«Imarat Development» қурилиш лойиҳаси эгаси Марат Ҳамдамов Тошкент шаҳар ИИББ томонидан олиб борилаётган жиноят ишида гумонланувчи тариқасида жалб этилган ва ЖПКнинг 227-моддаси тартибида ушланган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Бу воқеа компания лойиҳаларидаги хонадонлар мижозларига ваъда қилинган (шартномада кўрсатилган) муддатларда топширилмагани ортидан муаммолар юзага келиши фонида бўлмоқда.

1 ноябр куни Тошкент шаҳар ИИББ тергов бошқармаси офиси Сергели туманидаги Буюк авлод шоҳкўчасида жойлашган «Imarat Development» масъулияти чекланган жамият раҳбариятига нисбатан ЖКнинг 168-моддаси ва 192-прим 11-моддаси билан жиноят иши қўзғатганди.

Тошкент шаҳар ИИББнинг Kun.uz'га маълум қилишича, жиноят иши доирасида М.Ҳ. ва Ж.А. Жиноят процессуал кодексининг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланган.

Маълумот учун, ЖПКнинг 227-моддасига кўра суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг ушлаб туриш, гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш ҳақидаги қарори асосида ички ишлар органи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган ходими ушланган шахсни энг яқин ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга дарҳол олиб бориши шарт.

Можаро тарихи

Мазкур қурувчи компания атрофидаги можаро ўтган йили бошланганди.

2025 йил июл ойида Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги Sergeli City турар жой мажмуаси қурилишида қоидабузарликлар аниқланганди. Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси маълумотларига кўра, бешта блокдаги (А9, А10, А11, D1 ва D2) ишлар зарур давлат рўйхатидан ўтмасдан олиб борилган. Бундан ташқари, мутахассислар бетон устунларда бўшлиқлар, пойдевор остида сув тўпланиши ва лойиҳада кўзда тутилган дренаж тизими йўқлигини аниқлаган.

Инспекция қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатма берган ва кўрсатилган блоклар қурилишини вақтинча тўхтатган. Ўзини лойиҳа асосчиси сифатида таништирган тадбиркор Марат Ҳамдамов бунга жавобан ишлар бутунлай тўхтатилмагани, балки вақтинча тўхтатиб турилганини ва компания қонун доирасида ҳаракат қилаётганини таъкидлаган.

Kun.uz сайтида эълон қилинган видеорепортажларда эса мурожаатчилар бир неча ой давомида ўз маблағларини қайтариб олишга эриша олмаганини айтиб беришганди.

Харидорлар мижозларни жалб қилиш учун ижтимоий тармоқларда машҳур блогерлар иштирокидаги кенг кўламли реклама кампанияси орқали амалга оширилганига эътибор қаратган. Реклама роликларида фуқароларга дастлабки тўловсиз ёки минимал миқдордаги тўлов билан қулай шартларда бўлиб тўлаш имкониятига эга арзон уй-жойлар ваъда қилинади.