Жаҳон | 12:28 / 23.01.2025
4160
9 дақиқада ўқилади

Ғарбий соҳилдаги қотилликлар, Исроил ҳарбийлари истеъфоси ва НАТОдан мадад кутаётган Зеленский — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Фаластиндаги вазият

Ғазода тинчлик ҳукмрон бўлган бир пайтда Исроил ҳарбийлари Ғарбий соҳилдаги Себастия шаҳрида 14 ёшли фаластинлик ўспирин Аҳмад Жазарни отиб ўлдирди. Жазар дўстлари билан бирга турганида 600 метр масофадан снайпер ўқининг нишонига айланди. Ҳалок бўлган ўспиринга ёрдам беришга уринган дўстлари ҳам ўққа тутилган.

Бу воқеа ҲАМАС ва Исроил ўртасида отишмаларни тўхтатиш келишуви кучга кирганидан икки кун ўтиб содир бўлди. Биргина 21 январ куни Ғарбий соҳилдаги рейдларда 10 нафар фаластинлик ўлдирилди.

Сулҳ келишуви кучга кирганига қарамай, Исроил Женийн шаҳрида кенг кўламли ҳарбий операция ўтказди. Операция давомида 9 фаластинлик ҳалок бўлди, 60 дан ортиқ киши ҳибсга олинди. Инфратузилмалар бузилди, фуқароларнинг мол-мулкига зиён етказилди.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 2024 йил давомида Исроил кучлари Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида 93 фаластинлик болани ўлдирган, уларнинг аксари ўқотар қуролдан ҳалок бўлган.

Оташкесим келишувидан сўнг Ғазода Исроил ҳарбийлари томонидан қўриқланган ҳудудларда қурбонларни излаш ишлари бошланди. Бир кун ичида 66 та жасад топилди. Икки куни ичида бу рақам 120 тага етди.

Қайд этилишича, 15 ойлик отишмалар ва бомбалашлар мобайнида 11 мингдан ортиқ фаластинлик бедарак йўқолган. Улардан бирон бир хабар кутаётган қариндошлари излаш ишлари жойларига йиғилмоқда.

Исроил армияси раҳбарлари истеъфо берди

Исроил Бош штаби бошлиғи Ҳерци Ҳалеви 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужумларини тўхтата олмаганини тан олиб, 2024 йил 6 март куни истеъфога чиқиш ниятини маълум қилди. Унинг ваколатлари режалаштирилганидан 10 ой олдин якунланади. Ҳалеви икки йил-у икки ой армияга раҳбарлик қилди.

Ҳалеви ортидан Жанубий округ қўмондони Ярон Финкелман ҳам истеъфога чиқишини эълон қилди. У Ғазо секторини ҳимоя қилишда муваффақиятсизликка учраганини таъкидлаб: «Бу муваффақиятсизлик умрбод хотирамда қолади», — деб баёнот берди.

Истеъфолар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги отишмаларни тўхтатиш ва асирларни алмашиш жараёнидан уч кун ўтиб юз берди.

Бу орада Исроил мухолифати раҳбарлари ҳукуматни истеъфога чақиришни янада кучайтиришди. Авигдор Либерман ҳукумат истеъфосини талаб қилди, собиқ бош вазир Яир Лапид эса «Ҳерци Ҳалеви ҳурматга лойиқ. Энди Нетаняҳу ҳукумати истеъфога чиқиши керак», — деб таъкидлади.

АЭХА: Эрон ядровий қурол яратиш остонасида

Эрон юқори даражада бойитилган уран ишлаб чиқаришни етти баробарга ошириб, 200 килограммга етказди. АЭХА раҳбари Рафаэл Гроссининг таъкидлашича, бу миқдор бешта ядровий заряд яратиш учун етарли.

Ушбу ҳолат АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти томонидан Эронга нисбатан янги санкцияларнинг жорий этилиши хавфи фонида содир бўлмоқда. Bloomberg маълумотига кўра, февралда киритилиши мумкин бўлган чекловлар Эронни 30 миллиард долларлик зарарга дучор қилиши кутилмоқда.

Теҳрон музокараларга тайёрлигини билдириб, дипломатик ечим учун ҳали имконият борлигини таъкидлади. Бироқ бунинг учун вақт кам. Жорий йилнинг октябрида 2015 йилдаги ядровий келишув бўйича санкцияларни автоматик «қайтариш» механизмининг амал қилиш муддати тугайди. Агар ушбу қайта механизм ишга туширилса, Эрон ядровий қурол тарқатмаслик шартномасидан чиқиши мумкинлиги билан таҳдид қилди.

Россиянинг Украинага сулҳ шартлари

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинадаги низони юридик жиҳатдан мажбурловчи шартномалар асосида ҳал қилиш мумкинлигини билдирди.

Лавровга кўра, Россия «махсус ҳарбий операция» мақсадларига эришиш ва низо сабабларини бартараф этишга интилади. Бишкекда Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев билан учрашувдан сўнг, у «Европа ва АҚШ ҳам низо сабабларини тушуна бошлагани»ни қайд этди.

Украина президенти Володимир Зеленский эса Украина НАТОга қисман қўшилиши ва ҳарбий ёрдам олиш давом этиши шарти билан тинчлик музокараларига тайёрлигини билдирган. У Киевнинг Қрим яримороли, Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя областларидан воз кечмаслигини таъкидлаб, бу ҳудудларни дипломатик йўллар билан қайтаришга интилишини айтган.

Владимир Путин низо Украина НАТОга қўшилишга интилиши сабабли келиб чиққанини такрорлаб келади. У Украина қўшинларини Донбасс, Херсон ва Запорижжя областларидан чиқариш, бу ҳудудларнинг Россияга тегишлилигини тан олиш ва Киевнинг НАТОга аъзо бўлиш режасидан воз кечиши тинчлик музокаралари учун асосий шартлар эканини айтади.

Зеленский бу шартларни ултиматум деб атаб, рад этган.

Украина ўз армиясини қисқартирмайди

Украина президенти Володимир Зеленский Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида чиқиш қила туриб, Россиянинг украин армиясини беш баробарга қисқартириш талаби мутлақо рад этилишини маълум қилди. Ушбу талаб Москва билан эҳтимолий музокараларда асосий масалалардан бири бўлишини таъкидлади.

«Агар биз 800 мингдан ортиқ аскардан иборат армия ярата олган бўлсак, бу Европа билан биргаликда нафақат ўзини ҳимоя қила оладиган, балки Путинга қаршилик кўрсата оладиган кучдир. Россиянинг энг тез йўли — бизга босим ўтказиб, НАТОга қўшилмаслигимиз учун ҳаракат қилиш ва армиямизни беш баробарга қисқартиришга мажбур қилишдир», — деди Зеленский.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, 2022 йилда очилган уруш бошида Россия Украинага 200 минг аскар киритган бўлса, ҳозир бу рақам 608 мингга етган. Зеленский хавфсизлик кафолатларисиз Россия ўз қўшинларини янада кучайтиб, Қрим оккупациясига ўхшаш тарзда бошқа давлатларга таҳдид солиши мумкинлигини таъкидлади.

Россия 2022 йил март ойида Украина армиясини 50 минггача қисқартириш ва ҳарбий салоҳиятни чеклашни ўз ичига олган тинчлик шартномаси таклифини киритган. Бунда Украинага фақат 4 та ҳарбий кемалар, 55 та вертолётлар ва 300 та танкларни қолдириш таклиф қилинган эди.

Зеленский: «НАТО тинчликпарварлари керак»

Украина президенти Володимир Зеленский Давосда Россия ҳужумларининг олдини олиш учун НАТОдан камида 200 минг тинчликпарварларни жойлаштиришни талаб қилди.

Зеленскийнинг бу чиқиши АҚШ президенти Доналд Трампнинг лавозимга қайтганидан сўнг янгради. Трамп Украинадаги урушни 24 соат ичида тугатишга ваъда берган, бироқ ҳанузгача бунинг аниқ воситалари ҳақида маълумот бермаган.

Зеленский Европанинг хавфсизлигини таъминлашда қитъа давлатларини фаолроқ ҳаракат қилишга чақирди. Айни пайтда Европада тинчликпарварлар контингентини жалб қилиш ғояси фаол муҳокама қилинмоқда.

Зеленский: «200 минг тинчликпарвар аскар бу минимал талабдир. Бундан камроғи етарли бўлмайди», — дея таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Россия қуролли кучлари сони 1,5 миллион аскарга етган, Украина армияси эса уларнинг ярмини ташкил қилади.

Шунингдек, Зеленский Трамп билан учрашув устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. Учрашувнинг аниқ санаси ҳозирча маълум эмас.

Трамп: «Мен рус халқини севаман»

Зеленский Трампдан нажот кутиб турган бир паллада АҚШга яна раҳбарликни бошлаган Доналд Трамп Россия ва рус халқига севги изҳор қилиш билан банд. Бироқ уларга нисбатан ҳурматига қарамай, агар Украинада урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришилмаса, Россияга нисбатан янги санкциялар ва бож тарифлари жорий қилишга мажбур бўлишини маълум қилди.

«Мен Россияга оғриқли зарар етказишни истамайман. Мен рус халқини севаман ва президент Путин билан ҳар доим жуда яхши муносабатда бўлганман», — деди Трамп.

У, шунингдек, яқин вақтда урушни тўхтатиш бўйича «битим» тузиш зарурлигини таъкидлаб, агар бунга эришилмаса, Россиянинг АҚШ ва унинг шерикларига сотадиган барча маҳсулотларига юқори солиқлар, тарифлар ва санкциялар жорий қилишдан бошқа чора қолмаслигини маълум қилди ва «бу уруш мен президент бўлганимда умуман бошланмаган бўлар эди», — деб қўшимча қилди.

Шунингдек, Трамп Россиянинг нацистлар Германияси устидан қозонилган ғалабадаги ҳиссасини эслатиб ўтди:

«Биз Совет Иттифоқи Иккинчи жаҳон урушини ютишимиздаги ёрдами ва бу жараёнда 60 миллионга яқин одамни йўқотганини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Мен иқтисодиёти инқирозга юз тутган Россияга ва унинг президенти Путинга катта ёрдам кўрсатиш ниятидаман. Ҳозир келишувга эришинг ва бу бемаъни урушни тугатинг! Уруш борган сари ёмонлашаверади», деган Трамп.

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди