Президент Шавкат Мирзиёев 28 августда Тошкентда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари бугун мамлакатимиз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турганини, тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўяётганини таъкидлади.

– Келгуси ўн йиллик биз учун миллий юксалиш даври бўлади, – деди Мирзиёев.

Мазкур даврни фақат халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали бунёд этиш мумкинлиги қайд этилди.

Шу мақсадда келгуси йилларда инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та миллий дастур амалга оширилади.

Биринчи миллий дастур билим ва малакани келгуси тараққиётнинг асосий капиталига айлантиришга қаратилган. Болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамрови қисқа муддатда 100 фоизга етказилади. Хусусий боғча ташкил қилиш бўйича мавжуд имтиёзлар сақлаб қолинади.

Иккинчи миллий дастур халқнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади. Аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатлари келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказилади.

– Учинчи миллий дастур – иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш, – деди давлат раҳбари. Бунинг учун келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинади.

Тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилади. Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологияларнинг қамрови 100 фоизга етказилади.

Бешинчи миллий дастур суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини умумий қадриятга айлантиришга қаратилган. Ҳуқуқий тарбия мактабдан бошлаб аниқ тизим асосида йўлга қўйилади. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш бўйича ислоҳотлар қатъий давом эттирилади.

Олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилади.

– Энди давлат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашув буткул ўзгаради, деди президент.

Туман бюджети, инвестиция дастури ва инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги энг асосий мезон сифатида белгиланади.

Еттинчи миллий дастур Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтиришга қаратилади.