Ўзбекистон | 12:34 / 23.04.2024
7264
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги бир қатор модернизм намуналари маданий мерос рўйхатига киритилди

“Эски Жува” бозорининг гумбазлари, “Ўзбекистон” меҳмонхонаси, Санъат музейи, “Космонавтлар” метро бекати ва Қуёш институти биноси каби ўнта модернизм даври намуналари миллий рўйхатга киритилди. Рўйхатдаги 10 та объектнинг мақоми “модернизм объекти” деб ўзгартирилди.

“Эски Жува” бозори / Фото: gelio.livejournal.com

Ўзбекистонда 20 та бинога модернизм даври объекти мақоми берилди ва миллий маданий мерос объектлари рўйхатига киритилди. Бу ҳақда ушбу ташаббус муаллифи бўлган Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 22 апрел куни “Моддий маданий мерос объектларининг миллий рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ҳукумат қарори қабул қилинган.

Қарор билан, биринчи босқичда қуйидаги ўнта объект миллий рўйхатга киритилган:

  • “Эски Жува” бозорининг мовий гумбазлари (1950 йил, давлат мулки)
  • “Ўзбекистон” меҳмонхонаси (1963-1974 йиллар, хусусий мулк)
  • Давлат санъат музейи (1967-1974 йиллар, давлат мулки)
  • “Шодлик” меҳмонхонаси, шу жумладан “Илҳом” театри биноси (1969-1975 йиллар, хусусий мулк),
  • Residence Park меҳмонхонаси (1975 йил, давлат мулки)
  • Тошкент телемаркази биноси (1972-1977 йиллар, давлат мулки)
  • “Космонавтлар” метро бекати (1972 йил, давлат мулки)
  • Кўкрак жарроҳлиги илмий-тадқиқот институти (1975 йил, давлат мулки).
  • Авиасозлар саройи (1976-1980 йиллар, давлат мулки)
  • Қуёш институти (1981-1987 йиллар, давлат мулки)

Рўйхатдаги қуйидаги 10 та объектнинг мақоми “модернизм объекти” деб ўзгартирилди:

  • Ўзбекистон амалий санъат музейи (ХIХ аср, давлат мулки)
  • Алишер Навоий номидаги санъат саройи (1964 йил, давлат мулки)
  • Ўзбекистон тарихи давлат музейи (1970 йил, давлат мулки)
  • “Мовий гумбазлар” кафеси (1970 йил, давлат мулки)
  • Рассомлар уюшмасининг кўргазма павилиони (1970-1974 йиллар, давлат мулки)
  • Тошкент давлат цирки (1976 йил, давлат мулки)
  • “Туркистон” концерт зали ва унинг ёзги майдони (1976-1993 йиллар, давлат мулки)
  • “Марварид” (Жемчуг) турар-жой мажмуаси (1980-йиллар бошлари, хусусий мулк)
  • Тошкент телеминораси (1980 йил, давлат мулки)
  • “Халқлар дўстлиги” саройи (1981 йил, давлат мулки)

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабарига кўра, келтириб ўтилган модернистик услубдаги биноларни ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш учун номзоднома тайёрланмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид