Ўзбекистон | 15:08 / 13.12.2024
30010
3 дақиқада ўқилади

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза берди

Иқтисодчи Отабек Бакиров Сағбон подстанциясидаги авариялар ва таъмирлаш ишлари ҳақида 2023 йил июн ойида ёзган танқидий пости юзасидан энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, вазир Telegram'даги постда ўзига нисбатан ҳақорат ва обрўсизлантириш ҳолатлари мавжуд деб ҳисоблашини билдирган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи, жамоатчилик фаоли Отабек Бакировнинг устидан прокуратура ва ИИВга шикоят аризаси киритган. Бу ҳақда Бакиров ўз Telegram-каналида маълум қилди.

Шикоятга Бакировнинг Тошкенг шаҳри Сағбон подстанциясидаги авариялар ва таъмирлаш ишлари ҳақида 2023 йилнинг ёзида ўз Telegram-каналида эълон қилган пости сабаб бўлган.

“Вазир Мирзамаҳмудовга кўра, пост мундарижасида ҳақорат ва обрўсизлантириш ҳолатлари мавжуд ва бу бўйича менга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилиши лозим.

Қизиқ тарафи, қачондир ҳайкал қўйиладиган Сағбон подстанцияси билан боғлиқ сурункали муаммо ёритилган пост 2023 йил 5 июнда ёки 1 йил-у 7 ой аввал ёзилган. Мирзамаҳмудов органларга шикоят аризасини 2024 йил 10 октябрда, яъни 1 йил-у 4 ой ўтиб тақдим этмоқда”, – дея ёзди Бакиров.

Унинг қайд этишича, вазир ўз аризасини “Лолазор” подкасти меҳмони бўлганидан 6 кун ўтиб киритган.

“Адашмасам, Lolazor'нинг биринчи сонидан кейин энергетикларнинг таклифи билан (вазир келади дейишганди) тинимсиз таъмирланаётган Сағбон подстанциясига ҳам боргандик ва кичик репортаж ҳам уюштиргандик.

Нима бўлгандаям, ўшандан кейин бизнинг Тошкент тумани Сағбондан узилган ва электр энергиясини бошқа, туманимиздаги подстанциялардан олмоқдамиз”, – дея маълум қилган иқтисодчи.

Отабек Бакировнинг аниқлик киритишича, шикоят аризаси фуқаро Мирзамаҳмудов тарафидан эмас, вазир Мирзамаҳмудов томонидан киритилган. Ариза ҳозирда пойтахт ИИБ Киберхавфсизлик бўлинмаси томонидан ўрганилмоқда.

Буёғига нима бўлади?

Бакировнинг қўшимча қилишича, экспертиза вазир Мирзамаҳмудов аризаси бўйича кўрсатилган ҳолатларда ҳақорат ва обрўсизлантириш бор ёки йўқлигини аниқлаши керак.

“ИИБ шикоят аризасига менинг бугунги тушунтириш ва кўрсатмаларимни қўшиб экспертизага юбориши керак. Балки зарурият туғилса, қўшимча маълумот ва кўрсатмалар тўпланиши мумкин.

Нима бўлгандаям вазирнинг хатти-ҳаракатини энергоцензурага уриниш деб қабул қилдим, қисқа айтганда, аҳволи тобора оғирлашаётган энергетикадаги муаммоларни ечиш, бартараф этиш ўрнига, танқидни тўхтатишга, ёпиқлик муҳитини яратишга ва кучайтиришга уриниш деб баҳолайман.

Бу уринишлар қанча маъмурий ресурс йўналтирилмасин, самарасиз.

Ҳозирча мавжуд имкониятлар шароитида энергетикадаги оғир аҳвол ҳақида ўрганиш, сабаблари тўғрисида ёзиш ва масъулларга ёқимсиз савол бериш мумкин экан, бу давом этаверади. 

Қолаверса, ҳамманинг овозини барибир ўчириб бўлмайди”, – дейилади постда.

Мавзуга оид