Kun.uz «Imarat Development» қурилиш компанияси ҳамда харидорлар ўртасида юзага келган зиддиятли вазият юзасидан суриштирув ўтказганди. Мурожаатчиларнинг бир қисми топшириш муддати ўтиб кетган бўлса-да, уйлар ҳануз битмаётганидан, яна бир қисми эса қурилиш ишлари белгиланган графикдан ортда қолаётганидан норози. Хонадонларнинг вақтида топширилмаганидан шундоқ ҳам сиқилиб юрган харидорларга компания таъсисчилари ўртасида пайдо бўлган низо «дард устига чипқон» бўлди. Сотув офисидаги «Imarat» сўзи ҳам «Imtiyaz» сўзига алмашиб қолган.

Жиноят иши очилди

1 ноябр куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) «Imarat Development» компанияси фаолиятига нисбатан ишончсизлик билдириб, унинг раҳбариятига қонуний чора кўришни сўраган фуқароларнинг аризалари асосида жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

ИИББ хабарига кўра, компания офиси пойтахтнинг Сергели тумани, Буюк авлод кўчасида жойлашган бўлсада, режалаштирилган кўп қаватли уйлар аслида Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида барпо этилиши кўзда тутилган. Турар жой мажмуасининг пойтахт ҳудудидан ташқарида эканлиги баъзи харидорларнинг эътирозига сабаб бўлган ва улар компания раҳбариятидан хонадонлар учун тўланган пулларни қайтаришни талаб қилишган. Расмий хабарда таъкидланишича, фуқароларнинг маблағлари ҳозирга қадар қайтариб берилмаган.

Текширув натижаларига кўра, «Imarat Development» раҳбариятига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 192 прим.11-моддаси (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ваколатларни суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тошкент шаҳар ИИББнинг Kun.uz'га маълум қилишича, жиноят иши доирасида икки киши ушланган. Улардан бири айнан Марат Ҳамдамов. Бошқарма хабарида бош ҳарфлари Ж.А. сифатида кўрсатилган иккинчи шахс Марат Ҳамдамовнинг шериги сифатида кўрсатилаётган Жасур Азизов бўлиши мумкин.

Маълумот учун, Жиноят процессуал кодексининг 227-моддасига кўра суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг ушлаб туриш, гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш ҳақидаги қарори асосида ички ишлар органи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган ходими ушланган шахсни энг яқин ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа ташкилотга дарҳол олиб бориши шарт.

«Ҳамкорлик эвазига Маратдан уй олгандик»

Эътиборга молик яна бир жиҳат шундаки, «Imarat Development» лойиҳалари ўз вақтида бир қатор таниқли шахслар, санъаткорлар ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан кенг тарғиб қилинган. Ўша пайтда ушбу компанияни мақтаб, уни халққа ишонч билан тавсия этган бу инсонлар минглаб фуқароларнинг қурувчига сармоя киритишида ўзига хос «кўприк» вазифасини ўтаган. Буни қурилишга пул киритиб, уни ололмай юрган инсонлар ҳам тасдиқлайди.

Хусусан, «Imarat Development» лойиҳаларининг асосий тарғиботчиларидан бири бўлган Акмал Мирзо видеомурожаат билан чиқиб, компания билан реклама ҳамкорлиги давомида ўзига ва жамоасига берилган тўртта хонадонни қайтариб берганини таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, компания билан оғзаки келишувга кўра, мижозлар норози бўлган тақдирда ҳамкорликни бекор қилиш кўзда тутилган бўлган.

Собиқ депутат, Экология қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербаев ҳам «Imarat» атрофидаги можаро юзасидан муносабат билдириб, Марат Ҳамдамов билан аввал ижтимоий лойиҳаларда ҳамкорлик қилгани ва ундан хайрия ишлари учун ёрдам олганини тан олди. Ўз навбатида, Кушербаев қурилиш компаниясининг тарғиботида иштирок этгани учун мижозларнинг пуллари ёки хонадонларини қайтариб олишига ҳуқуқий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

«Imarat» лойиҳаларини ким қуряпти?

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридаги маълумотларга кўра, Sergeli City лойиҳасини қураётган «Transport Free Group» МЧЖ 2020 йил май ойида рўйхатдан ўтган. Устав фонди — 1 млрд сўм. Фаолият тури —турар жой биноларини қуриш.

Корхона таъсисчилари сифатида Абдикомилов Беҳруз Бахром ўғли (70 фоиз) ва «Imtiyaz JD Development» МЧЖ (30 фоиз) келтирилган. Шунингдек, Марат Ҳамдамовда ҳам 0,01 фоиз улуш қолдирилган. Раҳбар сифатида ҳам Беҳруз Абдикомилов кўрсатилган.

Tuzel Park лойиҳасида эса қурувчи сифатида «Perfect Mansions» МЧЖ иштирок этяпти. Компания 2022 йил 18 мартда Тошкент вилоятида рўйхатга олинган. Жорий устав фонди – 46,8 млрд сўм. Фаолият йўналиши – турар жой биноларини қуриш. Раҳбари – Бобоқулов Илҳом Шозамонович. Компаниянинг 98,4 фоизлик улушдори сифатида Саитов Баҳром Шуҳратович кўрсатилган. 1,6 фоизлик улушдор — Дилшодов Муҳаммад Жасур ўғли.