Исроилнинг Ғарбий соҳилдаги зулми, Эроннинг янги ракетаси ва Москвадаги турар жой мажмуасида портлаш — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Фаластиндаги вазият
Ғазода 19 январдан эътиборан сулҳ кучга кирганидан сўнг, Исроил ўз зулмини Фаластиннинг Ғарбий соҳилдаги қисмига қаратди.
Бу ерда ҳарбий операциялар тобора кенгайтирилмоқда: Исроил армияси шаҳарларни вайрон қилмоқда, инфратузилмани йўқ қилаётгани ва фаластинликларни ота-боболари яшаб келган манзилларни тарк этишга мажбур қилаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.
Жумладан, Исроил қўшинлари Жанийн қочқинлар лагерини бомбардимон қилиб, бир нечта уйни йўқ қилди. Шу куни Қабатияда фаластинликлар автомашинасига ҳаво ҳужуми уюштирилиб, икки киши ҳалок бўлди.
28 январдан буён Тулкарм қамал остида. Исроил кучлари йўлларни бузмоқда, автомобилларни ёқмоқда, савдо ҳудудларини вайрон қилиб, дарахтларни кесмоқда.
Бу орада, Ғазода 20 фаластинликнинг жасади топилди. Оммавий қабрга Шайх-Зоид ҳудудида дуч келинган. У ерда Исроил қўшинлари томонидан бир неча ой олдин ўлдирилган 20 фаластинликнинг жасадлари дафн қилинган, деб хабар бермоқда маҳаллий манбалар.
Ҳодиса Исроил армиясининг Ғазодаги ҳаракатлари юзасидан янги саволларни ўртага чиқармоқда.
Нетаняҳу Ғазода урушни қайта бошламоқчи
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазода ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашни режалаштирмоқда. У сулҳнинг иккинчи босқичига ўтишни истамаяпти.
Бу босқичда отишмалар тўлиқ тўхтатилиши ва Исроил қўшинлари Ғазодан чиқиши керак. Айрим амалдорлар ва ҲАМАС томонидан ҳамон гаровда ушлаб турилган исроилликларнинг оилалари унинг келишувдан воз кечишидан хавотирда.
Исроилда таранглик ортиб бормоқда. 1 феврал куни Нетаняҳу Моссад, ШАБАК ва армия раҳбарлари билан учрашувни бекор қилди. У музокараларни тўхтатиб, барча назоратни ўзига яқин инсон — стратегик масалалар вазири Рон Дермерга топширган эди.
АҚШга ташриф буюрган Нетаняҳу президент Доналд Трампни урушни давом эттиришга қўллаб-қувватлашга кўндириш ниятида, деб хабар беради Axios. Вашингтонга етиб борган Нетаняҳу Трампни «Исроилнинг энг яхши дўсти» деб атади.
Учрашувда асосий масалалар Ғазодаги урушни давом эттириш ва Эрон ядро дастурини бартараф этиш бўлиши кутилмоқда.
Трамп аввалги президентлиги даврида Исроилга бир қатор дипломатик ютуқлар тақдим этган. Жумладан, Жўлан тепаликларини Исроил ҳудуди сифатида тан олган. АҚШ элчихонасини Қуддусга кўчирган. Баҳрайн, Марокаш ва БАА билан Авраам келишувини имзолаган.
Эрон ядро каллакли ракеталар яратмоқда
Эрон 2900 км узоқликка учувчи ядро каллакли ракета ишлаб чиқарган. Бу ракета Исроил, Европа ва ҳатто Украина ҳудудларига етиб бориши мумкин, деб хабар бермоқда The Telegraph.
Британия нашрига кўра, Эрон ракетани Шимолий Корея билан ҳамкорликда икки махфий заводда ишлаб чиқарган. Заводлар космик тадқиқот марказлари сифатида таништирилган, аслида эса уларда ядровий каллаклар ва учириш тизимлари ишлаб чиқарилмоқда.
Объектлар Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан қаттиқ муҳофазаланмоқда.
Бу маълумотни Эрон мухолифати – Миллий қаршилик кенгаши ошкор қилган. Уларга кўра, Эрон ядровий қуролланиш йўлида жиддий қадамлар ташламоқда.
Москвадаги турар жой мажмуасида портлаш
Москвадаги «Алие Паруса» турар жой мажмуасида юз берган портлашда Армен Саркисян ҳалок бўлди. У Донбассда «Арман баталйони» (АРБАТ) ташкилотчиси ва Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган шахс сифатида танилган, деб хабар беради «Интерфакс».
Baza маълумотига кўра, портлаш подъездда содир бўлган. Камида беш киши жароҳатланган, жумладан, Саркисяннинг қўриқчилари ва Қримдан келган Россия қуролли кучларига боғлиқ шахс ҳам.
Россия ҳукумат манбалари ҳодиса теракт ёки буюртма асосидаги қотиллик бўлиши мумкин деган тахминни илгари сурмоқда. Ҳозирча расмий версия эълон қилинмаган.
Украина ҳукумати Саркисянни 2014 йилдан бери халқаро қидирувда бўлган шахслар рўйхатига киритган. Уни Майдан воқеаларидаги ролидан тортиб, бир нечта жиноятларда айблаб келган.
Трамп ва Путин қаерда учрашади?
Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Доналд Трамп учрашув жойи сифатида Саудия Арабистони ёки БААни кўриб чиқмоқда, деб хабар беради Reuters.
Сўнгги ҳафталарда россиялик юқори мартабали амалдорлар ушбу давлатларда музокаралар ўтказган. Бироқ Саудия ва БАА АҚШ билан яқин алоқалари туфайли бу режага қарши айрим қаршиликлар мавжуд.
Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон Трамп инаугурациядан кейин биринчи бўлиб қўнғироқ қилган хорижий етакчи бўлган. Путин эса унга АҚШ ва Россия ўртасидаги маҳбуслар алмашинуви учун миннатдорлик билдирган.
Бу давлатлар Украина урушига нисбатан нейтрал мавқеда туриб, Москвага қарши санкция жорий қилмаган. Шунингдек, улар Халқаро жиноят судига аъзо эмас, бу эса Путиннинг саёҳат хавфсизлигини таъминлайди.
Трамп 3 февралда Россия ва Украина билан музокаралар режалаштирилганини айтди, аммо тафсилотларни ошкор қилмади. Кремль, Саудия ва БАА эса ҳозирча бу ҳақда расмий изоҳ бермаган.
Мексика учун божлар бир ойга кечиктирилди
АҚШ ва Мексика раҳбарлари савдо урушини бир ойга кечиктириш ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
3 феврал куни Доналд Трамп Мексика президенти Клаудиа Шейнбаум билан телефон орқали мулоқот қилиб, Мексика товарларига 25 фоизлик бож жорий қилишни бир ойга кечиктириш ҳақида қарор қабул қилди.
Келишувга кўра, Мексика ўзининг шимолий чегарасида хавфсизликни кучайтириш учун 10 минг ҳарбий жойлаштиради. АҚШ эса Мексикага ноқонуний қурол жўнатилишини тўхтатиш мажбуриятини олади.
Трамп 1 феврал куни Мексика ва Канада товарларига 25 фоиз, Хитой маҳсулотларига эса 10 фоизлик бож жорий қилиш ҳақида фармон чиқарган эди. Бу қарорга жавобан Канада ҳам АҚШ товарларига 25 фоиз бож жорий қилган, Мексика эса жавоб чораларини кўришни режалаштираётган эди.
АҚШнинг Панамага босими иш берди
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Панамага ташрифи чоғида президент Хосе Раул Мулинога Вашингтоннинг қатъий талабини етказди — АҚШ Панама каналини Хитой таъсиридан тозалашни талаб қилган.
Вашингтонга кўра, гонгконглик CK Hutchison Holdings компаниясининг канал кириш портларини бошқариш учун 25 йилга берилган рухсатномаси 1977 йилдаги нейтралитет шартномасига зид. Президент Доналд Трамп буни очиқ танқид қилиб, канални қайтариб олиш ёки жиддий чора кўриш ҳақида гапирган эди.
Музокаралардан сўнг Панама президенти Хосе Раул Мулино мамлакат Хитойнинг «Бир макон – бир йўл» ташаббуси бўйича меморандумни узайтирмаслигини маълум қилган.
Мулино Хитой билан қўшма лойиҳани муддатидан олдин тўхтатиш эҳтимолини ҳам кўриб чиқишини айтган. Унинг таъкидлашича, Рубио Панамага куч ишлатиш ёки Панама каналини АҚШга қайтариш билан таҳдид қилмаган. Бироқ Хитой таъсири шартномаларга зид эканини эслатган.
Европада оммавий депортация муҳокама қилинмоқда
Европа Иттифоқи БМТнинг қочқинлар мақоми ҳақидаги конвенциясини қайта кўриб чиқишни муҳокама қилмоқда, деб хабар беради The Times. 1951 йилда қабул қилинган бу ҳужжат қочқинларни хавфли ҳудудларга қайтаришни тақиқлайди, аммо Европа давлатлари миграция оқими сабаб уни қайта кўриб чиқишга мажбур.
2024 йилда ЕИ давлатларига 1 млндан ортиқ қочқин ариза топширган, бу эса миллатчи ва популистик партиялар позициясини кучайтирди. Полша ҳукумати тайёрлаган дипломатик ҳужжатда Европа давлатлари депортация имкониятлари чекланганидан норози экани айтилади.
Ҳужжатда, шунингдек, Европа давлатлари қочқинларни қабул қилиш имкониятлари тобора чекланиб бораётгани ва айрим муҳожирлар жамиятга интеграциялашни истамаслиги таъкидланган.
Қарор ҳозирча муҳокама босқичида, бироқ Европа Иттифоқи депортация жараёнларини тезлаштириш бўйича янги ташаббуслар устида ишламоқда.
Тавсия этамиз
“Контрактга кирсанг ўқита олмаймиз дейишган” – oрзулар йўлида стереотипларни енгиб ўтган навоийлик қиз ҳикояси
Жамият | 20:50 / 25.03.2025
АЭСда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг нархи қанча бўлади?
Ўзбекистон | 18:04 / 25.03.2025
ЖЧ-2026 саралаши: Эронга қарши ўйин олдидан
Спорт | 15:16 / 25.03.2025
Ўсишдан тўхташи мумкин — мутахассис болаларда уйқу етишмаслиги оқибатларидан огоҳлантирди
Жаҳон | 13:12 / 25.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
«ПСЖ» эгалари яна бир клубни сотиб олмоқчи
Спорт | 01:40
-
The Atlantic Трамп жамоасининг Яманга ҳужумни муҳокама қилган чатига оид янги скриншотларни эълон қилди
Жаҳон | 00:46
-
Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас Ўзбекистонга келади
Жаҳон | 23:50 / 26.03.2025
-
Аляскада самолёт музлаган кўл устига қулади. Унинг ичида бўлган оила 12 соатдан кейин қутқарилди
Жаҳон | 23:36 / 26.03.2025
Мавзуга оид

13:05 / 26.03.2025
ҲАМАСга яна таҳдид қилган Исроил, Ар-Риёддаги музокаралар якуни ва еттинчи муддатига киришган Лукашенко — кун дайжести

14:07 / 25.03.2025
Хавфли фазага кираётган Ғазо, 4 областни талаб қилаётган Россия ва мигрантлар учун энг қора йил — кун дайжести

13:59 / 24.03.2025
Қамалда қолган ғазоликлар, қамоққа олинган Имомўғли ва коинотдаги жангни синаётган Хитой — кун дайжести

13:15 / 20.03.2025