АҚШ молия вазири Скотт Бессент 24 август куни ўтказилган матбуот анжуманида Вашингтон Эроннинг иқтисодий ҳамкорларига нисбатан босимни кучайтиришини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Эрон билан иқтисодий муносабатларни давом эттираётган томонлар АҚШнинг санкция чораларига дуч келиши мумкин.
Бессент АҚШ Молия вазирлиги Эрон нефтини ноқонуний сотиш ва амалдаги санкцияларни четлаб ўтишда фойдаланилган асосий марказлар, воситачилар ва тармоқларни аниқлаганини билдирди.
60 дан ортиқ шахс, ташкилот ва кема санкцияга тушиши мумкин
АҚШ томони 60 дан ортиқ юридик ва жисмоний шахс, шунингдек, дунёнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган савдо кемаларига санкция жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Вашингтон даъвосига кўра, ушбу тармоқлар орқали Теҳрон ядровий ва ракета технологияларини қўлга киритган, нефт савдосидан даромад олган ва кибероперацияларни амалга оширган.
Бироқ Бессент қайси давлатлар, компаниялар ёки шахслар янги «қора рўйхат»га киритилиши мумкинлигини очиқламаган.
Матбуот анжуманида ундан Эрон нефтининг асосий харидори ҳисобланган Хитойга нисбатан ҳам санкциялар қўлланиши мумкинми, деб сўралган.
Бессент бунга аниқ жавоб бермаган, бироқ ҳеч ким Вашингтоннинг бу борадаги қатъиятини синаб кўрмаслиги кераклигини таъкидлаган.
Вашингтон Эрон ҳамкорларидан «зудлик билан ҳаракат» кутмоқда
АҚШ Эрон билан ҳамкорлик қилишда гумон қилинаётган давлатлар ва ташкилотлардан муайян иқтисодий алоқаларни тўхтатиш бўйича тезкор чоралар кўришни талаб қилмоқда.
Бессентнинг айтишича, АҚШ Молия вазирлиги, Давлат департаменти ва Мудофаа вазирлиги вакиллари дунё бўйлаб ҳамкор давлатлар билан алоқада бўлиб турибди.
Ҳар бир мамлакатга Эрон билан боғлиқ муайян фаолиятни тўхтатиш учун алоҳида муддат берилиши режалаштирилган. Агар белгиланган талаблар бажарилмаса, Вашингтон тегишли чораларни кўради.
Айни пайтда АҚШ томони бу муддатлар қанча бўлишини очиқламаган. Шунингдек, талабларни бажармаган алоҳида мамлакатларга нисбатан айнан қандай чоралар кўрилиши ҳам маълум қилинмаган.









