АҚШ Молия вазирлиги Эронга қарши мисли кўрилмаган «Иқтисодий қувғин» амалиётини бошлади, деб эълон қилди идора раҳбари Скотт Бессент матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, бу чоралар бевосита Теҳронга ва Эрон ҳукуматини қўллаб-қувватлаётган ҳар қандай давлатга қарши қаратилади.
«АҚШ Молия вазирлиги Эрон ва унга ёрдам бераётганларга қарши мисли кўрилмаган «Иқтисодий қувғин» амалиётини бошлади... Биз Эроннинг бутун дунёдаги молиявий алоқаларига қарши иқтисодий ҳужумга ўтмоқдамиз», — деди у.
Бессентга кўра, Вашингтоннинг мақсади Эрондаги ҳокимиятни таъминлаб турган барча иқтисодий алоқаларни узишдан иборат. У АҚШ «сиртмоқни сиқиши» ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини (ИИҚК) молиялаштирадиган барча эҳтимолий даромад манбаларини тўсишини маълум қилди. «Биз «нол сизиб чиқиш» тамойилига амал қиламиз», — деб таъкидлади у.
АҚШ президенти Доналд Трамп жаҳон етакчиларига қўнғироқ қилиб, улардан Эрон билан ҳамкорликни тўхтатишни сўрамоқда, деб қўшимча қилди Бессент. АҚШ молия вазирининг қайд этишича, Теҳрон номидан пул ювишга кўмаклашадиган ҳар қандай ташкилот Америка доллар тизимидан чиқариб юборилади.
Бундан бир кун аввал Бессент The Financial Times нашрида эълон қилинган мақоласида АҚШ Эроннинг ҳарбий салоҳиятини аллақачон заифлаштирганини, энди эса Вашингтон Эрон иқтисодиёти учун «Қиёмат куни»ни («D куни») таъминлашини ёзган эди. «Тонгда иқтисодий «Қиёмат куни» — душманга қарши уюштирилган энг йирик молиявий ҳужум бошланади», — деб ёзди молия вазири.
20 август куни президент Доналд Трамп Эронга қарши «энг ҳалокатли иқтисодий амалиёт» бошланганини эълон қилди. Ўшанда у «бугундан бошлаб Эронга ёрдам кўрсатадиган ҳар қандай мамлакат улкан иқтисодий оқибатларга дуч келишини» ёзган эди.
Бундан бир кун аввал CNN америкалик расмийга таяниб, Трамп музокараларни давом эттиришдан воз кечиб, Теҳронга босимни босқичма-босқич кучайтиришга эътибор қаратган ҳолда Эронга нисбатан ёндашувини ўзгартиргани ҳақида хабар берган эди.
АҚШ Эроннинг дунёдаги молиявий алоқаларига қарши ҳужум бошлаганини эълон қилди
23:13 / 24.08.20261 7393 мин
АҚШ Эронга қарши «иқтисодий қувғин» бошлади. Вашингтон Теҳронни молиялаштирувчи барча даромад манбаларини тўсиш ва Эрон билан ҳамкорлик қилаётган давлатларга қарши чоралар кўришни режалаштирмоқда.









