Ҳар икки томон учрашувни конструктив деб атади ва музокараларнинг иккинчи раундини келаси ҳафта ўтказишга келишиб олганини тасдиқлади. АҚШ эҳтимолий келишувга эришишда «тўғридан тўғри алоқа» муҳим рол ўйнашини маълум қилди.

Эрон номидан ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи, АҚШдан эса президентнинг махсус элчиси Стив Уиткофф иштирок этди (у аввалдан Трампнинг Яқин Шарқ бўйича маслаҳатчиси эди, аммо кейинроқ бошқа музокаралар жараёнларига, жумладан, Россия-Украина урушини якунлаш бўйича музокараларга ҳам қўшилганди).

2015 йилда президент Барак Обама даврида Эрон ва жаҳон давлатлари ўртасида тузилган аввалги ядровий келишувдан АҚШ 2018 йилда Трампнинг биринчи муддати пайтида бир томонлама чиқиб кетганди. Ўшандан бери Теҳрон шунга ўхшаш, аммо ўзлари учун фойдалироқ шартларда битим тузишга умид қилиб келади.

Музокаралар Ўмон пойтахти Маскатда асосан воситачи орқали бўлиб ўтди: Эрон ва АҚШ делегациялари турли хоналарда бўлиб, Ўмон ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий орқали бир-бирларига хабарлар етказишди.

Бироқ Ароқчи ва Уиткофф бир неча дақиқа ал-Бусайдийнинг олдида юзма-юз кўришган. Эрон делегацияси ўз мамлакати раҳбариятидаги радикал қанот томонидан босимни ҳис қилиб, бу учрашувдан ҳеч қандай фотосурат бўлмаслигини сўраган.

Учрашувдан сўнг Эрон вазири учрашувни ижобий деб атади. «Фикримча, биринчисига бу тинч ва ҳурматли муҳитда ўтган конструктив учрашув бўлди, ҳеч қандай номақбул иборалар ишлатилмади», – деди Ароқчи Эрон давлат телевидениесига.

Оқ уй ўз баёнотида ҳам Ўмондаги муҳокамалар «жуда ижобий ва конструктив» деб баҳоланган. Қайд этилишича, Уиткофф Эрон делегациясига «агар иложи бўлса, келишмовчиликларни мулоқот ва дипломатия орқали ҳал қилиш» бўйича кўрсатма берилганини маълум қилган.

Доналд Трамп журналистларнинг музокаралар жараёни ҳақидаги саволига жавоб берар экан, шундай деди: «Менимча, улар яхши кетмоқда».

«Ниятингизга етмагунингизча ҳеч нарсанинг аҳамияти йўқ. Шунинг учун бу ҳақда гапиришни ёқтирмайман», – дея қўшимча қилди у.

Буёғига нима бўлади?

«Бизга ҳам, бошқа томонга ҳам самарасиз музокаралар, номига қилинадиган муҳокамалар керак эмас, – деди Ароқчи Эрон давлат телевидениесига берган интервюсида. – Вақтни беҳуда сарфлаб, музокаралар жараёнини чексиз чўзишни истамайман».

Ўз навбатида, Бусайдий ижтимоий тармоқларда «умумий мақсад – адолатли ва мажбурий келишув тузишга қаратилган» ушбу музокараларда воситачи бўлганидан фахрланишини ёзган.