарда тутилган.
Пуллар қаерга сарфланади?
Бу шунчаки жарима эмас — Meta штатларга жамоат саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича турли мақсадлар учун маблағ ажратишга рози бўлди. Булар қаторида инқироз ҳолатларида ёрдам кўрсатиш, дарсдан кейинги дастурлар, фаол дам олиш ва ёшларнинг руҳий саломатлигини қўллаб-қувватлаш дастурлари бор.
Қизиқарли жиҳат — рақобатчиларга босим
Келишув суммасининг тахминан 5 миллиард доллари фақат YouTube ва TikTok ҳам штатлар билан шунга ўхшаш битимга рози бўлсагина кучга киради. Бу битим бир соатлик кундузги чекловни, тунги чекловларни, ёшни тасдиқлаш тизимларини жорий этишни ҳамда ҳар бир компаниянинг тахминан 5 миллиард доллар тўлашини ўз ичига олади. Яъни, Meta шу йўл билан рақобатчиларни ҳам ўзига ўхшаш тартибга солиш доирасига тортишга ҳаракат қилмоқда.
Молиявий оқибатлар
Компания ушбу келишув муносабати билан жорий чоракда 10 миллиард доллар миқдоридаги харажатларни ҳисобга олишини маълум қилди — бу сумма аввалги прогнозларда кўзда тутилмаган эди. Премаркетда Meta акциялари 4,4 фоизга ўсди — афтидан, инвесторлар буни энг ёмон сценарийнинг олди олинди, деб қабул қилишган.
Кенгроқ контекст
Бу ижтимоий тармоқларга қарши даъволар тўлқинининг бир қисмидир. Бундан аввал Meta Ню-Мексико штатининг даъвоси бўйича икки босқичда мағлубиятга учраган эди: март ойида ҳакамлар ҳайъати компанияга 375 миллион доллар тўлаш мажбуриятини юклаган бўлса, 6 август куни судья «жамоат учун хавф» яратгани учун яна 567 миллион доллар ундириш ҳақида қарор чиқарган.









