Трамп 5 октябр куни журналистлар саволларига жавоб берар экан, Вашингтон Иркутск вилоятидаги вазиятни диққат билан кузатаётганини айтди.

«Биз ёрдам берамиз. Бундай муаммога дуч келган ҳар қандай томонга доим ёрдам берамиз», — деди АҚШ президенти.

Шу билан бирга, Трамп ушбу масала юзасидан Россия расмийлари билан ҳали мулоқот қилмаганини қайд этди. Ёрдамнинг аниқ шакли ва муддати ҳақида маълумот берилмади.

Ўлат бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар Иркутск ўлатга қарши институтида ишлаган 28 ёшли Даря Шипилованинг вафотидан кейин тарқалган. У сентябр охирида шифохонага ётқизилган ва 2 октябрда вафот этган. Роспотребнадзор унга «келиб чиқиш сабаби аниқланмаган пневмония» ташхиси қўйилганини билдирган.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, воқеадан кейин қарийб 200 киши карантинга олинган. Ижтимоий тармоқларда лабораторияда ўлат қўзғатувчиси сақланган пробирка сингани ҳақида ҳам тахминлар тарқалган.

Бироқ Роспотребнадзор институтда патоген микроорганизмлар билан ишлаш жараёнида авария ҳолатлари аниқланмаганини маълум қилди. Идорага кўра, бемордан олинган намуналарда унинг касбий фаолияти билан боғлиқ микроорганизмлар ҳам топилмаган.

Идоранинг кейинги баёнотида Иркутск вилоятида санитария-эпидемиологик вазият осойишта экани, бемор билан мулоқотда бўлганларнинг 60 фоизи устидан тиббий кузатув якунлангани айтилган. Текширувларда икки кишида COVID-19 ва яна икки кишида риновирус инфекцияси аниқланган, бошқа инфекция қўзғатувчилари топилмаган.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам журналистларни Роспотребнадзор баёнотларига таянишга чақирган ва ҳодиса тафсилотларини муҳокама қилмаган.

Иркутскдаги воқеалар ҳақидаги хабарлар ортидан Марказий Осиё мамлакатларида ҳам эҳтиёт чоралари кўрилмоқда. Қозоғистон ва Қирғизистон санитария-карантин назоратини кучайтирган.

Ўзбекистонда эса ўта хавфли инфекцияларнинг мамлакатга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш учун тегишли хизматлар шайлиги оширилган. Санэпидқўмита вазият расмий маълумотлар асосида кузатилаётганини билдириб, аҳолини тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликка чақирган.

Озарбойжон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Россиядан келаётган хабарлардан хабардорлигини, бироқ ҳозирча чегара назоратини кучайтиришга зарурат кўрмаётганини маълум қилган.