Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таянининг маълум қилишича, ушбу чора мамлакат фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш ва Европа Иттифоқининг ташқи чегараларини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган.
Италиянинг ANSA ва La Stampa нашрлари хабар беришича, қарор мамлакат Ички ишлар вазирлигида вазир Маттео Пянтедози раислигида ўтказилган йиғилишдан сўнг қабул қилинган.
Италия Ички ишлар вазирлиги мамлакат Испаниядан келувчилар учун денгиз ва ҳаво орқали кириш пунктларини вақтинча ёпганини тасдиқлади. Бироқ бу чора Испания ёки бошқа Европа Иттифоқи давлатлари фуқароларининг Италияга сафар қилиш ҳуқуқини чекламаслиги таъкидланди. Шу билан бирга, Франция билан келишув асосида икки мамлакат ўртасидаги қуруқлик чегарасида мавжуд назорат чоралари янада кучайтирилади.
Италия бош вазири Жоржа Мелони Сеутадаги вазиятни танқид қилиб, Испаниянинг автоном ҳудудидан тарқалган тасвирлар «ҳайратомуз» эканини билдирди. Унинг фикрича, назоратсиз ноқонуний миграция Европа чегаралари хавфсизлиги учун жиддий таҳдид ҳисобланади.
Испания бош вазири Педро Санчес эса танқидларга жавобан ҳозир Европа давлатлари ўртасида келишмовчилик эмас, балки ҳамжиҳатлик зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, у статистик маълумотларга таяниб, ноқонуний мигрантларнинг Европа Иттифоқига энг кўп Италия орқали кириб келаётганини қайд этди.
Испания ва Марокаш ҳукуматлари Сеутага ноқонуний кирганларни қайтариш жараёнини тезлаштириш бўйича келишувга эришди. Испания давлат телерадиокомпанияси RTVE маълумотига кўра, 31 июл кечига қадар Сеутага кирган тахминан 37,5 минг нафар мигрант Марокашга қайтарилган. Испания Ички ишлар вазирлиги сўнгги кунларда шаҳарга 50 мингга яқин киши кирганини билдирган бўлса, Сеута маҳаллий ҳокимияти бу рақамни 60 минг деб баҳолаган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Сеута ва Мелилья Африкадан Ғарбий Европага ноқонуний миграциянинг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Марокаш эса кўплаб мигрантлар учун Европа сари йўлдаги асосий транзит мамлакат ҳисобланади.











