Дарё, денгиз, чўл ва тоғлардан ўтган сарҳад – Ўзбекистоннинг давлат чегараси ҳақида қизиқарли маълумотлар
Ўзбекистон бешта давлат билан чегарадош. Унинг энг узун чегараси Қозоғистон билан, энг қисқаси Афғонистон билан бўлган чегара ҳисобланади. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегара дунёдаги энг узун чегаралар рейтингида 17-ўринда жойлашган. Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегаралари ҳам рўйхатнинг элликталигига кирган.
Бундан бир неча кун олдин Афғонистон Энергетика ва сув ресурслари вазири вазифасини бажарувчи Абдуллатиф Мансур сув тошқини туфайли ноаниқ бўлган Афғонистон билан Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги чегараларни белгилаш янги стратегия бўйича амалга оширилишини маълум қилди.
“Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегараларимиз сув тошқинлари туфайли ювилиб кетди. Муҳими шундаки, биз ўтмиш чегараларини белгилаш бўйича муҳим ишларни амалга оширмоқдамиз ва йигирма кун аввал бу масалани Афғонистон раҳбари билан муҳокама қилдик”, деган у.
Вазир чегараларни тиклаш бўйича янги стратегия қандай бўлишига аниқлик киритмаган. Маълумот учун, Ўзбекистон Афғонистон билан 143 км чегарага эга. Республиканинг умумий чегараси эса 7 090 км.
Шунингдек, республикамиз Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарадош. Қуйида Ўзбекистоннинг қўшнилари билан бўлган чегаралари ҳақида қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз.
Умумий маълумотлар
Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёда, Амударё ва Сирдарё оралиғида жойлашган бўлиб, умумий майдони 448,9 минг километр квадратни ташкил этади. Республика ҳудуди шарқдан ғарбгача 1 425 километрни, шимолдан жанубгача эса 930 километрни ташкил этади.
Ўзбекистон шимолда ва шимолий-шарқда Қозоғистон, шарқда ва жанубий-шарқда Қирғизистон ва Тожикистон, жанубий-ғарбда Туркманистон, жанубда эса Афғонистон билан чегарадош. Ўзбекистоннинг энг узун чегараси Қозоғистон билан, энг қисқаси Афғонистон билан бўлган чегара ҳисобланади.
Қозоғистон билан чегара
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегара 2 356 километрни ташкил этади. Чегаранинг энг шарқий қисми тоғлардан, қолгани чўл ҳудудларидан ўтган. Шунингдек, Сирдарё дарёси, Чордара сув омбори ва Орол денгизи бўйлаб ҳам чегара тортилган.
Ўзбекистоннинг чегараси Тошкент вилоятидан бошланиб, Сирдарё, Жиззах, Навоий вилоятлари орқали ўтиб, Қорақалпоғистоннинг ғарбий ҳудудигача етиб боради.
Қозоғистон томонда эса чегара мамлакат жанубидаги Туркистон вилоятидан бошланиб, Қизил-Ўрда, Оқтебе ва Манғистов вилоятлари ҳудудигача етади.
Туркманистон билан чегара
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги чегара 1 831 километрни ташкил этади. Бу чегара Ўзбекистон томонда Сурхондарё вилоятидан бошланиб, Қашқадарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларидан ўтиб, Қорақалпоғистонда тўхтайди.
Туркманистон ҳудуди Ўзбекистонникидан бироз катта бўлгани билан бу мамлакат бор-йўғи бешта вилоятга бўлинади. Шу сабабли Ўзбекистон билан чегара Лебап, Тошҳовуз ва озроқ қисми Болқон вилоятлари бўйлаб ўтади.
Икки мамлакат ўртасидаги чегара Сурхондарё ва Лебап вилоятлари ўртасидаги паст тоғлардан бошланиб, сўнг чўллар бўйлаб давом этади.
Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон ҳудудида икки давлат ўртасидаги чегаранинг бир қисми Амударё дарёси бўйлаб ўтади.
Қирғизистон билан чегара
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги 1 476 километрни ташкил этади. Ўзаро чегара ҳар икки давлат учун мураккаб ҳудудлардан ўтган ва яқин йилларгача бир қатор баҳсли ҳудудлар бор эди.
Жумладан, 2017 йилгача Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг 85 фоизи демаркация қилинган, қолган қисми баҳсли ҳудудлар бўлиб турган эди.
Сўнгги йилларда ҳар икки давлат ҳукумати баҳсли ҳудудлар бўйича келишувга эришди. Шу тариқа, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара бўйича муаммолар қолмади.
Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегараси Тошкент вилоятидан бошланиб, Наманган ва Андижон вилоятларидан ўтиб, Фарғона вилоятида тўхтайди. Қирғизистонда Ўзбекистон билан чегара учта вилоят – Жалолобод, Ўш ва Боткен ҳудудлари бўйлаб ўтади.
Ҳар икки давлат ўртасидаги чегара асосан тоғли ҳудудлар орқали ўтади. Қирғизистонда Ўзбекистоннинг иккита анклав ҳудуди – Сўх тумани ва Шоҳимардон қишлоғи бор.
Маълумот учун, ҳукуматлараро келишувга кўра Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳар икки давлат ҳудудига шахсни тасдиқловчи ID карта билан бемалол ўтиб қайтишлари мумкин.
Кўплаб таҳлилчилар, сиёсатчилар Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара бўйича мавжуд муаммолар бартараф этилгани ҳар икки давлат учун муваффақиятли иш бўлганини эътироф этишади.
Тожикистон билан чегара
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги 1 283 километрни ташкил этади. Қирғизистон билан бўлгани каби Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг асосий қисми тоғли ҳудудлардан ўтади.
Икки давлат ўртасидаги чегара Ўзбекистон томонда Фарғона вилоятидан бошланади ва Наманган, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятидан ўтиб, Сурхондарё ҳудудида тўхтайди.
Ўзбекистон ва Тожикистон чегараси 1999 йилдан 2018 йилгача ёпиқ бўлди ва унда автотранспортлар ҳаракати бутунлай чекланди. Томонлар ўзаро виза жорий қилгани учун ҳар икки мамлакатда бир нечта ўтказиш пунктлари ишлади холос.
2018 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги виза икки томонлама бекор қилинди. Ўша пайтгача ёпиқ турган ўтказиш пунктлари қайта очилди. Натижада бугун Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳар икки давлат ҳудудида бемалол ҳаракатлана олишади.
Қирғизистон билан бўлгани каби Тожикистон билан ҳам чегара масалалари ечилган ва икки давлат ўртасида баҳсли ҳудудлар қолмаган. Таҳлилчилар, халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида дўстона алоқаларнинг тикланиши минтақа ва ҳар икки мамлакат учун муваффақиятли иш бўлганини эътироф этади.
Афғонистон билан чегара
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара бошқа чегаралар билан таққослаганда жуда қисқа – бор-йўғи 143 километр.
Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси битта вилоят – фақат Сурхондарё орқали ўтади. Унда ҳам чегара Амударё бўйлаб тортилган.
Ўзбекистоннинг Афғонистон билан бўлган чегараси узоқ йиллардан буён жуда мураккаб вазиятда бўлиб келди. Қўшни давлатда бундан 45 йил аввал бошланган уруш Ўзбекистон мустақил бўлгандан сўнг жанубий чегарасида сергак бўлишини тақозо этди.
Афғонистонда “Толибон” ҳукмронлиги бошлангач қуролли можаролар тинди ва Ўзбекистон бу давлат билан иқтисодий-сиёсий алоқаларни давом эттирмоқда.
Бугунги кунда Афғонистон фуқароларини Термиз шаҳри яқинидаги махсус таълим масканида ўқитиш, афғонистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш ишлари давом этмоқда.
Жумладан, Термиз яқинида афғонистонлик тадбиркорлар виза олмасдан келиб савдо қилиб кетиши мумкин бўлган савдо мажмуаси қурилди.
Бундан ташқари, келажакда Афғонистон орқали Покистонга темирйўл қуриш лойиҳаси ҳам тайёр бўлган ва яқин йиллар ичида уни амалга ошириш режа қилинган.
Маълумот учун, дунёдаги энг узун чегара АҚШ ва Канада давлатлари орасидаги чегара ҳисобланади. Унинг узунлиги 8 893 км. Бу чегаранинг бир қисмини Канаданинг Аляска билан чегараси ташкил этади.
Дунёдаги узлуксиз давом этган чегара бўйича Россия ва Қозоғистон ўртасидаги чегара биринчи ўринда туради. Унинг узунлиги 7 598 км.
Дунёдаги энг узун чегаралар рўйхатида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги 2 365 километрни ташкил этувчи чегара 17-ўринда жойлашган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегаралари ҳам энг узун чегаралар рўйхатида дастлабки элликталикка кирган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
14:29 / 26.08.2024
Дунёдаги энг хавфли денгизлар маълум қилинди
11:46 / 24.08.2024
Денгиз бағридан ёқилғи “сўраётган” қурилмалар: жаҳоннинг энг йирик нефт платформалари
13:58 / 21.08.2024
Беларус Болтиқбўйи давлатларини мамлакатнинг денгизга чиқишини тўсиб қўйганликда айблади
13:07 / 20.03.2024