Тошкентда муз саройини ўз ичига олувчи Хоккей спорт мажмуаси қурилади
Мажмуа 2025 йилдаги Ўзбекистон ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида барпо этилади.
“Хоккей спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қуйидагилар хоккей спорт турини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланади:
- ёшларни хоккей спорт турига қизиқишини ошириш, бу борадаги тарғибот ишларини янада кучайтириш, уларнинг мазкур спорт тури билан шуғулланиши учун етарли шарт-шароитларни яратиш;
- хоккей спорт тури бўйича терма жамоалар ва спорт клублари учун спорт захирасини яратиш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция)нинг рақамлаштирилган тизимини жорий қилиш;
- хоккей спорт тури бўйича спорт инфратузилмасини янада яхшилаш ҳамда халқаро талабларга мувофиқлаштириш;
- хоккей спорт тури бўйича малакали тренерлар, ҳакамлар ва мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш;
- хоккей спорт турини ривожлантириш мақсадида чет эллик мутахассислар, тренер ва спортчиларни жалб этиш ҳамда улар билан халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш;
- оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда хоккей спорт тури тарғиб қилиш ҳамда бу жараёнда ахборот ва мултимедиа маҳсулотларидан фойдаланишни янада кенгайтириш.
Спорт вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Ўзбекистон хоккей федерацияси билан биргаликда:
а) 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг бакалавриат хоккей таълим йўналишига қабул қилиш квоталарини ҳақиқий эҳтиёжлардан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш;
б) 2025 йилдан бошлаб ҳар йили:
хоккей спорт тури бўйича халқаро ташкилотлар ва хорижлик мутахассислар иштирокида семинар-тренинглар, шунингдек, илмий-амалий конференциялар ва анжуманлар ўтказиб бориш;
университетнинг бакалавриат хоккей таълим йўналиши талабаларининг хоккей клублари спорт базаларида дипломолди амалиётини ташкил этиб бориш чораларини кўради.
Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон хоккей федерациясининг:
- инновацион технологияларга асосланган, қиммат бўлмаган ва энергия тежовчи материаллардан замонавий муз саройини ўз ичига олувчи Хоккей спорт мажмуасини барпо этиш ва фойдаланишга топшириш;
- мажмуани Ўзбекистон хоккей федерациясига ишончли бошқарувга бериш ва ишончли бошқарув даврида мажмуани сақлаш харажатларини Ўзбекистон хоккей федерацияси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.
Белгиланишича:
- мажмуа 2025 йилдаги Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида барпо этилади;
- мажмуа қуриб битказилгандан сўнг оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Спорт вазирлигига ўтказилади ҳамда Ўзбекистон хоккей федерациясига 49 йил муддатга ишончли бошқарувга берилади;
- мажмуа хоккей спорт тури бўйича терма жамоалар учун ўқув-машғулот жараёнини ташкил қилиш ва спорт мусобақаларини ўтказиш юзасидан Ўзбекистон хоккей федерациясининг асосий базаси ҳисобланади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Спорт вазирлиги ва Ўзбекистон хоккей федерацияси билан биргаликда мажмуани барпо этиш учун Тошкент шаҳри ҳудудидан зарур ер участкаси ажратилишини таъминлайди.
Мавзуга оид
15:25 / 21.11.2024
Ҳатто спорт ёрдам бермаслиги мумкин: узоқ вақт ўтириш юрак касалликлари хавфини ошириши аниқланди
14:36 / 07.11.2024
Таълим муассасалари ўқув дастурига ўқотар қуроллар тактик-техник тавсифлари амалий машғулотлари киритилади
20:22 / 21.10.2024
Енгил касалликларни дори билан даволашга ўрганиб қолишнинг олди олинади
20:31 / 20.09.2024