Ўзбекистон | 18:51 / 24.06.2024
17031
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада соғлом одам руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилди

Бу иш ИИБ профилактика инспектори ва маҳалла вакиллари ҳамкорлигида қилинган. 3 кун давом этган тиббий кўрикдан сўнг соғлом бўлгани сабабли фуқарога жавоб бериб юборилган. Ишни Омбудсман ўргангач, фуқарони унинг розилигисиз тиббий кўрикдан ўтказган шифокорга ҳайфсан берилган.

Иллюстратив фото

Фарғонада соғлом одам руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилди. Бу ҳақда Омбудсман хабар бермоқда.  

Маълум қилинишича, Омбудсманга фуқаро Б.Н. унинг розилигисиз руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилгани ва тиббий кўрикдан ўтказилганлиги бўйича масъулларга чора кўрилишини сўраб мурожаат қилган. Мурожаатга кўра, фуқаро Б.Н. туман ИИБ профилактика инспектори ва маҳалла вакиллари билан ҳамкорликда қонунга зид равишда Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят 2-сонли руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.

Мурожаат назоратга олиниб, ҳолат Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилган. Вакил фуқаро Б.Н. билан учрашганда, у руҳий касалликлар шифохонасига кўрикдан ўтказиш учун жойлаштирилишида розилик хатига имзо қўймагани, шунга қарамасдан уни шифохонага жойлаштиришгани ва 3 кун давомида кўрикдан ўтказишгани ҳамда соғлом бўлгани сабабли жавоб бериб юборишганини маълум қилган.

Ўтказилган ўрганиш давомида фуқаронинг сўзлари тасдиқланган. Яъни шифохона қабулхонасида даволаниши учун олинган розилик тилхатида унинг имзоси бўлмагани, шунга қарамасдан унинг руҳий ҳолатини текшириш учун қабул қилган врач А.Жўраев томонидан шифохонага жойлаштирилиб, тиббий кўрикдан ўтказилгани аниқланган. 

“Ўрганиш жараёнида “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонунининг 24-моддаси 2-қисмида психиатрия текшируви текширилаётган шахснинг маълумотларни билган холда текширув ўтказилишига ихтиёрий розилиги мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилиши талаблари бузилгани маълум бўлди. Шундан сўнг, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш ва бу каби ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги учун тегишли чораларни кўриш бўйича Фарғона вилоят 2-сонли руҳий касалликлар шифохонасига Омбудсман хулосаси киритилди”, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, шифохонанинг навбатчи врач-психиатри А.Жўраевга ўз ишига совуққонлик билан ёндашгани учун ҳайфсан берилган.

Мавзуга оид