Яримфиналгача жамоалар қандай етиб келди?

Ўзбекистон олимпия жамоаси Осиё кубоги U23 турнири гуруҳ босқичини Малайзия устидан ғалаба билан бошлаган бўлса, кейинги икки турда Кувайт ва Ветнам йирик ҳисобларда мағлуб этилди. Бу эса Темур Кападзе шогирдларига гуруҳ босқичини энг яхши натижа – +10 голлар нисбати билан якунлаб, муддатдан аввал плей-оффга чиқишини таъминлади. Чоракфиналда эса Ўзбекистон 2022 йилги Осиё кубоги U23 финалида Саудия Арабистонидан учралган аламли мағлубият учун реванш олди ва яримфиналга чиқди.

Турнир кашфиётига айланган Индонезия эса Қатардаги мусобақани мезбонлардан учралган мағлубият билан бошлаган эди. Қолган икки турда Австралия ва Иордания устидан эришган кутилмаган ғалабалар эса индонезияликларга чоракфинал йўлланмасини тақдим этди. Яримфинал учун курашда эса бу рақиб жамоа навбатдаги сенсацияга қўл урди – Жанубий Корея пеналтилар сериясида мағлуб этилди. Шу тариқа, Индонезия ўз тарихида дебют Осиё кубогида кореялик мутахассис Син Тхэ Ён бошқарувида яримфиналга чиқди. Бу натижа аҳолиси 275 миллион кишидан кўпроқ бўлган Индонезияда футбол байрамига айланиб кетди. Бу мамлакатда ҳам Ўзбекистонга қарши учрашув катта қизиқиш билан кутилмоқда.

Ўзбекистон U23 натижалари:

1-тур. Ўзбекистон – Малайзия – 2:0

2-тур. Ўзбекистон – Кувайт – 5:0

3-тур. Ўзбекистон – Ветнам – 3:0

Чоракфинал. Ўзбекистон – Саудия Арабистони – 2:0

Индонезия U23 натижалари:

1-тур. Индонезия – Қатар – 0:2

2-тур. Индонезия – Австралия – 1:0

3-тур. Индонезия – Иордания – 4:1

Чоракфинал. Индонезия – Жанубий Корея – 2:2 (пенальти – 11:10)

Ўзаро ўйинларда устунлик

Темур Кападзе бошчилигидаги олимпиячиларимиз Индонезия билан сўнгги ва ягона марта бир йил аввал – 2023 йилнинг 28 сентябр куни Осиё Ўйинлари 1/8 финалида ўзаро рўбарў келишганди. Ўшанда Шерзод Эсановнинг қўшимча бўлимларнинг 92 ва 120+1-дақиқада киритган голи Ўзбекистон олимпия жамоасига чоракфинал йўлланмасини тақдим этганди.