Президент норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик билан муҳокама қилинмаётганига эътироз билдирди
Шавкат Мирзиёев Адлия вазирлигига бир ой муддатда бу масалада таклифларни депутатлар билан муҳокама қилиш ва Ҳукуматга киритиш топшириғини берди. Барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини мажбурий жамоатчилик муҳокамаси ўтказиш талаби 2022 йилда бекор қилинган эди.
20 ноябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев ижро ҳокимияти органлари қарорлар қабул қилишда қонунийликни, уларнинг асосланган бўлишини таъминлаши лозимлигини айтди.
Президент, кейинги пайтларда қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик билан маслаҳат қилишда қонунларда белгиланган талабларга ҳамиша ҳам риоя этилмаётганига эътироз билдирди.
Адлия вазирлигига бу масалада бир ой муддатда ўз таклифларни Қонунчилик палатасининг тегишли қўмитаси билан бирга муҳокама қилиш ва ҳукуматга киритиш топшириғи берилди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ҳукуматнинг қонунчилик ташаббуси билан Қонунчилик палатасига киритаётган қонун лойиҳалари сифатини ошириш ҳам долзарб масала бўлиб турганини қайд этди.
НҲҲ лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасига мажбурий жойлаштириш тартиби бекор қилинган
Адлия вазирлиги фаолиятига доир президент қарори билан 2018 йил 1 майдан бошлаб “барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозим” эди.
Тақдим этилаётган лойиҳаларга жамоатчиликда эътирозлар ва саволлар кўпайиб бориши фонида, бу норма 2022 йил март ойида бекор қилинди.
Энди, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари эмас, балки фақат “муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, қоида тариқасида” бўлиб қолди. Ҳужжатнинг муҳим ёки муҳим эмаслиги аниқ мезонлари йўқлиги туфайли, шу билан бирга жамоатчилик муҳокамасига чиқариш мажбурий эмас “қоида тариқасида” бўлгани учун бу тартиб деярли ишламай қолди. Натижада, сўнгги йилларда кўплаб муҳим ҳужжатлардан жамоатчилик муҳокамасига чиқарилмай, қабул қилиниб кетди.
2022 йилда НҲҲ лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасига мажбурий жойлаштириш тартиби бекор қилингач, Адлия вазирлиги бунга изоҳ беришга уринган, лекин Kun.uz вазирлик келтирган барча аргументларга нисбатан саволлар етарли эканини ёзганди.
Мавзуга оид
00:30
Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербургга борди
20:19 / 24.12.2024
2025 йилда тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маоши оширилади
18:47 / 24.12.2024
Келгуси ўқув йилида 100 дан зиёд мактаб ташкил этилади, 162 та боғча қурилади
18:39 / 19.12.2024